Ички ишлар органларига ҳимоя ордери сўраб 7 мингдан зиёд хотин-қизлар мурожаат қилган

Ички ишлар органларига ҳимоя ордери сўраб 7 мингдан зиёд хотин-қизлар мурожаат қилган

12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташаббуси билан мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминлаш жамиятимизда тинчлик ва иқтисодий барқарорликни сақлашнинг асосий омилларидан биридир. Шуни ҳисобга олган ҳолда “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси тайёрланиб, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан келишилмоқда. Шуниси эътиборлики, мазкур стратегиядаги барча йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги халқ фаровонлигида, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан аёлларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўз интилиш ва қобилиятларини тўлақонли рўёбга чиқара олишлари учун имкониятларни кенгайтириш масаласи давлатимизнинг доимий диққат марказида. Жумладан, давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик, 6 нафар аёл ҳокимлик, 1 нафари элчилик лавозимини эгаллади. Бундан ташқари, 1 500 га яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

2019 йил декабрь ойида Олий Мажлисга ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра, аёл депутатлар сони Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг 32 фоизини, аёл сенаторлар эса Сенат аъзоларининг 25 фоизини, маҳаллий Кенгашларда эса хотин-қизлар улуши 25.6 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон парламенти жаҳондаги 190 та парламент орасида 44-ўринни эгаллади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам давлатимизнинг доимий эътиборида. Хусусан, 2018-2020 йиллар давомида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан оғир турмуш шароитида яшаётган уй-жойга муҳтож 3 878 нафар хотин-қизларнинг бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш учун касб-ҳунар таълими муассасаларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан грантлар ажратиш амалиёти жорий этилди.

Ҳукумат қарори билан хотин-қизлар учун қўшимча грант асосида олий таълим муассасаларига кириш тартиби белгиланди.

Сўнгги йилларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Бу борадаги тегишли қонунга мувофиқ “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида”ги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланди.

Ҳозирги вақтга қадар ички ишлар органларига ҳимоя ордери сўраб 7 мингдан зиёд аёллардан мурожаат келиб тушган бўлиб, 6183 ҳолатда хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди.

Коронавирус пандемияси даврида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Комиссия томонидан “ННТлар бирлашмаси” ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 10 апрелдан бошлаб “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунга қадар “Ишонч телефони” орқали 3 мингга яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 40 фоизи зўравонлик ҳолатлари билан боғлиқ бўлиб, хотин-қизларга психологик ва юридик ёрдам кўрсатилди.

Карантин даврида айрим нотинч оилаларда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Телеграм” ижтимоий тармоғида “Зўравонликка йўл йўқ!” каналининг фаолияти йўлга қўйилди.

Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топа олган, муваффақиятли аёлларнинг ҳаёт тажрибасини оммалаштириш мақсадида www.genkom.uz сайти яратилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар