Жаҳон банки Ўзбекистонда шаҳарсозликни ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллар ажратишни маъқуллади

Жаҳон банки Ўзбекистонда шаҳарсозликни ривожлантириш учун 100 миллион АҚШ доллар ажратишни маъқуллади

Ўзбекистоннинг икки жанубий вилоятидаги шаҳарлар "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида ўзларининг муниципал хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилашлари мумкин.

Лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллар миқдорида қўшимча маблағ ажратиш Жаҳон банки Директорлар Кенгаши томонидан тасдиқланди. Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.

Қўшимча молиялаштириш Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан 2019 йилдан буён Бухоро (Когон шаҳри), Наманган (Чортоқ шаҳри), Тошкент (Янгийўл ва Пскент шаҳарлари) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг географик кўламини кенгайтиради.

Лойиҳанинг янги компоненти бўйича тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини қамраб олади. Мамлакатнинг ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарларнинг якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.

Ушбу икки вилоятларда лойиҳада иштирок этадиган ўрта шаҳарлар махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга оширишни молиялаштириш учун маблағ олишади. Уларнинг таркибига шаҳар инфратузилмаси ва тегишли муниципал хизматларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар киради.

Масалан, ушбу дастурлар доирасида қуйидагилар молиялаштирилиши мумкин: сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш ва кенгайтириш; электр инфратузилмаси ва кўчаларни ёритиш, автомобиль йўллари, пиёдалар ва жамоат транспорти зоналарини модернизация қилиш; жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш; жамоат жойларини, боғларни, кўчаларни ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш; тегишли аҳоли пунктлари ҳудудида маданий мерос объектларини сақлаб қолиш бўйича реставрация ишларини олиб бориш.

Лойиҳада қамраб олинган шаҳарларнинг аксарияти ҳозиргача амалга оширилмаган иқтисодий салоҳиятга эга. Уларнинг аксарияти стратегик транспорт йўлаклари бўйлаб жойлашган. Баъзиларида сайёҳлар учун эътиборга сазовор масканлар мавжуд. Ушбу аҳоли пунктларининг кўпи ўз ҳудудига туташ қишлоқларда хизмат кўрсатиш соҳасида сифатли иш ўринларини яратиш имкониятига эга.

Лойиҳа доирасида тегишли шаҳарларни ривожлантириш бўйича инвестицион дастурлар юқори экологик стандартларга мувофиқ амалга оширилади ва шунингдек, жамоат жойларининг ҳаммага, жисмоний имкониятларидан қатъи назар ҳар бир кишига очиқ бўлишини таъминлайдиган тўсиқсиз муҳит яратишга қаратилган.

Тахминан 4 миллион одам ёки ҳар иккала вилоятдаги умумий аҳолининг тахминан 70 фоизи учун такомиллаштирилган шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизматлар, шунингдек янги иш ўринлари яратадиган лойиҳа тадбирлари натижасида ишга жойлашиш имкониятларининг кенгайиши тўғридан-тўғри ёки билвосита фойда келтириши кутилмоқда.

«Кўпгина мамлакатлар урбанизация жараёнидан тараққиёт драйвери сифатида самарали фойдаланганлар. Буни Хитой, Жанубий Корея ва Таиланд мисолларида кўриш мумкин. Ўзбекистон шаҳар инфратузилмаси ва муниципал хизмат кўрсатиш соҳасидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиши ҳамда жамоат жойларини модернизация қилиши керак. Ушбу чора-тадбирлар шаҳарларни яшаш учун янада жозибадор ва иқтисодий жиҳатдан самарали бўлишига ёрдам беради», - дея таъкидлади Марко Мантованелли, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. «Мамлакатнинг ўрта шаҳарлари тез суръатлар билан ўсиб бормоқда ва хизмат кўрсатиш соҳасида ёшларга иш ўринлари яратиш салоҳиятига эга. Инфратузилма ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг шаҳар хўжалиги ва муниципал хизматларни самарали бошқариш бўйича салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялар шаҳарларни яшаш, ишлаш ва бизнес қилиш учун қулай жойларга айлантиришга ёрдам беради. Ушбу муҳим мақсадга эришишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз!”

Шаҳар инфратузилмасига инвестициялардан ташқари, лойиҳа вилоят ва шаҳар ҳокимликларига шаҳар инфратузилмаси ва хўжалигига хизмат кўрсатиш учун зарур техника ва ускуналарни сотиб олиш имкониятини беради. Уларнинг ходимларининг шаҳарларни бошқариш, жумладан қуйидаги соҳаларда малакасини ошириш учун кўмак кўрсатилади: ушбу жараёнга замонавий экологик стандартларни жорий этиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш, аҳоли яшаш пунктларида хавфсиз ҳаракатланиш ва транспортнинг самарали мобиллиги учун шароитларни режалаштириш, шунингдек ушбу аҳоли пунктларининг барқарор ва экологик жиҳатдан тоза ривожланишига ҳисса қўшадиган бошқа соҳалар.

Бундан ташқари, ушбу лойиҳа мамлакат ҳукуматига шаҳарларни барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширишда давом этишга ёрдам беради. Масалан, катта ваколатлар ва ресурсларни ҳокимликларга топшириш учун шароит яратадиган маъмурий ва бюджет ислоҳотлари, шунингдек шаҳарсозлик тизимини ислоҳ қилиш, бу бутун мамлакат бўйлаб шаҳарларнинг тартибли ва барқарор ўсишини таъминлайди.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги лойиҳада иштирок этаётган тегишли ўрта ва кичик шаҳарларнинг ҳокимликлари ҳамда асосий тармоқ вазирлик ва идоралари билан яқиндан ҳамкорликда барча бешта вилоятларда лойиҳа фаолиятини амалга оширишни давом эттиради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар