Жамшид Қўчқоров бошчилигида бугунги кунда нархи пасайиши сабабли қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган пиёз масаласи ўрганилди

Жамшид Қўчқоров бошчилигида бугунги кунда нархи пасайиши сабабли қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган пиёз масаласи ўрганилди

Иқтисодий тараққиёт вазири Жамшид Қўчқоров раҳбарлигида ички истеъмол бозорига мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан фермер хўжаликлари, экспортёрлар, деҳқон бозорлари раҳбарларининг таклифлари билан ўртоқлашиш мақсадида очиқ давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилди.

Давра суҳбати очиқ мулоқот тарзида бўлиб, иштирокчилар бугунги кунда мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва сотиш жараёнидаги мавжуд айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Айниқса, бугунги кунда нархи пасайиши сабабли қатор муҳокамаларга сабаб бўлаётган пиёз масаласи муҳокама қилинди.

Сўнги 3 йилда пиёз экспорти ҳажми кескин 7,6 баробарга ошиб, 2012 йилдаги – 28,6 минг тоннадан, 2020 йилда 216,2 минг тоннага етган.

Лекин шунга қарамай пиёз экспорти уни ишлаб чиқариш хажмига нисбатан пастлигича қолмоқда, жумладан, 2020 йилда қилинган экспорт, етиштирилган пиёзга нисбатан 17,2 фоизни ташкил қилган.

Шу билан биргаликда, жорий йилнинг январь-май ойларида 124,8 минг тонна пиёз экспорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82,2% ташкил қилган, яъни 27,1 минг тоннага кам.

Ички ва ташқи бозорни мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари билан барқарор таъминлашда энг асосий муаммо бу ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар ўртасида онлайн маълумот алмашувининг мавжуд эмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, ички истеъмол бозорида талаб ва таклиф ўртасида мувозанатни сақлаш, маҳсулот етиштирувчи ва харидорларни улгуржи бозорларда кунлик шаклланаётган нархлар билан доимий хабардор қилиб бориш бўйича янгича тизим яратиш ва амалиётга жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Берилган таклифлардан келиб чиқиб бир ой муддатда:

- Тошкент шаҳридаги “Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори” ҳамда “Эски Жува деҳқон бозори” акциядорлик жамиятларида тажриба тариқасида бозор ҳудудига кунлик кириб келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг энг қуйи ва энг юқори нархи ва қайси ҳудуддан олиб келинганини ўз ичига олган дастурий таъминот ишлаб чиқилиши;

- ишлаб чиқилган дастурий таъминот орқали бозор ҳудудига кунлик келган мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари тури, миқдори, уларнинг нархи тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида доимий эълон қилиб борилиши;

- мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари нархларининг кўтарилиши ва унга таъсир этган омиллар ҳақида Давлат статистика қўмитасида доимий брифинг ўтказиб борилиши йўлга қўйилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар