Жисмоний шахсларга давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш имкони берилади

Жисмоний шахсларга давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш имкони берилади

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ва резидентлари бўлган жисмоний шахсларга давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш имконияти берилиши кутилмоқда.

Капитал бозорини ривожлантиришнинг беш йиллик стратегияси лойиҳасига кўра, 2020 йилнинг охирги чорагига қадар ушбу йўналишда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади.

Бундан ташқари, ҳужжатга асосан иқтисодиёт учун базавий ставкаларни белгиловчи давлат қимматли қоғозлари учун даромад эгри чизиғини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банкининг техник кўмагини жалб қилган ҳолда «Сукук» облигациялари ҳам жорий этилади.

2020 йилда эса, акциядорлик жамиятларининг устав фондида иштирок этиш бўйича чекловларни бекор қилиш орқали тижорат банкларини капитал бозорига кенг жалб этиш чоралари кўрилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, 2020 йилда Миллий холдинг компанияси ташкил этилиши мумкин. Акциядорлик жамияти шаклидаги компаниянинг устав капитали давлат улуши юқори бўлган камида 10та инвестиция-жозибадор корхоналар улушларини бериш орқали шакиллантирилиши назарда тутилган.

Миллий холдинг компаниясининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
– корпоратив бошқарувни халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш;
– холдинг компанияси таркибига кирувчи корхоналарнинг рентабеллигини ошириш;
– маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида ўз акцияларини жойлаштириш;
– касаба уюшмалари қўмиталари билан ҳамкорликда мазкур корхоналар мақсадларига эришишдан манфаатдорликни ошириш мақсадида ушбу компаниялар ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш.

Стратегия лойиҳасида 2021 йили лотерея, ютуқли ўйинлар ва акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнини тартибга солувчи «Лотерея тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Лойиҳада фақатгина давлат лотерея ташкилотчиси бўлиши мумкинлиги белгиланиши мумкин.

2021 йилда, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ва нотижорат ташкилотларининг барча ҳуқуқий шаклларини яратиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солувчи «Компаниялар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Стратегия лойиҳаси фақат рус тилида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ҳужжатнинг ўзбек тилидаги талқини билан Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги расмий сайтида танишиш мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар