Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва БMT Tараққиёт Дастури ҳамкорликда тренинг ўтказди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ва БMT Tараққиёт Дастури ҳамкорликда тренинг ўтказди

2020 йил 13-14-февраль кунлари БМТ Tараққиёт Дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан “Миллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатларни муваффақиятли амалга ошириш кўрсаткичларини ишлаб чиқиш усуллари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академияси, Тошкент давлат юридик университети, БМТ Tараққиёт Дастури, Буюк Британия элчихонаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тренингда вазирлик ва идоралар мутахассисларининг малакасини оширилмоқда

Семинар-тренингнинг мақсади вазирлик ва идоралар мутахассисларининг миллий дастурларни амалга оширишда муваффақият кўрсаткичлари ишлаб чиқиш усулларини қўллаш ва қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича малакасини оширишдан иборат.

Бунинг учун тажрибали халқаро экспертлар мураббий сифатида жалб этилди.

Ушбу анжуман норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, хорижий давлатларнинг ишлаб чиқиш, қабул қилиш бўйича тажрибасини ўрганиш масалаларига бағишланган бир қатор тадбирларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур тадбир мавзусининг аҳамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида белгиланган вазифалар билан чамбарчас боғлиқ.

2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг асосий вазифаларидан бири сифатида қабул қилинаётган қонунларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга қаратилган қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш белгиланган.

Биринчи кунда намунавий хатолар ва уларни бартараф этиш усуллари муҳокама қилинди

Семинар-тренингнинг биринчи кунида давлат секторида натижаларни стратегик режалаштириш ва бошқариш, тармоқлар/ҳудудларни ривожлантириш дастурлари кўрсаткичларини шакллантириш, ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги тартибга солиш таъсирини баҳолашни қўллаш бўйича тажрибалар, шунингдек, тартибга солиш таъсирини баҳолашда намунавий хатолар ва уларни бартараф этиш усуллари муҳокама қилинди.

Анжуманнинг иккинчи кунида фойда ва харажатларни таҳлил қилиш усулларини муҳокама қилинади

Анжуманнинг иккинчи куни иштирокчилар ижтимоий соҳада тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ҳақиқий таъсирни баҳолаш (ОФВ) доирасида фойда ва харажатларни таҳлил қилиш усулларини муҳокама қилишади. Тренинг давомида иштирокчилар “Айрим дарахт турларини кесишни чеклашнинг мақсадга мувофиқлиги” мавзусидаги кейс мисолида ушбу ишнинг ижобий ва салбий томонларини батафсил ўрганишади.

Тадбир давомида иштирокчилар тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ҳақиқий таъсирни баҳолашда кенг жамоатчиликни жалб қилиш бўйича референт гуруҳлар билан самарали мулоқотни ташкил этиш усуллари бўйича кўникмаларини ҳам кенгайтиришади.

Семинар-тренингнинг назарий қисми амалий гуруҳ машғулотлари билан тўлдирилди.

Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи омиллар муҳокама қилинди

Анжуманда бизнес ва ҳокимият ўртасида конструктив мулоқотни йўлга қўйиш орқали тартибга солиш таъсирини баҳолаш тадбиркорлик ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилувчи маъмурий тўсиқларни, самарасиз тартибга солишни бартараф этиш имконини бериши иштирокчилар томондан таъкидланди.

Семинар-тренинг якунида қонун ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар