Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан жорий йил 9 ойлик Макроиқтисодий шарҳи тайёрланди. Мазкур ҳисоботда мамлакатнинг жорий макроиқтисодий ҳолати таҳлил этилиб, 2023-2024 йил учун прогнозлар берилган.
Макроиқтисодий шарҳ Марказнинг мунтазам нашри ҳисобланади. Унда Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазиятнинг тезкор таҳлили тақдим этилиб, қисқа муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича баҳолашлар келтирилади.
Нашрда ялпи ички маҳсулот, саноат, инвестициялар, истеъмол харажатлари, инфляция, фоиз ставкалари, кредитлаш, ички ва ташқи савдо, давлат бюджети харажатлари ва даромадлари, циклик мослаштирилган бюджет баланси каби кўрсаткичлар таҳлил қилинган.
Шарҳ миллий иқтисодиёт ривожланишининг ҳолати ва асосий тенденцияларининг мониторинги, шу жумладан, қисқа муддатли иқтисодий истиқболларини шакллантирувчи пул-кредит ва фискал соҳалардаги давлат сиёсати масалаларини қамраб олади.
Шарҳнинг мақсади макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш шартларини таъминлаш бўйича иқтисодий сиёсат соҳасидаги ривожланиш истиқболларини баҳолашдан иборат.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзининг ўрта муддатли трендидан юқори ўсиб, ўсиш суръати 5,8%ни ташкил қилди. Жорий йилнинг III чорагида алмашув курсининг тўғриланиши фонида ташқи савдо айланмаси 22,1%га ўсиб, 44,7 млрд долларни ташкил этди.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда йиллик иқтисодий ўсиш 5,4-5,6% атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда аҳоли истъемоли ва инвестицияларнинг ўсиши мос равишда 4,8% ва 7,6%ни ташкил этади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг 2023 йил январь-сентябрь бўйича Макроиқтисодий шарҳининг асосий хулосаларига қуйидагилар киради:
- 2023 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон иқтисодиёти 5,8%га ўсди. Жорий йил якуни билан ижобий ишлаб чиқариш тафовути сақланиб қолиши кутилмоқда;
- Хизматлар ва саноат соҳаси ялпи таклиф тарафидан иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлди - хизматлар 6,5%га ва саноат 5,7%га ўсди.
- Ўтган йиллардаги тенденция шуни кўрсатмоқдаки, фойда ва даромад солиғи ҳамда ресурс тўловлари ва мол-мулк солиғидан тушумларнинг ЯИМга нисбатан улуши 2021 йилгача ортиб борган бўлса, охирги йилларда бюджетдан ташқари жамғармалар ва ҳисоблар ҳамда бошқа даромадларнинг улуши ортмоқда;
- Ҳисоб-китобларига кўра, 2020-2023 йилларда реал ва нейтрал фоиз ставкаларида ўсиш тенденцияси кузатилди. Жорий йилнинг сентябрь ҳолатига кўра, реал фоиз ставка 4,4%ни, нейтрал фоиз ставка 3,9%ни ташкил қилди;
- Глобал монетар шароитларнинг қаттиқлаштирилиши фонида асосий савдо ҳамкор давлатлар Россия, Қозоғистон ва Туркияда Марказий банклари томонидан ҳам қаттиқ монетар сиёсатни ушлаб туриш сиёсати давом эттирилмоқда;
- 2023 йил октябрь бошига кенг маънодаги пул массаси ўтган йил мос даврига нисбатан 12%га кўпайган. Пул массаси таркибида миллий валюта 77%, хорижий валютадаги депозитлар улуши 23%ни ташкил қилди;
- Таҳлилларга кўра, аҳолига ажратилган кредитлар кесимида истеъмол ва автокредитлаш улуши юқорилигича қолмоқда (44% ва 40%).
- 2023 йилнинг январь-сентябрида машина ва асбоб-ускуналар импорти 11,4 млрд, кимёвий маҳсулотлар 4,2 млрд, озиқ-овқат маҳсулотлари 3 млрд ва хизматлар 1,8 млрд долларни ташкил қилган. Мазкур категорияларнинг импортдаги улушида сезиларли ўзгариш кузатилмаган;
- Марказ ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатнинг савдо шартларида пасайиш давом этмоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич ўтган йил 9 ойига нисбатан 0,5%га ёмонлашган бўлса, 2018 йилдан бери 11,2%га пасайган;
- Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Халқаро ҳисоб-китоблар банки методологияси асосида сўм реал самарали алмашув курси динамикаси таҳлил қилинди. Натижалар кўрсатишича, сўмнинг реал алмашув курси 2019 йил январидан 2023 йил сентябрига қадар 13,9%га мустаҳкамланган.
2023 йилнинг январь-июнь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
Изоҳ қолдириш