Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига 7,46 миллион доллар ажратилади

Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига 7,46 миллион доллар ажратилади

“Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5011-сон, 02.03.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021–2022 йиллар учун электротехника тармоғи самарадорлигининг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.

Жумладан, тармоқдаги иш ўринлари сонини 2021 йилда 27 мингтага, 2022 йилда 34 мингтага етказиш назарда тутилган.

Қарор билан 2021–2022 йилларда электротехника саноатида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш дастури тасдиқланди.

Дастурга кўра, соҳада жами 136 та лойиҳанинг амалга оширилиши, бу орқали эса 9 657 та иш ўринлари яратилиши белгиланган.

2021 йил 1 мартдан электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун электротехника тармоғи корхоналарига Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган фоиз ставкаси билан миллий валютада бериладиган кредитларнинг 20 миллиард сўмгача бўлган қисми бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисми, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда уч йилгача компенсация қилинади.

2024 йил 1 январгача электротехника ва электромаиший маҳсулотларни барча мамлакатларга экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизини, бироқ маҳсулотлар экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 15 фоизидан, темир йўл транспортида 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қоплашга субсидиялар тақдим этилади.

2021 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 январгача электротехника маҳсулотларини сотишдан тушган тушуми миқдори умумий тушумининг 80 фоизидан кам бўлмаган электротехника тармоғи корхоналарига фойда солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилади.

Қарорга кўра, Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига 2021 йилнинг биринчи, иккинчи ва учинчи чоракларида тенг улушларда 75 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.

2022 йил мартдан ҳар йили Электротехника ва электроника халқаро савдо кўргазмаси (“Uzbek International Electrotechnics & Electronics Fair”) ташкил қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар