Газ бозоридаги монополияни бекор қилиш оқибатларини таҳлил қилиш ва уни етказиб беришда бозор механизмларини ишлаб чиқиш

Газ бозоридаги монополияни бекор қилиш оқибатларини таҳлил қилиш ва уни етказиб беришда бозор механизмларини ишлаб чиқиш

Газ саноати Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари транспорт, электр-энергияси, металлургия, кимё саноати, қурилиш ва бошқа бир қатор тармоқлар ривожланиши учун энг асосий хом-ашё вазифасини бажаради.

2020-2025 йилларга мўлжалланган прогноз даврида Ўзбекистон нефт ва газ бозорининг йиллик ўсиш суръати 2,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Бозорда талаб ортишига асосий омил - бу аҳоли ва саноат корхоналари томонидан табиий газга бўлган талабнинг ортишидадир. Ўзбекистон табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда 11 ўринда ва табиий газ резервлари бўйича 14 ўринда туради.

Ўзбекистон табиий газ бозорида сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар

Ҳукумат янги таърифларни белгилаш ва хусусий секторни газ бозорда қатнашишини таъминлаган ҳолда мамлакатда табиий газ монополиясини тугатиш чораларни кўрмоқда. Таъкидлаш жоизки, нархларни эркинлаштириш ҳозирги тизимдаги муаммоларни ечимини топишда ва бозор иқтисодиётига асосланган механизмларни илгари суришда асосий восита ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати бир неча йиллардан буён табиий газ бозорида босқичма-босқич ислоҳотларни амалга оширишни бошлаган.

1лова. Турли истеъмолчилар учун газ нархларининг ўзгариши динамикаси

2018 йилда Ўзбекистонда биринчи марта нархларни эркинлаштириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилди ва турли истеъмолчилар гуруҳи учун табиий газ нархларининг дифференциал ставкаларини қўллаш тартиби ишлаб чиқилди. Масалан, саноат тармоқлари ва автомобилларга газ қуйиш шохобчалари учун сотиладиган табиий газ нархи ҳар куб метрга 3,8 марта ошди ва нархлар 263 сўмдан 1000 сўмгача кўтарилди.

Уй хўжаликлари томонидан тўланадиган нархлар 14 фоизга ўсди. Бироқ ушбу берилган муддатда нархларнинг ўсиши умумий табиий газга бўлган талабни камайтирмади.

Ислоҳатлар натижасида сўнги беш йил давомида табиий газ билан мунтазам таъминланган аҳоли сони ортиб бормоқда. 2017 йилда 3,2 млн. хонадонлар табиий газ билан таъминланган бўлса, 2020 йилда 3,5 млн. га етди.

"Аҳолини ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Президентнинг 4388-сонли қарори билан "Ўзтрансгаз" OАЖ негизида иккита мустақил тизим - "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ташкил этилди.

"Ўзтрансгаз" АЖ қуйидагилар учун масъул:

- Табиий газни олди сотди қилиш бўйича ягона оператор сифатида табиий газни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш қувватларидан сотиб олади ва табиий газ билан боғлиқ ташқи савдони амалга ошириш.

- Шунингдек, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ билан комиссия шартномалари асосида газ тақсимлаш тармоғига уланган истеъмолчиларга сотиш;

- "Ҳудудгазтаъминот" АЖ эса суюлтирилган газни сотиб олиш, етказиб бериш, сақлаш ва аҳоли ва ижтимоий объектларга сотишни таъминлашга жавобгар.

Ушбу газ бозоридаги ислоҳотлар натижасида табиий газни тарқатиш қатнашчилари таркиби сезиларли даражада ўзгармоқда. "Ҳудудгазтаъминот" АЖ томонидан газ тақсимлаш улуши 2016 йилдан бери ўсиб келмоқда ва 2020 йилда мамлакатдаги газ тақсимотининг 51 фоизини ташкил этди. "Ўзтрансгаз" эса иссиқлик электр станциялари (98%) ва кимё саноати (93%) каби йирик, стратегик аҳамиятга эга бўлган саноат корхоналарига газ етказиб бериш билан шуғулланади. "Ўзтрансгаз" АЖ томонидан табиий газнинг умумий техник йўқотишлари ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари мамлакатда бир йил мобайнида йўқотилган табиий газнинг 78% ни ташкил этади. Ушбу йўқотишларнинг 22% эса "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ҳиссасига тўғри келади ва бу кўрсаткич "Ҳудудгазтаъминот" АЖ учун тақсимотнинг юқори самарадорлигини кўрсатиб турибди.

Бундан ташқари, ПҚ-4388 кўра 2025 йилгача инвесторларни "Ўзбекнефтгаз" ва "Ўзтрансгаз" компанияларига ички ва халқаро фонд бозорларида бирламчи ва иккиламчи оммавий таклифлар (Initial Public Offering) орқали жалб қилишни, шу билан бирга устав капиталидаги давлат улушини камида 51% сақлаб қолишни назарда тутади. Натижада газ қазиб олишни 2021 йилда 41,1 млрд км га ва 2024 йилда 42,3 млрд км га етказиш, шунингдек, геологик разведка ва қазиб олиш учун сармояларни жалб қилиш 2020 йилгача камида 1,2 млрд АҚШ долларини ва 2024 йилга келиб 1,8 млрд АҚШ долларини ташкил қилиши кутилмоқда.

Республикада табиий газ бозорига оид кўплаб муаммо - камчиликлар мавжуд ва уларнинг катта қисми босқичма босқич самарали ҳал қилинмоқда:

- Марказий Oсиё ва бошқа мамлакатлар билан таққослаганда табиий газ нархларининг пастлиги табиий газдан самарасиз фойдаланишга асосий сабабидир.

- Уй хўжаликлари ва саноат тармоқларини табиий газ билан тўлиқ таъминланмаганлиги.

- Эскирган инфратузилма

- Мамлакатда юқори энергия интенсивлиги.

Афсуски, самарасиз бошқарув ва эскирган инфратузилма ва замонавий технологияларга сармояларнинг етишмаслиги туфайли газ саноатининг салоҳияти республикада тўлиқ ривожлантирилмаган. Геология, нефт ва газ конларини қидириш институтининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг 63,1% нефт ва газ қазиб олиш имкониятларига эга.

Аҳолини ва саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида газ нархлари узоқ йиллар давомида экспорт бозоридаги нархларга нисбатан паст нархларда ушлаб келинганлиги аҳоли ва саноат корхоналари томонидан табиий газни самарасиз фойдаланишига сабаб бўлди. Бундан ташқари газ нархларининг паст баҳоланган таърифлари инвесторларнинг ҳам қизиқишини сезиларли равишда пасайтирган. Инвестицияларнинг етишмаслиги ва эскирган инфраструктура эса истеъмолчиларнинг табиий газ билан таъминланганлик даражасига ҳам салбий таъсир қилган. Газ тақчиллиги ҳолатида амалга оширилган экспорт эса, мамлакатдаги газ нархлари ва экспорт нархлари ўртасидаги тафовутни пасайтириш учун механизми сифатида фойдаланилган. Табиий газнинг 3/4 қисми ички бозорга паст нархларда сотилганини инобатга олсак, табиий газ инфраструктураси молиялаштирилмасдан қолган эди.

Республикада қиш мавсумида совуқ ҳаво натижасида табиий газга талаб деярли икки баробарга ортади.Табиий газ истеъмолидаги ўзгаришлар циклик хусусиятга эга. Яъни, республикада қиш ойларида ўртача 4,5 млрд. куб метр (мкм) табиий газ истеъмол қилинса, ёз мавсумида эса ўртача ойига 2,4 мкм табиий газ аҳоли ва корхоналар истеъмоли учун етарли бўлади. Ёзда табиий газга бўлган талабнинг пасайиши табиий газни махсус омборларида сақлаш ва талаб ошганда узлуксиз газни етказиб беришни таъминлаш имкониятини яратади. Шунга қарамай, мамлакатда газни сақлаш учун етарлича махсус ер ости омборлар ташкил этилмаган.

Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини модернизация қилиш газ бозорининг ривожи учун жуда муҳим - мамлакатдаги 13 000 км узунликдаги магистрал газ қувурларининг ярмидан кўпи 30 ёшдан ошган ва газ компрессор агрегатларининг 58 фоизини алмаштириш вақти келган. Табиий газни ташиш ва сақлаш билан боғлиқ мавжуд инфратузилма табиий газни истеъмолчиларга йўқотишларсиз етказиб беришда муҳим рол ўйнайди.

Иссиқлик электр станциялари (ИЭС) ишлаб чиқаришда тахминан 93,5% табиий газни хом ашё сифатида ишлатади ва бу 2019 йилда жами газ истеъмолининг 30% ИЭСлар ҳиссасига тўғри келган. Муқобил энергия манбаларининг чекланганлиги ва мавжуд ИЭСларнинг катта қисми, тахминан 40% эскирганлиги туфайли табиий газ ресурсларининг катта қисми йўқотилмоқда.

Ўзбекистонда табиий газ бозорига оид кўрсаткичлар

2016-2020 йилларда Ўзбекистон табиий газ ишлаб чиқариш миқдори ўртача ҳар йили 8,1 фоизга ўсди. Бироқ, Ўзбекнефтгаз таркибига кирувчи корхоналар томонидан табиий газ ишлаб чиқариш миқдори камайиш тенденциясига эга. 2008-2018 йилларда тасдиқланган табиий газ захиралари 4 фоизга қисқарган.

Табиий газнинг умумий истеъмоли 2020 йилда 54,1 млрд. куб метрни ташкил этди ва ушбу кўрсаткич экспорт қилинган ва омборларга йиғилган табиий газни ҳам ўз ичига олади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш 2020 йилда иқтисодиётга етказиб берилган табиий газнинг тахминан 25% ни истеъмол қилди.

2-Илова. 2016-2021 йилларда истеъмолчилар кесимида етказиб берилган табиий газнинг улуши динамикаси

Уй хўжаликлари табиий газни истеъмол қилиш ҳажми бўйича иккинчи ўринни эгаллади ва 2020 йилда уй хўжаликларининг табиий газга бўлган талаби умумий газ истеъмолида 19% дан ошди. Аҳоли сонининг ошиши ва қўшимча уй-жой биноларнинг барпо этилиши туфайли 2020 йилда табиий газга бўлган талаб 2016 йилдагига нисбатан 32% га ўсди.

Экспорт бозори ҳам Ўзбекистонда табиий газнинг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Сўнгги 5 йил ичида табиий газнинг 20 фоизга яқини 2020 йилни ҳисобга олмаганда экспорт қилинган. 2020 йилда табиий газнинг атиги 5,7 фоизи бошқа мамлакатларга экспорт қилинган. Табиий газнинг умумий экспорти 2019 йилда 12,2 миллиард куб метрни, 2020 йилда эса 3,5 миллиард куб. метр.ни ташкил этган. Ўзбекистон 2025 йилгача табиий газ экспортини тўхтатишни ва ички бозорни тўлиқ газ билан узлуксиз тўлиқ равишда таъминлашни ва қўшилган қиймати юқори бўлган газ қатнашувчи маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштирилмоқда.

Табиий газ бозорига, айниқса, газни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш объектларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори кўпаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2016 йилдагига нисбатан 2020 йилда 31 фоизга ўсди ва бу кўрсаткич 2016 йилда 16,2 млрд. доллардан 2020 йилда 21,2 млрд. долларга етди.

Табиий газ бозорини эркинлаштириш даражаси бешта асосий хусусиятни ўз ичига олади:

- Газ бозорида фарқланиш - бу газ саноатининг рақобатбардош тармоқларини (одатда ишлаб чиқариш, импорт, улгуржи ва чакана савдо) табиий монополиядан ажратиш. Яъни табиий газни ишлаб чиқариш, ташиш ва тақсимлаш фаолиятини бир биридан ажратиш ва хусусий секторни ушбу фаолиятга жалб қилиш.

- Бозорга киришни эркинлаштириш - бу узатувчи ёки тарқатувчи тармоқларни, суюлтирилган табиий газни (СТГ) импорт қилиш ва қайта газлаштириш терминалларини ва бошқа тегишли инфратузилмани хусусий тадбиркорлар учун очиш.

- Бозорга киришдаги тўсиқларни олиб ташлаш: - рақобатни рағбатлантириш.

- Нархларни эркинлаштириш: - чакана савдо мижозлари учун нархларни белгилаш механизми сифатида давлат томонидан тартибга солинишни бекор қилиш.

- Хусусийлаштириш: эгалик ҳуқуқини давлат акциядорларидан хусусий акциядорларга ўтказиш.

Шуни таъкидлаш керакки, иқтисодий ислоҳотлар мураккаб ҳуқуқий, сиёсий ва иқтисодий жараён бўлиб, узоқ вақт давомида катта сиёсий мажбуриятларни талаб қилади. Ўзбекистонда газ бозорини эркинлаштириш жараёни юқорида саналган 5 хусусиятдан 4 таси амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотларининг яна бир йўналиши – Ўй хўжаликларининг газ истеъмол қилиш самарадорлигини оширишдир. Мамлакатдаги табиий газ истеъмоли иқлим шароитлари ўхшаш бўлган бошқа мамлакатлар билан таққосланганда Ўзбекистонда энергия истеъмолидаги уй хўжаликларининг улуши, асосан табиий газ умумий энергия манбаларининг 25 фоизини ташкил этади. Ривожланган мамлакатлар билан таққослаганда ушбу кўрсаткич анча юқори. Масалан, Финляндия 14,9%, Швейцария 21,5% ва АҚШ 11,5%.

Хулоса

Табиий газ нархларининг пастлиги ва газни тежаб ишлатишга қаратилган чора тадбирларнинг чекланганлиги натижасида Ўзбекистоннинг энергия интенсивлиги, ҳатто ривожланиш даражасига кўра қаралганда ҳам дунё бўйича юқори кўрсаткичга эга мамлакат ҳисобланади. Ушбу кўрсаткич 2010 йилда, Хитойга нисбатан 2,3 баравар, Туркияга нисбатан 6,6 марта ва Германияга нисбатан 11,4 марта юқори бўлган.

Табиий газ бозорини янада ривожлантириш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш чуқур илмий асосланган реформалар қилишни талаб қилади. Буни ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар тажрибасидан кўриш мумкин. Мисол учун, Хитой, Мексика,Туркия ва Европа мамлакатларида табиий газ нархлари қисман ёки тўлиқ эркинлаштирган ва газ бозорининг деярли барча қатламида хусусий сектор улушини ошириш ва рақобат муҳитини яратиш орқали табиий газни ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда юқори самарадорликка эришишга асос бўлган. Табиий газдан самарали фойдаланиш орқали биргина уй хўжалиги истеъмолидан яна 9,2 млрд. куб.метр. табиий газни тежашга имкон беради. Демак, бир йил ичида ҳозирги газ истеъмолини уй хўжаликлари икки йил давомида ишлатиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, электр энергиясини ишлаб чиқариш тизимини модернизация қилиш ва муқобил энергия манбаларини ривожлантириш ҳисобига мамлакатда табиий газга бўлган талабни сезиларли пасайтириш мумкин.

Қилинган таҳлилларга ва ривожланган мамлакатлар тажрибасига асосланиб қуйидаги тавсиялар ишлаб чиқилди:

  • Табиий газ истеъмолида самарадорликни оширишга қаратилган инновацияларни иқтисодий рағбатлантириш;
  • Табиий газ истеъмолида самарадорликни оширишга қаратилган уй хўжаликларининг инвестицияларни молиялаштириш учун имтиёзли кредитлаш тизимини жорий этиш;
  • Табиий газни ишлаб чиқариш, ташиш ва тақсимлашда хусусий секторнинг ролини янада ошириш ва улар ўртасида рақобат муҳитини яратиш.
  • Табиий газдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида истеъмолчилар учун квота тизимини жорий қилиш.

Абдурашид Бозоров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар