– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда? Вазифангиз моҳиятини қандай тушунасиз?
– Ушбу вазифада уч йилдан бери фаолият юритиб келяпман. Ўзим ҳам шу ерда туғилиб ўсганман. Ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланишимдан олдин 10 йил давомида фермерлик қилганман. Кейин 5 йил тадбиркорликда ўзимни синаб кўрдим. Ҳоким ёрдамчилигига тадбиркорликдан ўтганман. Мазкур вазифада ишлаган даврда тўплаган тажриба ва кўникмалар ҳозирги фаолиятим учун ҳам жуда қўл келмоқда. Чунки маҳалла фуқароларининг барча муаммолари билан яқиндан танишман. Асосий вазифаларимиз қаторига маҳалладаги ҳар бир хонадонни чуқур ўрганиб чиқиш, тоифаларга ажратиб олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва субсидиялар ажратиш кабилар киради.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфратузилма объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– Маҳалламизда жами 1155 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 6450 нафар киши истиқомат қилади. “Қуёш” маҳалласи Сирдарё тумани марказидан 8 километр узоқликда жойлашган. Ҳудудда 2 та қишлоқ врачлик пункти, 3 та умумтаълим мактаби, 1 та давлат мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, 2 та нодавлат болалар боғчаси, 50 ўринли хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Маҳалламиздаги инфратузилма аҳоли талабларига тўлиқ жавоб беради, деб айтиш мумкин. Аҳолининг кўпчилик қисми томорқасида деҳқончилик билан шуғулланади.
“Қуёш” маҳалласидан 4 километр масофада ойна заводи фаолият юритади. Корхона Германия билан ҳамкорликда ташкил этилган. Айни пайтда бу ерда 230 га яқин фуқаро доимий иш билан таъминланган.
– Ўтказилган сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди?
– Иш фаолиятимни 2022 йил январь ойида бошлаган бўлсам, авваламбор, маҳалладаги барча хонадонлар хатловдан ўтказилди, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, бандлик даражаси, ишсизлар сони, талаб ва эҳтиёжлари ўрганиб чиқилди. Кейинги босқичда шу маълумотлар асосида маҳалладаги хонадонлар иқтисодиётини ривожлантириш бўйича режа тузилиб, мақсадлар белгиланди. Ҳудуддаги имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, маҳалланинг асосий ривожланиш драйвери этиб, иссиқхоначилик (помидор, бодринг, булғор қалампири етиштириш), кўчатчилик ва лимончилик кабилар белгиланди. Маҳаллада иш бошлаган пайтимиз 300 дан зиёд хонадоннинг томорқасида иссиқхона мавжуд эди. 2024 йил охирига келиб, уларнинг сони жами 970 тага етди.
2022 йил январда ўтказилган хатловда маҳаллада 380 нафар ишсиз фуқаро аниқланган бўлса, ҳозирги кунга келиб, ўша рўйхатдан фақат 8 киши қолди. Лекин улар ҳам бекор ўтиргани йўқ, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида томорқасида деҳқончилик билан шуғулланиб келмоқда. Уларга лизинг асосида мотокультиватор ва мини тракторлар олиб берилган.
– Сиз масъул бўлган маҳаллада сабзавотчилик бўйича “Бир маҳалла – бир маҳсулот” лойиҳаси доирасида яхши натижаларга эришилгани эътироф этилди. Бу йўналишда маҳаллада қилинган ишлар ҳақида батафсилроқ гапириб берсангиз.
– Бу йўналишдаги ишларни 2022 йилдаёқ бошлаб юборган эдик, шу сабабли бугунги кунда салмоқли натижаларга эришилди. Ўша пайтлар ҳудудда экспортбоп маҳсулотлар деярли экилмаган, олинган ҳосил фақат маҳаллий бозорларга чиқарилган. Маҳалламиз деҳқонлари билан гапни бир жойга қўйиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида Исроил ва Голландиядан ҳосилдор уруғларни олиб келдик. Бундан кўзланган мақсад вақтинча ишсиз бўлган фуқароларнинг бандлигини таъминлаб, аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланиш, чорва ва паррандачиликни ривожлантириш, оила бюджетини яхшилаш ва пировардида камбағалликни қисқартириш эди. Ҳамма деҳқонлар билан бир турдаги маҳсулотлар (помидор, бодринг ва булғор қалампири) етиштириш ва марказлашган ҳолда экспортга чиқаришга келишиб олдик. Ишлар шундан бошланди. Тайёргарлик ишлари доирасида аҳоли хонадонларида томорқадан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ўқув курслари ҳам ташкил этилди ва у маҳалладаги ўз ўзини банд этган деҳқонлар учун фойдали бўлди. Курс тингловчиларига хонадонларни кооперация усулида бириктириш ва етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда реализация қилиш, томорқалардан самарали фойдаланиш, субсидия, банк хизматлари ва имтиёзли кредитлар ажратиш тартиблари тўғрисида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек, “Қуёш” маҳалласида “Томорқа хизмати” корхонаси ташкил этилди. У маҳалла деҳқонларига хизмат кўрсатади. Масалан, деҳқонлар бу ердан мини мотоблок, мини трактор, иссиқхонага ишлов берадиган турли хил асбоб-ускуналарни ижарага олишлари мумкин. Бу ҳам кам таъминланган, ўз меҳнат қуроллари мавжуд бўлмаган фуқароларимиз учун қулайлик туғдиради. Ижара учун ҳисоб-китобни улар ҳосил йиғиб-териб олинганидан сўнг қилишлари мумкин.
– Маҳалла бўйича нечта хўжаликда бу тамойил асосида иш жорий қилинган? Битта иссиқхонадан ўртача қанча маҳсулот олиняпти? Ўтган йили жами қанча маҳсулот экспорт қилинди?
– “Қуёш” маҳалласининг ўзида ўртача 8 сотихлик битта иссиқхонадан йилига 200 млн сўм даромад олиняпти. 2023 йилда маҳалламиздан жами 35 млрд сўмдан ортиқ сабзавот Россиянинг 2 вилоятига экспорт қилинди. Ҳисоб-китобимиз бўйича, 2024 йилда бу кўрсаткич 45 млрд сўмдан ошди. Масалан, Сирдарё туманининг “Қуёш” маҳалласида истиқомат қилувчи Й.Tурсунов ўз томорқа хўжалигида иссиқхона бизнеси билан муваффақиятли шуғулланиб келмоқда. Бундан кўзланган мақсад фуқароларни томорқадан самарали фойдаланиб, қўшимча даромад манбасини яратишдир.
Эътиборга молик жиҳати, маҳаллада етиштирилган сабзавотлар шу ернинг ўзида қутиларга солиниб, қадоқланади. Маҳалла хонадонларидан бирида шундай хизмат ташкил этилган. Бу орқали маҳаллада яшовчи хотин-қизлар кунлик иш билан таъминланмоқда.
– Маҳаллада лимончилик бўйича ҳам ишлар бошланган экан. Шу ҳақида гапириб берсангиз.
– Ҳа, шундай. Қўшимча равишда лимончиликни ҳам ривожлантириш устида жадал ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ўтган йилда 2 сотих лимонхонадан бир мавсумда 2 тоннадан зиёд лимон сотдик. Килоси 45 минг сўмдан, битта лимондан бир йилда 200 кггача ҳосил олинмоқда. Бу, албатта, хўжаликнинг молиявий ҳолатига ижобий таъсир қилди. Мен маҳалламизга кўпроқ лимончиликни тарғиб қиляпман, чунки иссиқхонада помидор, бодринг ва бошқа сабзавотлар етиштиришдан кўра лимон анча фойдалироқ. Лимончилик сирларини Қўқонга, Данғара туманига бориб, шахсан ўрганиб келдим.
Бу йил баҳорда Фарғонадан 300 хонадон учун лимон кўчатларини олиб келиб тарқатиш, уни иссиқхоналарда етиштиришни йўлга қўйиш, деҳқонларга лимончилик сир-асрорларини тўлиқ ўргатишни режалаштириб турибмиз. Бунда бизга данғаралик фермерлар ҳам кўмак беришади. Бунинг учун барча имкониятларимиз мавжуд.
Мисол келтирадиган бўлсам, маҳаллада истиқомат қилувчи деҳқонлардан бири Эркин Нишонов ҳоким ёрдамчиси орқали кредит олиб, иссиқхона қурди. Маҳалла масъуллари қурилишнинг ҳамма жараёнларида ёрдам беришди. Буюртма асосида кўчат етиштиришни йўлга қўйдик. Бу ердан 100 млн сўмдан ортиқ даромад оляпмиз. Кўчатлар етказиб берилгач, ерга помидор-бодринг экамиз. Шунда йиллик даромадимиз 200 млн сўмдан ошади. Фақат ўтган йилнинг ўзида маҳалладаги 25 нафар фуқарога тадбиркорликни бошлаши учун кредитлар ажратилди. Маҳалладаги ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони жами 1185 нафарга етди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Камбағалликни келтириб чиқарувчи сабаблар маҳалланинг жойлашувидан келиб чиқиб, турлича бўлиши мумкин. Аммо умумий жиҳатлари ҳам мавжуд. Хусусан, тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кўпчилик фуқароларда боқимондачилик кайфияти кучли, кишиларнинг бир қисми ўз муаммоларини бошқалар ҳал қилиб бериши керак, деган нотўғри фикрда. Бундан ташқари, дангасалик ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Бу эса, ўз навбатида, мавжуд имкониятлардан етарлича фойдаланмасликка олиб келади. Масалан, айрим оилаларда ҳамон томорқасидаги еридан ҳам оқилона фойдаланмасдан келмоқда. Бу ҳолатнинг олдини олиш бўйичи тизимли ишларни режа асосида амалга ошириб келяпмиз.
Энди саволнинг иккинчи қисмига келсак, камбағалчиликни тўлиқ бартараф этиш учун қўшимча қилинадиган ишлар ҳам бор. Хусусан, меҳнат қилиш истагида бўлган аҳолига томорқа ер майдонлари ажратиш ишларини давом эттириш зарур. Шунингдек, имкон даражасида йирик завод-фабрикалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолини бу корхоналарга ишга жойлаштириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳақида тушунча бериб, ҳар томонлама ёрдам бериш зарур деб ўйлайман.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Меҳнат мигрантларига ёрдам бериш мақсадида маҳаллада алоҳида хатлов ўтказилди. Ҳозирги кунда маҳаллада яшовчи 18 нафар фуқаро чет элларда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланади. Уларнинг ҳар бири билан алоқага чиқиб, ҳолати ўрганилди. Хорижда ишлаб, даромади етарли бўлмаган фуқароларни ортга қайтариб, ўзимизда иш билан таъминлаш бўйича махсус режа тузиб чиқилди. Агар ватанга қайтсалар, уларга бизнес билан шуғулланишлари, ўз бизнесларини бошлашлари учун зарур молиявий ва бошқа кўмаклар берилиши ҳақида атрофлича тушунтирилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Ҳоким ёрдамчилари самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, улардан тўлиқ фойдаланиб келяпмиз. Шундай бўлса-да, маҳалла иқтисодиётини янада ривожлантириш учун ажратиладиган молиявий ресурслар ҳажмини конкрет ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда янада кўпайтириш лозим деб ҳисоблайман. Шунингдек, тумандаги сектор раҳбарлари таъсирини ҳам камайтириш мақсадга мувофиқ. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада эркинлаштириш ҳам ишимиз самарадорлигини янада оширган бўлар эди.
– Жорий йилнинг 3 февраль куни Президент ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда ҳоким ёрдамчилари ишини “жонлантириш ва янги туртки бериш” вазифаси қўйилди. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳаллангизда қандай ишлар режалаштирилмоқда?
– Ҳақиқатдан ҳам ушбу йиғилишда “маҳалла еттилиги”, шу жумладан, ҳоким ёрдамчилари олдига ҳам янги вазифалар белгиланди. Эндиликда улар томорқада экин-текин ишларини ташкил этиш учун ҳам масъул бўладилар. “Еттилик” сафига маҳалла банкирлари (ҳар тўртта маҳаллага бир нафардан) ҳам қўшилди. Бу ҳам ишимизга кўмак бериши шубҳасиз. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, қишлоқ маҳаллаларидаги томорқаларда ҳали ишлатилмаган имкониятлар жуда кўп, фақат уларни қидириб топиш керак. Излаган имкон топади, деган гап бекорга айтилмаган.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? Эндиликда олдингизга қандай мақсадлар қўйдингиз?
– Келгуси режаларимиз ҳақида айтадиган бўлсак, маҳаллани иқтисодий жиҳатдан янада тараққий топтириш мақсадида маҳаллага туташ фермер хўжалиги ерларидан 30 гектар ерни захирага олиб, уни фуқароларимизга 15 сотихдан аукцион орқали тарқатиш ҳақида таклиф киритганмиз. Бунда ерлар биринчи навбатда “Ижтимоий реестр”, “Аёллар дафтари”да турадиган кам таъминланган оилаларга берилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида, 2025 йил якунига бориб, маҳалла экспорти ҳажмини 60 млрддан оширишни кўзлаб турибмиз. Маҳсулотга талаб бор. Ҳозирнинг ўзида Россиянинг Новосибирск вилоятидан сотиб олиш ҳақида таклиф келиб тушган.
Айтмоқчиманки, эришган натижаларимизнинг бари меҳнатнинг маҳсулидир. Ватанимиз учун фидойи бўлиб тер тўксак, албатта, катта муваффақиятларга эришамиз!
Жамолиддин Турдимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шар" журнали №2/2025
Изоҳ қолдириш