Импорт ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пуллик бўлди

Импорт ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пуллик бўлди

Экспортга юкланаётган маҳсулотларни лаборатория экспертизасидан ўтказишни тезлаштириш мақсадида, ҳудудий ўсимликлар карантини давлат инспекцияларида 15 та замонавий сайёр (мобил) лабораториялар ташкил этилди.

Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова маълум қилди.

Маълум қилинишича, 1 майдан эътиборан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан мамлакатимизга импорт бўлувчи ҳамда экспорт қилинувчи мева-сабзавот ва ўсимлик маҳсулотларини лаборатория экспертизасидан ўтказиш хизмати расман пуллик этиб белгиланди.

Унга кўра, лаборатория хизматлари нархида ҳар бир намуна учун 88 563 сўм миқдорида тўлов жорий этилиб, ушбу нархга кимёвий реактив ва бир марталик ишлатиладиган маҳсулотлар нархи алоҳида ҳисоблаб қўшилади. Тўлов шартнома асосида амалга оширилади.

Лаборатория таҳлиллари ва экспертизалари ишончлилигини таъминлаш ҳамда республикадаги фитосанитария ҳолатини яхшилаш мақсадида бир қатор ривожланган давлатларнинг фитосанитария соҳасида илғор хорижий тажрибалари жойларда ўрганилиб, бугунги кунда ҳалқаро стандартларга мос келадиган замонавий илғор лаборатория ускуналари ва техник воситалар билан жиҳозланган Марказий карантин лабораторияси ташкил этилди. Шу билан бир қаторда, Марказий карантин лабораторияси жорий йил март ойида халқаро стандартлар асосида аккредитациядан ўтказилди.

Шу билан бир қаторда, Республиканинг 6 та вилоятида (Андижон, Фарғона, Хоразм, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) стационар карантин лаборатория ташкил этилди ва миллий аккредитациядан ўтказилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар