Жорий йилнинг 5 июнь куни Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида (Марказ) Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) «Ердан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида иқлим амбицияларини ошириш (SCALA)» лойиҳасининг илк натижаларига бағишланган масъул вазирлик ва идоралар иштирокидаги учрашув бўлиб ўтди.
Тадқиқот маълумотларига кўра, Қорақалпоғистон мамлакатда иқлим ўзгаришларининг оқибатларига энг сезгир ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ушбу минтақада ўртача ҳарорат ҳар 10 йилда тахминан 0,29°C гача ошиб бормоқда. Бугунги кунда ёз фаслидаги энг юқори ҳарорат +50°C гача, қишда эса -30°C гача ва ундан паст ҳароратлар кузатилмоқда. Бундан ташқари ер майдонларининг тахминан 90%га яқин қисми юқори ва ўрта даражада шўрланган, сув танқислиги ва иқлим ўзгариши эса қишлоқ хўжалигининг маҳсулдорлигини сезиларли даражада камайтиради.
Амударё дарёсининг сув захираларининг камайишига доир прогностик хулосалар алоҳида хавотир уйғотмоқда. Бундай вазият ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатиши баробарида, фермер хўжаликларининг харажатларини ҳам оширишга сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар сувни тежайдиган ва “ақлли” агротехнологияларни жорий этиш, ҳамда барқарорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалиги экинларига босқичма-босқич ўтиш зарурлигини алоҳида таъкидлашди. Ҳудуднинг иқлимий ўзгаришларга нисбатан юқори даражадаги заифлигини инобатга олган ҳолда, SCALA лойиҳаси Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш йўлида муҳим восита сифатида баҳоланмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда олиб борилган тадқиқот доирасида учта асосий йўналиш кўриб чиқилди.
Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш имкониятлари таҳлили мош, кунжут ва полиз маҳсулотлари (қовун, қовоқ) каби экинлар юқори салоҳиятга эга эканини кўрсатди. Ушбу экинларнинг ҳосилдорлик кўрсаткичлари, бозор нархлари, қайта ишлаш даражаси ва экспорт имкониятлари ўрганилди. Бу эса сув ресурсларини кўп талаб қилувчи анъанавий экинларга боғлиқликни камайтириш имконини беради.
1000 дан ортиқ фермер хўжаликлари ўртасида ўтказилган сўровнома иқлим ўзгаришларининг амалий оқибатларини аниқлаш имконини берди. Жумладан, ҳароратнинг ошиши, сув танқислиги ва тупроқларнинг деградацияси каби ҳолатлар қайд этилди. Шунингдек, мослашувчан агротехникавий усулларни қўллаш самарадорлиги ҳам баҳоланди.
Қўшимча қиймат занжирларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашнинг ҳозирги даражаси, кредитлаш имкониятлари ҳамда экспортга чиқишдаги мавжуд тўсиқлар таҳлил қилинди. Маҳаллий ҳокимликлар ва молия сектори вакиллари билан ўтказилган муҳокамалар инвестиция киритиш учун устувор йўналишлар ва ўсиш нуқталарини аниқлашга ёрдам берди.
Тадқиқот натижалари Қорақалпоғистон аграр секторида барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган кейинги чора-тадбирлар учун, айниқса иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда, мустаҳкам илмий асос бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш