Инфографика: Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг 2017–2025 йилларда ривожланиши

Инфографика: Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг 2017–2025 йилларда ривожланиши

2017–2025 йилларда Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг энг фаол тармоқларидан бирига айланди. Қурилиш ишлари ҳажми 2017 йилдаги 34,7 трлн сўмдан 2025 йилда 313,9 трлн сўмга етди, яъни қарийб 9 баробар ошди.

Бу ўсиш асосан асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг кенгайиши, уй-жой ва инфратузилма дастурлари, хорижий инвестициялар иштироки ҳамда хусусий сектор фаоллигининг ортиши билан боғлиқ.

а) 2025 йилда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 591,1 трлн сўм асосий капиталга инвестициялар ўзлаштирилди. Бу 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга кўп бўлиб, сўнгги беш йилда инвестициялар ҳажми (236,6 трлн сўм) 2,5 баробарга ўсди.

Инвестицияларнинг технологик таркиби қурилиш ишлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, 2025 йилда қурилиш-монтаж ишларига 282,5 трлн сўм ёки жами инвестицияларнинг 47,8 фоизи, машина, ускуна ва инвентарларга 238,5 трлн сўм ёки 40,3 фоизи йўналтирилди.

Инвестиция фаоллиги нафақат бинолар барпо этиш, балки янги ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик модернизацияни ҳам таъминлади.

Шунингдек, соҳада ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2017 йилда 279 млн доллар бўлган бўлса, 2024 йилда 3,2 млрд долларга етди. Йиллик инвестициялар ҳажми саккиз йилда 11 баробар ошди.

Такрор ишлаб чиқариш таркибида янги қурилиш 62,1 фоизни, кенгайтириш, реконструкция ва модернизация 22,9 фоизни ташкил этди. Бу 2017–2025 йиллардаги ўсиш фақат ҳажмий эмас, балки таркибий янгиланишга ҳам таянганини кўрсатади.

Асосий капиталга инвестициялар таркибида марказлашмаган манбалар улуши 2021 йилдаги 80,8 фоиздан 2025 йилда 89,4 фоизга етди. 2025 йилда хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар 389,6 трлн сўмни ташкил этиб, жами инвестицияларнинг 65,9 фоизига тенг бўлди. Хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 33,5 млрд доллар ёки 422,1 трлн сўмга етиб, унинг 6,1 фоизи қурилиш йўналишига тўғри келди.

б) 2025 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳудудлар кесимида ҳам юқори фаолликни кўрсатди. Тошкент шаҳрида 105,7 трлн сўм, Тошкент вилоятида 79,4 трлн сўм, Наманган вилоятида 61,1 трлн сўм инвестиция ўзлаштирилди.

Ўсиш суръати бўйича Сирдарё ва Фарғона вилоятларида 145,2 фоиз, Хоразмда 134,9 фоиз, Сурхондарёда 131,1 фоиз қайд этилди. Бу инвестиция фаоллиги фақат пойтахт ва йирик марказлар билан чекланмаётганини кўрсатади.

с) 2017–2025 йилларда қурилиш корхоналари сони 24,1 мингтадан 30,1 мингтага етди. 2025 йилда қурилиш ишларининг 47,8 фоизи кичик корхоналар ва микрофирмалар ҳиссасига тўғри келди.

Йирик қурилиш ташкилотлари улуши 26,4 фоизни, норасмий сектор улуши эса 25,8 фоизни ташкил этди.

Бу тармоқда рақобат муҳити кенгайиб, кичик ва ўрта бизнеснинг амалий иштироки кучайганини кўрсатади.

Меҳнат бозорида ҳам ижобий силжиш кузатилди. Хусусан, қурилиш соҳасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2017 йилдаги 1,6 млн сўмдан 2025 йилда 6,55 млн сўмгача ошди.

в) Инвестиция фаоллиги аҳоли турмуш шароитига ҳам таъсир қилди. 2017–2024 йилларда шаҳар ва қишлоқларда 490 мингта уй-жой қурилган, 2025 йилда эса 69,1 мингта хонадон фойдаланишга топширилган. Шу асосда 2017–2025 йилларда фойдаланишга топширилган уй-жойлар жами 559,1 мингтага етди.

Уй-жой, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий объектлар қурилиши инвестицияларнинг аҳоли ҳаётига бевосита таъсир қилувчи асосий йўналиши бўлиб қолмоқда.

Зоҳиджон Ғоипов
Иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлиги
ва инвестицион фаолликни ўрганиш шўъбаси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар