Инфографика: Ўзбекистоннинг Германия билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Германия билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг Германия билан сўнгги 5 йилдаги савдосини таҳлил қилиб, экспорт ҳажмини янада кенгайтириш ва оширишнинг енг истиқболли йўналишларини аниқлади.

Ўзбекистоннинг Германия билан савдоси

Германия ташқи савдо бўйича Ўзбекистоннинг 10 та йирик ҳамкор давлатларидан бири бўлиб, савдо ҳажми бўйича 7-ўрин, экспорт бўйича 19-ўрин, импорт бўйича 6-ўринни эгаллайди.

Ўзбекистон ташқи савдосида Германия умумий савдо айланмаси 2,3%, экспорт 0,5%, импортда 3,5%ни ташкил этади.

Охирги 5 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,2 бараварга, 529,1 миллион доллардан 1159,3 миллион долларга, экспорт 2,4 бараварга, 36,9 миллион доллардан 88,9 миллион долларга, импорт 2,2 баробарга, 492,2 миллион доллардан 1070,4 миллион долларга ўсди.

Ушбу даврда Германиянинг умумий товар айланмасидаги улуши 2,2 фоиздан 2,3 фоизга, умумий экспортда 0,3 фоиздан 0,5 фоизга, умумий импортда эса 4,1 фоиздан 3,5 фоизга камайди.

2022 йилда 2021 йилга нисбатан Германия билан товар айирбошлаш ҳажми 51,4 фоизга ўсди ва максимал ҳажми қарийб 1,2 миллиард долларга етди, экспорт 23,1 фоизга, импорт 54,3 фоизга ўсди.

Ўзбекистоннинг Германияга экспорт салоҳияти

Европа Иттифоқи томонидан Ўзбекистонга берилган "GSP+ умумий имтиёзлар тизими"нинг бенефициар мақоми доирасида Германияга мева-сабзавот маҳсулотлари (янги ва қуритилган мевалар, ёнғоқлар, помидор ва бошқалар) тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, тайёр кийимлар, шунингдек, саноат маҳсулотларининг айрим турлари экспортини ошириш имкониятлари мавжуд.

"GSP+" мақоми Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига етказиб берилиши мумкин бўлган товарларнинг кенг турдаги номенклатураси (6 мингдан ортиқ номдаги маҳсулот) учун пасайтирилган (нол) тарифларни қўллашни назарда тутади.

2022 йилда Ўзбекистоннинг Германияга экспорти умумий ҳажмида тўқимачилик маҳсулотларининг улуши 33%, кимё (ўғитлар) - 14%, саноат (айрим турдаги металлар ва элементлар) – 12%, мева – сабзавот маҳсулотлари - 9% ва хизматлар (асосан транспорт ва телекоммуникация) - 32%ни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Германия билан ўзаро савдосида сезиларли номутаносиблик мавжуд бўлиб, товар айланмасида импорт улуши 90 фоиздан ортиқ, импорт ҳажми эса экспорт ҳажмидан 10 баробардан ортиқроқ.

Импортнинг экспортдан сезиларли даражада ошиши кўп жиҳатдан ўзаро савдо таркибига боғлиқ. Германия "машиналар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари" товар номенклатураси бўйича маҳсулотларини Ўзбекистонга асосий етказиб берувчилардан бири бўлиб, ва 7,2% билан 4 - ўринни (Хитойдан кейин - 38,7%, Корея Республикаси - 16% ва Туркиядан кейин-7,5%) эгаллайди.

Ўзаро савдода Ўзбекистоннинг Германиядан умумий импортида "машиналар, асбоб-ускуналар ва транспорт воситалари" асосий улушни эгаллайди. Масалан, 2022 йилда ушбу турдаги маҳсулотнинг Германиядан импортдаги улуши тахминан 65%ни, 2023 йилнинг биринчи чорагида эса 82%дан ортиқни ташкил этди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар