Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, ялпи ички маҳсулот январь-декабрь ойларида 1,6 фоизга ўсди ва 580,2 трлн. сўмни ташкил этди.
Жорий йил дастлабки 3 чорак якунлари бўйича иқтисодиёт мўътадил даражада ўсишда (0,4%) давом этган бўлсада, 4-чоракда иқтисодиётнинг аксарият тармоқлари нормал фаолиятига қайтиш ишлаб чиқариш фаоллигини оширишга имкон берди.
Пандемия қўшни мамлакатлар ва асосий савдо ҳамкор давлатларда иқтисодий ривожланишга ҳам катта таъсир кўрсатди. Йил якунлари бўйича Қозоғистон ЯИМ ўсиши 2019 йилдаги 4,5 фоиз ўсиш билан таққослаганда, 2,6 фоизга камайди. Россияда йиллик ЯИМнинг пасайиши 3,8 фоизга баҳоланди. Қирғизистон ЯИМ 2020 йил январь-декабрда 8,6 фоизга камайди. Шу билан бирга, Хитой иқтисодиёти 2,3 фоизга ўсди. Бироқ, ушбу ўсиш даражаси сўнгги 45 йилдаги энг кичик кўрсаткич ҳисобланади.
Ўзбекистонда инфляция даражаси пасайишда давом этмоқда. Истеъмол нархларининг йиллик ўсиш суръати 2019 йил декабрга нисбатан 11,1%ни ташкил этди. 2019 йилда ушбу кўрсаткич 15,2% бўлган. Ўтган йил билан таққослаганда нархлар ўсишининг секинлашиши озиқ-овқат, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларда қайд этилди. Бунда, инфляциянинг асосий драйвери ҳали ҳам озиқ-овқат нархлари ошиши (15,3%) бўлиб қолмоқда (2019 йилда ушбу кўрсаткич 18,6% бўлган).
Пандемиянинг сезиларли оқибатларидан бири инвестиция фаоллигининг пасайиб кетиши бўлди. Aсосий капиталга қўйилган инвестициялар ҳажми 8,2%га камайди. Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, пасайиш марказлашган инвестицияларнинг деярли 35%га, хусусан, бюджет маблағларидан инвестицияларнинг 33,6%га ва ҳукумат томонидан кафолатланган хорижий инвестициялар ва кредитларнинг 28%га камайиши ҳисобига қайд этилди. Марказлашмаган манбалардан инвестициялар ҳажми, аксинча, жорий йил якуни бўйича 2%га ўсди. Ушбу ўсиш асосан корхоналар маблағларидан қилинган инвестицияларнинг 11,2%га ўсиши ҳисобига тўғри келди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ўсишини сақлаб қолишга эришилди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида ишлаб чиқариш 3%га ўсди. Бунда, сўнгги йилларда давлат томонидан балиқчилик соҳасини ривожланишига катта эътибор қаратилаётганлиги натижасида соҳанинг икки рақамли ўсиш суръатига, яъни 19,8 фоизга ошганлигини қайд этиш лозим.
Йил якунлари бўйича саноат тармоғида апрель-октябрь ойларида кузатилган иқтисодий пасайишни енгиб ўтиб, 0,7% даражада мўътадил ўсишга эришилди. Aсосий драйвери қайта ишлаш саноати бўлди. Мазкур саноат тармоғида ишлаб чиқариш ҳажми 7,1%га ошди ва ушбу кўрсаткич 2019 йилдаги ўсиш (6,6%)дан ҳам юқори ҳисобланади. 2020 йилда қайта ишлаш саноати тармоқлари орасида ишлаб чиқариш ҳажмининг энг катта ўсиши электрон ва оптик маҳсулотлари, компьютерлар ишлаб чиқаришида (ўсиш – 70,6%) кузатилди (бироқ унинг саноат ишлаб чиқариши умумий ҳажмидаги улуши нисбатан паст даражада сақланиб қолмоқда – 0,9%). Шу билан бирга, тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш 15,4%га, тайёр металл буюмлар 14,8%га, фармацевтика маҳсулотлари 13,4%га, озиқ-овқат маҳсулотлари 8,7%га ўсиш кузатилди. Тоғ-кон саноатида, аксинча, жиддий пасайиш кузатилмоқда ва ушбу пасайиш деярли 22% бўлиб, хусусан, табиий газ, шағал, майдаланган тошларни қазиб олиш ҳажми камайиши билан боғлиқ. Шунингдек, электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш 12,5%га ўсганини таъкидлаш жоиз.
2020 йил якунлари бўйича қурилиш соҳасида ўсиш суръатлари 2019 йилдаги 22,9%дан 9,1%гача пасайган бўлса-да, ҳали ҳам юқори динамика даражасига эга.
Хизмат кўрсатиш соҳаси, пандемиянинг яшаш ва овқатланиш, йўловчи ташиш хизматлари, чакана ва улгуржи савдо соҳаларига жиддий салбий таъсирига қарамай, йил якунлари бўйича 2,3% даражасида ижобий ўсишни сақлаб қолишга эришди. 2019 йилда ушбу соҳада ўсиш суръати 13,2%ни ташкил этган эди. 2020 йилда чакана савдо айланмаси ҳажми 3,2%га ўсди. Транспорт соҳасида асосий кўрсаткичларнинг пасайиши кузатилмоқда. Жумладан, юк ташиш айланмаси 4,8%га, йўловчи ташиш айланмаси 16,7%га камайди. Бу эса мамлакатда икки марта қатъий чеклов чоралари, шунингдек ташқи бозорларда экспорт маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайиши билан бевосита боғлиқ.
Пандемия республиканинг ташқи савдосига салбий таъсир кўрсатди. Йил якунлари бўйича ташқи савдо айланмаси 13,1%га камайиб, 36,3 млрд. долл.ни ташкил этди. Экспорт ҳажми 15,1 млрд. долл.га тенг бўлди. Бу ўтган йилга нисбатан 13,4%га кам ҳисобланади. Импорт ҳажми ҳам 12,8%га камайиб, 21,2 млрд. долл.ни ташкил этди. Ташқи савдо салдоси салбий 6 млрд. долл.га тенг бўлди.
Экспорт таркибида асосий пасайиш – хизматлар экспорти (41,7%) ҳамда энергия ва нефть маҳсулотлари экспорти (73,9%) ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти қиймати 16,5%га камайди. Шу билан бирга, тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечак экспорти 18,1%га ўсиб, 1,9 млрд. долл.га тенг бўлди. Олтин 18%га, машиналар ва ускуналар 9,4%га, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар 4%га ўсди. Импорт таркибидаги асосий пасайиш, хизматларнинг қарийб 50 фоизга, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларнинг 20%га, машиналар ва ускуналарнинг 16,2%га камайганлиги билан боғлиқ.
Пандемия ва унинг оқибатида бошқа мамлакатлар иқтисодиётида юзага келган таназзул шароитида Ўзбекистон, иқтисодий ўсишида ижобий динамикани сақлаб қолди. Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, мақсадли чеклов чораларини қўллаш натижасида кўпчилик корхоналар фаолиятини тўлиқ тўхташига йўл қўймаслик ва ишбилармонлик фаолиятини тиклашга имкон яратди. Тўртинчи чорак, иқтисодиёт учун нисбатан барқарор бўлиб, бу корхоналарнинг одатий ҳаёт ритмига қайтиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайиши учун зарур шарт-шароитларни яратди. Шундай қилиб, барча қийинчиликларга, иқтисодий ўсишнинг пасайишига қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти турли хил таъсирларга барқарорлигини намойиш этди.
Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш