2023 йил 8-9 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) 16-саммитига Ўзбекистон Республикаси илк бор мезбон сифати раҳбарлик қилмоқда. Мазкур ташкилот унга аъзо давлатлар (Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Туркманистон) ўртасида барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, минтақавий савдони ривожлантириш, аъзо давлатларнинг жаҳон савдосида ролини ошириш, аъзо мамлакатларни бир-бири ва бошқа давлатлар билан боғлайдиган транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, самарали қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳиятидан фойдаланиш, минтақа халқлари ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ташкилот тарихи
Туркия, Эрон ва Покистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан 1964 йилда Истанбулда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ривожланиш учун Минтақавий Ҳамкорлик (РМҲ) платформасининг давоми сифатида Иқтисоқий Ҳамкорлик Ташкилоти номи билан фаолият юритди. Бироқ, ташкилот 1979 йилда Эрондаги инқилоб сабабли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.
1980 йилларнинг бошларида уч давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар яна ривожлана бошлаганлиги сабабли ҳамкорликни РМҲ ташкилотининг ҳуқуқий асосилари негизида, 1985 йилда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти номи билан ўз фаолиятини давом эттиришга қарор қилинди.
1992 йилда ушбу ташкилотга 7 та янги аъзо давлат жумладан, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон тўла аъзо ва Шимолий Кипр эса кузатувчи сифатида қўшилди. Фаолият доираси янада кенгайган ИҲТнинг умумий майдони 7 млн. кв. километрни ташкил этувчи ва тахминан 450 миллион аҳолига эга бўлган иқтисодий жиҳатдан етакчи минтақавий кучга айланди.
Ташкилотнинг давлат раҳбарлари доирасидаги саммитлардан ташқари, ташқи ишлар вазирлари даражасидаги саммит ва даврий йиғилишлари ўтказилиб унда савдо, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, саноат, молия ва иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойихалар тайёрлаш ва уларни назорат қилиш бўйича келишиб олинади.
Фаолият механизми
ИҲТнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари доирасидаги саммити икки йилда бир марта, ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши йилда бир марта ва бундан ташқари тармоқ вазирликлари, Минтақавий Режалаштириш Кенгаши (МРК) ва Доимий Вакиллар Кенгаши (ДВК) йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб келинади.
ИҲТ котибияти Теҳронда жойлашган бўлсада, ташкилот Бош котиб томонидан бошқарилади. Бош котибият таркиби “Саноат ва қишлоқ хўжалиги”, “Савдо ва молия”, “Энергетика, конлар ва атроф-муҳит”, “Транспорт ва алоқа”, “Иқтисодий тадқиқотлар ва статистика” ва “Лойиҳа тадқиқотлари” каби бошқармаларидан ташкил топган. Ҳозирги кунда ИҲТ бош котиби вазифасини Хусрав Назирий бажариб келмоқда. Шунингдек, ИҲТнинг иқтисод масалалари бўйича офиси Туркияда ва илмий соҳалар бўйича офиси Покистонда жойлашган.
ИҲТ таркибидаги ҳудудий ташкилотлар қаторига ИҲТ Савдо-саноат палатаси, ИҲТ Савдо ва тараққиёт банки, ИҲТ Суғурта коллежи ва ИҲТ Муҳандислик-консалтинг компанияси киради. Шунингдек, Теҳрондаги ИҲТ Маданият институти, Исломободдаги ИҲТ Билим фонди ва Анқарадаги ИҲТ Таълим институти мутахассислари ташкилотнинг экспертлари хисобланади.
Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо ва инвестиция, транспорт ва коммуникациялар, энергетика, конлар ва атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризм, лойиҳалар, иқтисодий тадқиқотлар ва статистика, инсон ресурслари ва барқарор ривожланиш каби соҳаларда ҳамкорлик фаолияти олиб борилмоқда.
ИҲТ томондан шу кунга қадар давлат ва ҳукумат раҳбарлари доирасида 15 марта саммитлар ўтказилган бўлса, охирги саммит 2021-йил ноябрь ойида Туркманистонда COVID-19 пандемияси сабабли видеоконференция тарзида бўлиб ўтган. 2023-йилда Ўзбистон Республикаси илк бора ташкилот саммитига мезбонлик қилмоқда.
Ўзбекистон ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ташқи савдо фаолияти
2022 йилда Ўзбекистоннинг ИҲТга аъзо давлатлар билан умумий ташқи савдо айланмаси ҳажми 12,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, Ўзбекистоннинг умумий товар ва хизматлар экспорти 5,7 млрд. АҚШ долларини, импорт эса 6,6 млрд. АҚШ долларига етган. Савдо айланма ҳажмида Қозоғистон, Туркия ва Қирғизистон юқори улушга эга давлатлар сирасига кирган.
Изоҳ қолдириш