Иқтисодий барқарорликка ишончли ҳамкорлик орқали эришилади

Иқтисодий барқарорликка ишончли ҳамкорлик орқали эришилади

Бугун дунё турли қарама қаршиликлар қаршисида турибди. Мураккаб геосиёсий вазият янги геоиқтисодий муаммоларни юзага чиқармоқда. Бу ҳолат Марказий Осиёнинг марказида жойлашган ва нафақат ушбу ҳудуд, балки минтақа ва дунё иқтисодиётида ўзига хос ўринга эга бўлиб бораётган Ўзбекистон учун алоҳида аҳамият касб этади.

Бинобарин, кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси ҳамда одилона ташаббуслари ана зиддиятли вазиятларни юмшатишга, мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланишига катта хизмат қилмоқда. Бу нуфузли халқаро минбарларда, турли халқаро тадбир ва учрашувларда нуфузли шахслар, давлат раҳбарлари томонидан юксак эҳтиром ва ҳурмат билан қайд этилмоқда. Узоққа бормайлик, куни кеча пойтахтимиз мезбонлик қилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирокчи давлатлар раҳбарлари айтилган фикрлар бунинг исботи.

Саммитда кўтарилган масалалар, билдирилган фикр ва мулоҳазалар, амалий келишувлар, ташаббуслар фақатгина ушбу давлатларга дахлдор десак, тўғри бўлмайди. Зеро, ҳозир дунё интеграцияга асосланган, муносабатлар бир-бири билан чамарчас боғлиқ. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини Тошкент илк маротаба қабул қилиб олишининг ўзи бир тарихий воқеа бўлса, унинг минтақа иқтисодиёти равнақига қаратилган моҳияти алоҳида ҳодиса бўлди.

Галдаги саммитга қизиқиш ҳам, тайёргарлик ҳам юқори эди. Унинг аҳамияти ҳақида тадбир бошланмасидан олдин гапирила бошланди. Маҳаллий, ташкилот аъзоси бўлган мамлакатлар оммавий ахборот воситалари қаторида бошқа давлатлар нашрлари ҳам бутун саҳифаларини Ўзбекистонга бағишланган салмоқли, таҳлилий мақолаларга бағишлади. Жумладан, Жанубий Кореянинг “The Korea Post” журналида ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий билан эълон қилинган интервьюда бош котиб ИҲТни янада ривожлантириш истиқболлари ва ушбу жараёнда Ўзбекистоннинг иштироки хусусида фикр юритаркан, сўнгги йилларда Ўзбекистон минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашда жуда фаол эканлигини айтган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йил ИҲТ маконида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилингани ушбу муносабатлар мустаҳкамланишида муҳим омил бўлганини таъкидлаган.

Ўзбекистон — ташкилотнинг фаол иштирокчиси

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ИҲТнинг фаол ва ташаббускор мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бинобарин, айнан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилма доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хиллик, иқлим ўзгариши каби бир қатор йўналишларда ишлар янада жадаллашди.

Ўзбекистон ИҲТ саммитларида мунтазам иштирок этиб келади. Хусусан, яқин йилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилдаги ўн бешинчи саммит якунлари бўйича ИҲТга раислик илк маротаба Ўзбекистонга ўтди. Ўтган йил бошида бўлиб ўтган ИҲТ Ҳудудий режалаштириш кенгашининг йиғилишида Ўзбекистон ташаббуси билан 2022 йил “Ўзаро боғлиқни мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.

Умуман, ташкилотнинг ўн бешинчи саммитида Ўзбекистон томонидан жами 8 та долзарб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилиб, улар бошқалар томонидан қўллаб-қувватлангани алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳозирги кунга қадар ушбу ташаббуслардан 5 таси тўлиқ бажарилган бўлса, 3 таси бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Яъни ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган “йўл харитаси” қабул қилингани, ташкилот ичида халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий мулоқот кенгаши ташкил этилгани, хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастур қабул қилиниши айнан давлатимиз раҳбари саъй-ҳаракати самарасидир.

Шунингдек, минтақадаги мавжуд ва янги транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш, минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш ҳам Ўзбекистон сиёсатининг ушбу ташкилот, умуман, ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидир.

Бугунги кунда Ўзбекистон фаол, прагматик ва кўп томонлама ташқи сиёсат юритмоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсий фаолиятининг муҳим йўналиши бу унинг яқин атрофдаги давлатлар, шунингдек, нуфузли халқаро тузилмалар кўп томонлама ҳамкорлик қилишдир. Уларнинг ичида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти алоҳида ўринга эга.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Ўзбекистон сиёсати ана шу жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради. Таҳлиллар жаҳондаги глобал инқирозга, георсиёсий ва геоиқтисодий тебранишларга қарамасдан, ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини кўрсатаётгани унинг Ўзбекистон ва минтақа иқтисодиёти учун нечоғлик устувор аҳамиятга эга эканлигини англатади.

Тузилманинг пойтахтимиз мезбонлик қилган навбатдаги саммити юқори ташкилотчилик асосида ўтказилганини айтиб ўтдик. Лекин унинг якунида келинган хулосалар ҳаммасидан муҳим. Зеро, кўтарилган ҳар бир масала ва йўналиш аъзо мамлакатлар истиқболи, демакки, шу ҳудудда истиқомат қилаётган одамлар фаровонлигини таъминлайди.

Иқтисодиётга йўналтирилган капитал инсон фаровонлигига қаратилган ҳаракатдир

Иқтисодиётга йўналтирилган сармоя моҳияти, алал-оқибат, инсон манфаатига бориб тақалади. Нега деганда, иқтисодий ўсишнинг энг муҳим жиҳатлардан бири — айнан инсон капиталига эга бўлиш ва ундан самарали фойдаланишдир. Бу эса мамлакат иқтисодиётининг дунё миқёсидаги ўрнини белгилаб беради.

Иқтисодий тараққиёт ва ҳар бир инсоннинг турмуш фаровонлиги инсон капиталига бевосита боғлиқ. Ҳар қандай ресурс сингари инсон капитали кўпайиши ва қадрсизланиши мумкин. Лекин бугун дунё биринчи омилга катта эътибор қаратмоқда. Чунки тараққиёт, келажак айнан шунга таянади.

Жаҳон иқтисодий форуми Гарвард университети ва Mercer Human Resource Consulting халқаро консалтинг компанияси билан ҳамкорликда 2013 йилдан бошлаб Инсон капиталини ривожлантириш индексини эълон қилишни бошлаган. Жаҳон иқтисодий форуми мутахассислари фикрича, “ ...Инсон капитали глобал иқтисодий тизимда неъматлар яратиш имконини берувчи билим ва кўникмаларга эга инсонлардир”.

Жаҳон банки 2018 йилдан бошлаб халқаро миқёсда мамлакатларнинг Инсон капитали индекси (The Human Capital Index)ни тузишни бошлаган. 2022 йилда ушбу рейтингда 83 та мамлакатлар қатнашган.

Индекс муаллифлари фикрига кўра, инсон капиталини ўлчашда “таълим олиш” билан боғлиқ йиллар сони эмас, балки реал касбий малака эгаллаш имконини берувчи “кўникмалар” муҳим аҳамиятга эга.

Шундай қилиб, инсон капитали деганда инсонни таълим, соғлиқни сақлаш ва маданиятни ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар туфайли шаклланадиган жамғарилган билим ва кўникмалари тушунилади.

Шу ўринда ўқувчида мақола Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити ва унда Ўзбекистоннинг иштироки ҳақида бўла туриб, фирклар нишаби инсон капитали томонга бурилиб кетаётгани хусусида савол туғилиши мумкин. Фикримизни асослаймиз. Гап шундаки, бугунги кунда ИҲТга ўнта давлат – Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Ушбу мамлакатлар ҳудуди улкан ресурсларга бой. Аҳолиси сони эса ярим миллиард кишини ташкил этади. Бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий жиҳатдан жуда катта ресурс ва куч.

Энди тасаввур қилинг, агар ана шу улкан табиий, иқтисодий кучдан унумли фойдаланилса, инвестициялар тўғри шакллантирилиб, оқилана йўналтирилса, унинг самараси бугунги имкониятдан, ҳозирги салоҳиятдан бир неча баробар ортиб кетади. Бу мамлакатлар келажаги учун, одамлар истиқболи учун жуда катта ва мустаҳкам замин яратади.

Ташкилот равнақига доир етти ташаббус

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ташкилот келажаги ва равнақига, яъни ўзаро савдони ривожлантириш, транспорт коммуникация боғлиқлигини кучайтириш, саноат кооперацияси ва ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш, “яшил” энергетика, иқлим ўзгаришлари, туризм ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликка доир еттита ташаббусни илгари сурди.

Айтиш жоизки, улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги фаолият билан ҳамоҳанг ташаббуслардир. Уларнинг ҳар бири ҳозирги пайтда қанчалик долзарб ва глобал аҳамиятга эга бўлиб бораётган барчамизга яхши аён.

Ўзбекистонда ушбу йўналишдаги ишлар, саъй-ҳаракатлар изчиллик касб этиб бормоқда. Мамлакатнинг олдига қўйган мақсадлари чакана эмас. Марра янги Ўзбекистонни яқин келажакда яхшилар қаторига олиб чиқиш. Буларни ўз ичига жамлаган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ишлаб чиқилган. Унда белгилаб олинган барча — 100 мақсаднинг ўз ўрни бор, албатта. Лекин биз қуйида мавзуга алоқадор бир нечтасига тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Дастлабки мақсаднинг моҳиятига эътибор беринг: ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш. Бунда болаларни мактабгача таълимдан тортиб, ёшларни касбга ўқитиш, олий таълим олишлариги имконнияти батафсил қайд этилган. Хусусан, шу давр ичида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, умумий ўрта таълим ташкилотларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлиқ таъминлаш, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш,10 та олий таълим муассасасини дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш, иқтисодиётнинг энг тез ўсиб бораётган йўналишларида амалий тадқиқотларни кучайтириш, “корхона — олийгоҳ — илмий ташкилот” кластер тизимини жорий этиш кўзланган.

Шунингдек, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, энергетика, биотехнология, геология ва металлни қайта ишлаш, машинасозлик ва электроника йўналишларида 8 та илмий ишлаб-чиқариш кластери ташкил этилади. Юқорида келтирганимиздек, таълим, илм келажак меваси экан, ушбу мақсадлар бугунги талабларга ҳар томонлама жавоб беради.

Ўзбекистон 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажми 2 баробар ошиб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига олиб кирилади, ялпи ички маҳсулот ҳажми 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадлар 4 минг долларга етказилади.

“Яшил иқтисодиёт”га ўтилиб, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичлари кескин оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграцияси чуқурлаштирилиб, миллий транспорт тизими салоҳияти оширилади. Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сони оширилади.

Ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиёти бир-бирига боғлиқ ҳолда мустаҳкамланиб бораяпти.

Лекин давлатимиз раҳбари ўз нутқида бу натижалар қониқарли эмаслигига алоҳида урғу бериб, ўтган йили аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этиб, бу умумий ташқи савдониг атиги 8 фоизи эканлигини, имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаётганини, тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолаётганини айтиб ўтди. Шу боис барчани экспертлар томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди.

Бундан ташқари, ташкилотга аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Осиё­Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги қайд этилди нутқда.

Келгусида “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади.

Шу билан бирга, миллий энергетика стратегияларини уйғунлаштириш, минтақалараро энергия ресурсларини узатиш тармоқларини ривожлантириш, “яшил” энергетика технологияларини кенг жорий этишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш, иқлим ўзгаришига, туризм ва маданий гумантар соҳаларга доир ташаббуслар ҳам аъзо давлатларнинг иқтисодий алоқаларини янаа мустҳкамлаш баробарида, дўстона муносабатларни янада яқинлашириши билан аҳамиятлидир.

Муштарак мақсад ва бой тарих — ривожланишнинг асосий жиҳати

Айтиш жоизки, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларни иқтисодий алоқалардан ташқари, бой тарих, умумий дин, ўхшаш маданият, санъат ҳам бирлаштириб туради.

Шу билан бирга, аъзо давлатлар ҳудудий жиҳатдан ҳам бир-бирига яқин. Мана шу омилларнинг ўзиёқ, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги-янги қирраларни юзага чиқариш учун катта имкониятдир. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, яқин ва яхши қўшни бўлган мамлакатлар истисодиёти бир-бирини тўлдиради. Умумий савдо-транспорт коридорлари ва энергетика тармоқлари давлатларни узвий боғлайди.

Ташкилотнинг илк номи “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” бўлиб, Туркия, Эрон ва Покистон давлатлари томонидан, 1964 йилда ташкил этилган. ХХ асрнинг 70 йилларига келиб ички савдонинг сусайиб кетиши унинг фаолияти тўхтатишга сабаб бўлган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи остида ўз фаолиятини қайтадан бошлаган тузилма ҳозирги кўринишга 1992 йил 28 ноябрдаги фавқулодда йиғилишдан сўнг эришган. Покистон пойтахти Исломободда бўлган йиғилишда Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари қатнашган ҳамда давлатлар ташкилотга аъзо бўлишган.

Ташкилотнинг асосий мақсадлари ўлароқ, савдо-сотиқ алоқаларини юксалтириш, ҳар бир аъзо мамлакатда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Шунингдек, аъзо мамлакатларнинг маданий алоқаларини юксалтириш ҳам ташкилотнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ва минтақавий тузилмаларда, хусусан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида масъулиятли ва ташаббускор давлат сифатида ўзини намоён эта бошлади. Бу эса ташкилот доирасида замонавий транспорт ва йўл инфратузилмалари ривожланишига, халқаро юк ва йўловчи ташиш имкониятлари кенгайишида, умуман, иқтисодий алоқалар ҳар томонлама мустаҳкамланишида катта роль ўйнамоқда.

Тошкентда бўлиб ўтган тарихий саммит келишувлари ва Президентимиз нутқида белгиланган вазифалар, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотини самарали ва таъсирчан тузилмага айланишига, кўпқиррали алоқалар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.

Қаландар Абдураҳмонов,

академик

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар