Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари 2017-2022 йилларда амалга оширилган фаол ислоҳотлар жараёнида Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларни таҳлил қилди.
2017-2022 йиллар давомида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 20,7 трлн сўмдан 55,9 трлн сўмга етди ва унинг реал ҳажми 31,6 фоизга ошди. Бу, ўз навбатида, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ ҳажмини 5,8 млн сўмдан 14,2 млн сўмга кўпайишини таъминлади. Ушбу давр мобайнида вилоят аҳолиси сони 9,8 фоизга кўпайиб, 4,0 млн нафарга етди.
Вилоятнинг саноат салоҳиятидан самарали фойдаланиш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,7 трлн сўмдан 30,4 трлн сўмга ёки 29,2 фоизга ошди. Бу, ўз навбатида, вилоят иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга катта ҳисса қўшди. Вилоят ЯҲМнинг таркибида саноат ва қурилиш тармоғининг улиши 23,3 фоиздан 26,3 фоизга ошди.
Шунингдек, замонавий ва маиший хизматларга бўлган талабни тўлиқ қондиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида бозор хизматлари ҳажми сезиларли даражада ортиб, 7,6 трлн сўмдан 21,9 трлн сўмга етди ва 81,3 фоизга кўпайди.
Вилоятда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 24 фоизга ўсган ҳолда, 30,4 трлн. сўмга етди.
Ташқи савдони эркинлаштириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган чоралар натижасида сўнгги 6 йил давомида вилоятнинг экспорти ҳажми 830 млн АҚШ долларига етди ва 1,6 бараварга кўпайди.
Ушбу давр мобайнида вилоятда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар 3,6 млрд доллар инвестициялар ўзлаштириш имконини берди. Натижада, 264 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш мақсадида охирги 6 йил давомида 5,5 км автомобил йўллари, 117 км газ ва 1 715 км ичимлик сув қувурлари тармоғи ишга туширилди.
Янги ижтимоий инфратузилма объектларини барпо килишга алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятда 6 488 минг квадрат метр уй-жой, шунингдек, 18,3 минг мактабгача таълим муассасалари ўринлари, 53,7 минг мактаб ўқув ўринлари, 3,1 минг шифохона ўринлари фойдаланишга топширилди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 2017-2022 йиллар мобайнида инвестиция лойиҳалари амалга ошириш мақсадида жами 3,6 млрд инвестиция маблағлари йўналтирилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш