ДСҚ электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини яратади

ДСҚ электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини яратади

"Электрон тижорат маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида" Президент фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Шунга қарамай, мазкур соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд, хусусан:

биринчидан, битимларни, шунингдек, уларни рақамли маконда амалга оширувчи шахсларни ҳисобга олиш ва мониторинг қилишнинг самарали механизми мавжуд эмас;

иккинчидан, электрон тижорат иштирокчиларини идентификациялаш бўйича инструментларнинг такомиллашмаганлиги;

учинчидан, электрон тижорат орқали товарларни (хизматларни) сотиб олувчи истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинмаганлиги;

тўртинчидан, электрон тижоратнинг норасмий сектори ривожланиши оқибатида солиқ базасининг яширилиши;

Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ва солиқ тушумларини оширишга йўналтирилган электрон тижорат маъмуриятчилигининг замонавий моделини яратиш мақсадида:

2021 йил 1 апрелдан бошлаб:

a) товарлар (хизматлар) билан электрон савдони амалга оширувчи (электрон шаклда хизматларни амалга оширувчи чет эл юридик шахслар бундан мустасно), кейинчалик уларга товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси амалга ошириладиган интернет тармоғида, шу жумладан, ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда мажбурий жойлаштириш учун махсус рақамли коддан фойдаланадиган хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолиятининг бошланиши ҳақида солиқ органларини хабардор қилиш тартиби жорий этилади;

б) товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси:

товар-моддий бойликларни олиш учун электрон шартномалар, товар-транспорт юк хатлари ва ишончномаларни расмийлаштириш, шунингдек, онлайн режимда давлат солиқ хизмати органларига электрон тижорат доирасида ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни ўтказиш функцияси мавжуд бўлган виртуал кассалардан фойдаланиш;

сотувчи ва юк ташувчилар томонидан товар-кузатув ҳужжатларини (ҳисобварақ-фактуралар (инвойс), юк хати ва бошқа ҳужжатларни) “Юк ташиш мониторинги” ахборот платформасида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади.

2. Товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси бўйича фаолиятни бошлаш тўғрисида қуйидаги тартибда солиқ органлари хабардор қилинади:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда амалга оширилади;

янги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилади.

3. Электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини юритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2021 йил 1 сентябрга қадар электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрини модернизация қилишни амалга оширади ва унинг негизида товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни таъминловчи “E-trade” электрон тижоратни бошқариш бўйича ягона ахборот платформаси (кейиинги ўринларда - Ягона платформа) яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ягона платформанинг ишлашини таъминлаш бўйича ваколатли орган ва ягона оператор этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

2021 йил 1 сентябрга қадар харидлар, ҳисоб-китоблар ва электрон чеклар тарихини сақлаш имкониятини берувчи Ягона платформада харидорларнинг шахсий кабинетини яратишни таъминлайди;

Ягона платформа маълумотларининг махфийлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрилади;

икки ой муддатда товарлар (хизматлар) электрон савдоси билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ мажбуриятларини бажариш жараёнини автоматлаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.

Белгилаб қўйилсинки:

электрон тижорат иштирокчилари, тўлов тизимлари томонидан Ягона платформадан фойдаланиш, шу жумладан, товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича рекламани жойлаштириш бепул тарзда амалга оширилади;

Ягона платформадан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ сири ҳисобланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси икки ой муддатда товарлар (хизматлар) электрон савдосини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетида ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида солиқ органларини хабардор қилиш бўйича хизматни яратишни таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда бир ой муддатда:

идоралараро ахборот алмашинуви доирасида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш автоматлаштирилган тизими орқали товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдосини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятини бошлаганлиги тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига товарлар (хизматлар) электрон савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божини бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритсин.

5. Белгилаб қўйилсинки,

Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда реализацияни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйишни 2021 йил 1 апрелга қадар амалга оширганда ҳисобга қўйиш муддатларини бузилганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади;

2023 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини бошлаганлиги тўғрисида белгиланган тартибда солиқ органларини хабардор қилган хўжалик юритувчи субъектлар учун товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдосини амалга ошириш натижасида олинган даромад ёки фойда бўйича айланмадан олинадиган солиқ ва фойда солиғининг ставкалари, улар товарларнинг (хизматларнинг) электрон савдоси билан шуғулланадиган Электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган киритилмаганлигидан қатъий назар, 50 фоизга пасайтирилади.

6. 2023 йил 1 январгача бўлган муддатга товарлар (хизматлар) электрон савдоси билан шуғулланувчи ва ўттиз ёшгача бўлган битта жисмоний шахс томонидан рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига солиқ органларини хабардор қилган ҳолда қуйидаги солиқларни фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилсин:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича - уларни кейинчалик 24 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;

ижтимоий солиқ ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича - уни кейинчалик 24 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ органларига солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шу жумладан, товарлар (хизматлар) электрон савдосини солиқ органларини хабардор қилмасдан, шунингдек, Интернет тармоғида махсус рақамли коддан фойдаланмасдан амалга оширувчи шахслар тўғрисида хабар берувчи шахсларни рағбатлантириш бўйича чораларни кўрсин.

Муҳокама 2021 йил 7 мартга қадар давом этади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар