Инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш – диққат марказида

Инвестициялар жалб қилишни кенгайтириш – диққат марказида

11 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида инвестицияларни жалб қилишни янада кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда тармоқлар ва ҳудудларнинг сармоявий кўрсаткичлари, йил охиригача бўлган даврда амалга оширилаётган лойиҳалар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг олти ойида тармоқларда 3,6 млрд доллар инвестициялар ўзлаштирилди. Андижон шаҳри, Булоқбоши, Ромитан, Ғаллаорол, Фориш, Кармана, Давлатобод, Чуст, Каттақўрғон, Сирдарё туманларига 50 млн доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этилди. Бунинг ҳисобига мазкур туманларда жами 50 мингта янги иш ўрни ва қўшимча 1 трлн сўмлик тушум манбалари яратилди. Аммо айрим ҳудудлар ва тармоқларда бу кўрсаткич анча паст, инвестиция муҳити қониқарсиз ҳолатда.

Президент томонидан 1,5 минг инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, 12 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар топширилди, ҳар бир тармоқ ва ҳудудда инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ алгоритмлари белгилаб берилди. Тармоқларда 230 та лойиҳа доирасида 4,4 млрд доллар, ҳудудларда 1 минг 200 та лойиҳа доирасида 4,6 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунда лойиҳалар 3 та тоифага ажратилиб, улар билан манзилли ишланади. Йирик лойиҳаларга вилоят ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари, ўрта лойиҳаларга туман ҳокими, кичик лойиҳаларга туман ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосари масъул бўлади. Бу тизимни самарали йўлга қўйиш ҳамда масалаларни жойида ҳал этиш учун ҳар бир ҳудудга мутасаддилар бириктирилди.

Йиғилишда ҳамкор мамлакатлар билан инвестициявий шериклик натижалари ҳам кўриб чиқилди. Энди хорижий келишувлар доирасидаги инвесторлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилади. Унга кўра, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигида “инвестиция менежери” лавозими ташкил этилади ва бевосита вазирга бўйсунади. Улар хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, зарур масалаларни ҳал қилиб боради. Шу тизим асосида ишлаб, жорий йилнинг ўзида қўшимча 3 млрд доллар инвестиция жалб қилиш мумкин.

Шунингдек, аксарият вилоят, туман ва шаҳарларда шакллантирилган инвестиция лойиҳалари асл имкониятларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, сўнгги икки ойда саноати паст ривожланган 60 та туманга консалтинг компаниялари жалб қилиниб, 6,5 млрд долларлик 2 мингдан зиёд истиқболли лойиҳа топилган. Бу – ҳар бир туманга ўртача 110 млн доллар инвестиция, юзлаб иш ўрни, дегани. Шуни ҳисобга олган ҳолда, консалтинг компаниялари билан бирга, барча туман ва шаҳарларда “изланиш – ишлаб чиқиш – амалга ошириш” тамойили асосида янги лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди. Уларни хорижий инвесторларга тақдимот қилиш учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда ҳудудий инвестиция форуми ўтказилади.

Ҳукумат комиссияси томонидан иқтисодиётга катта туртки берадиган 97 та йирик саноат лойиҳаси тайёрланди. Улар орқали 6,7 млрд доллар ўзлаштирилиб, 3 млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқириш, 27 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш имконияти мавжуд. Ҳукумат комиссиясига ушбу лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш, хорижий кредитлардан самарали фойдаланиш бўйича топшириқлар берилди.

Фарғона вилоятидаги йиғилиш

27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида инвестицияларни жалб қилиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича йииғилиш ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоят ва туманлар раҳбарлари ҳам видеоалоқа воситасида иштирок этдилар.

Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича Фарғона вилоятидаги айрим туман ва шаҳарларнинг кўрсаткичлари қониқарсизлигини қайд этиб ўтди. Мисол учун, Фарғона шаҳрида ўтган йилнинг олти ойида бор-йўғи 25 млн доллар инвестиция киритилган бўлса, жорий йилда ушбу рақам атиги 12 млн долларни ташкил этган. Марғилон шаҳрида, Ўзбекистон, Боғдод, Тошлоқ туманларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ўтган йилги кўрсаткичнинг ярмига ҳам етмайди.

Саноат салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаяпти. Бир пайтлар саноат бўйича пешқадамлардан бири бўлган Фарғона ҳозир республикада 12-ўринга тушиб қолган. Масалан, биринчи ярим йилликда саноат ҳажми Тошлоқда 17, Қўқонда 3, Олтиариқда 1,3 ва Қувада 1,2 фоизга камайган. Вилоятда 2022 йилнинг олти ойида фаолиятини тўхтатган корхоналар сони 2,5 мингтани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 14,5 мингтага етган. Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича ҳам аҳвол яхши эмас. Жорий йилда вилоятда қурилиши режалаштирилган 212 та уй-жойдан бугунги кунгача 42 таси фойдаланишга топширилган, холос.

Йил бошида республика бўйича 60 та туман тўртинчи ва бешинчи тоифаларга киритилиб, уларни иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида дастур бошланди. Фарғонада ушбу тоифаларга кирган Фурқат, Ёзёвон ва Сўхдаги тадбиркорлар ўтган олти ойда 30 млрд сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Лекин мазкур туманларда натижа кўринмаяпти. Аҳвол яхшиланиши ўрнига, улардаги тадбиркорлар тушуми ўтган йилга нисбатан камайиб кетган.

Вилоятнинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган. Улар томонидан 2 млрд долларлик қўшимча захиралар аниқланган ва тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳалар шакллантирилган. Президент Фарғонада бошланган ушбу тажрибани барча ҳудудларда йўлга қўйиш учун йил якунига қадар сафарбарлик эълон қилди. Ҳар бир туман учун йил якунигача камида 100 млн доллардан инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмдан 570 минг сўмга оширилгани сабабли Фарғонада яна 9 минг оила камбағал тоифасига қўшилди. Шу боис, мутасаддиларга ушбу оилаларнинг ҳар бирига ҳоким ёрдамчиларини бириктириб, уларнинг даромадини ошириш чораларини кўриш топширилди.

Фарғонада аҳолига деҳқончилик учун аукционга чиқарилиб, талабгор аниқланмаган 1 минг 157 гектар экин ерларини аҳоли учун қулай ҳудудларга алмаштириш, бу ерларда камида 15 минг иш ўрни яратишга кўрсатма берилди.

Фойдали қазилма бойликларини ўзлаштириш

Президент Шавкат Мирзиёев 1 август куни фойдали қазилмалар захираси ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга оид тақдимот билан танишди. Унда геология соҳасига катта эътибор қаратилиб, замонавий технологиялар жорий қилингани натижасида ерости бойликларини аниқлаш кўлами кенгайгани, уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларига хорижий инвестициялар кириб келаётгани қайд этиб ўтилди.

Хусусан, сўнгги олти йилда каолинни қайта ишлаш бўйича 148 млн долларлик 15 та янги лойиҳалар ишга тушган. Натижада тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баравар кўпайиб, экспорт 65 млн долларга етган. Шу даврда кўмир қазиб чиқариш ҳажми 1,4 баравар ошиб, 5,4 млн тоннага етган.

Тақдимот доирасида геология соҳадаги, жумладан, кўмир, каолин ва уран ҳажмини оширишга қаратилган режалар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, бу йил 6,7 млн тонна кўмир қазиб олиш режа қилинган. Каолин бўйича қиймати 620 млн долларлик 33 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳисобига жорий йилда экспортни 81 млн долларга, 2030 йилга бориб 180 млн долларга етказиш мўлжалланган. Шунингдек, уран захирасини ўстириш бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорликда геология-қидирув ишлари давом эттирилади.

Давлат раҳбари томонидан мавжуд хомашё базаси, ноёб технологиялар ва кадрлар салоҳиятидан унумли фойдаланиб, маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш вазифаси қўйилди. Сурхондарёдаги тошкўмир бўйича 5 та истиқболли майдонни хусусий секторга бериб, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, Ангренда қазиб олинадиган кўмир сифатини яхшилаш ва саралаш технологияларини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Янги каолин конларини топиш ва оқ каолин захирасини 200 млн тоннага етказиш, уни қайта ишлаш лойиҳаларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди. Гидротермал ва қора сланецли уран конларини ўзлаштиришга хорижий инвесторлар жалб қилиниши белгиланди.

Тошкент вилоятидаги йиғилиш

Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни “Чирчиқ” кимё-саноат технопаркига ташриф буюрди ва бу ерда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари иштирок этди.

Йиғилишда ўтган йилда Тошкент вилоятида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш ҳажми 135 фоизга ўсиб, 480 млн долларни ташкил қилгани таъкидланди. Шунингдек, ўтган олти ойда инвестиция дастурлари доирасида 240 млн долларлик 322 та лойиҳа ишга туширилиб, 8 мингта иш ўрни яратилган. Лекин айрим туман ва шаҳарларда фақат кичик ва ўрта лойиҳалар билан чекланиб қолинмоқда. Мисол учун, Ўртачирчиқ, Чиноз, Қибрай, Тошкент, Янгийўл туманлари ва Нурафшон шаҳрида бирорта ҳам йирик лойиҳа йўқ. Шу муносабат билан ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига йил якуни билан камида 100 млн доллардан тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилнинг олти ойида вилоятда 440 млн долларлик экспорт қилинган. Шунингдек, саноат ва хизмат соҳаси кўрсаткичлари ҳам ошган. Лекин айрим туман ва шаҳарлар кесимида олганда, тушган. Бу йил қурилиши режа қилинган 114 та кўп қаватли уй-жойлардан ҳозиргача атиги 9 таси фойдаланишга топширилган.

Президент жойларда солиқ базасини кенгайтириш учун мавжуд имкониятларни санаб ўтди. Ҳар бир тадбиркорнинг муаммосини ҳал қилишга алоҳида солиқчи масъул бўлиши белгиланди. Солиқ идораларини коррупциядан холи тузилмага айлантириш, ходимларининг маънавий-ахлоқий қиёфасини яхшилаш долзарблиги таъкидланди.

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва имтиёзли ресурсларнинг етиб боришини осонлаштириш чоралари белгиланди. Унга кўра, эндиликда ҳоким ёрдамчилари ўзини ўзи банд қилганларнинг кичик ва ўрта бизнесга ўтишига кўмаклашади. Бунинг учун Япония тажрибаси асосида ҳудудларда бизнес-инкубатор ва акселераторлар тизими жорий этилади. Бунда салоҳиятли тадбиркорларга дастлабки айланма маблағлари учун “улушдорлик” капитали берилади. Бундан ташқари, “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури асосида 400 минг аҳоли бандлигини таъминлаш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Тўлиқ циклдаги кластер тизими

Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерида ишлаб чиқарилган биринчи машиналарни кўздан кечирди. Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 11 ноябрдаги қарорига мувофиқ, бу ерда машинасозликдаги 5 та корхона қувватлари мақбуллаштирилиб, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи негизида тўлиқ циклли кластер тизими йўлга қўйилди. Яқинда кластерда биринчи маҳаллий маҳсулот – универсал трактор ишлаб чиқарилди. Шунингдек, комбайн ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилмоқда.

Кластер йилига 15 минг дона трактор, тиркама ва бошқа техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга. Мингта иш ўрни яратилган. Яна бир муҳим томони, тармоқ корхоналари орасида кооперация кенгайиши, харажатлар ва маҳсулот таннархи қисқаришига эришилган.

Президент бу ишларни давом эттириб, импорт маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, мазкур жараёнга хусусий секторни жалб этиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, давлат раҳбари техникаларга хизмат кўрсатишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Тошкент вилояти мисолида сервис масканлари ташкил этиш, ёшларни бепул ўқитиб, сифатли хизматларни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2023

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар