Кўпгина сабабларга кўра тадбиркорлар камдан-кам ҳолларда корпоратив облигацияларни қарз ҳисобидан молиялаштиришнинг рақобатдош усули деб билишади. Шу билан бирга, корпоратив облигацияларни чиқаришда қарз олувчи компаниянинг ўзи фоиз ставкасини ва эмиссия муддатини белгилайди. Бу компанияга кўпроқ имкониятлар беради, қарзни янада мослашувчан қилади.
Корпоратив облигациялар — акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар томонидан чиқариладиган облигациялар.
Корпоратив облигациялар очиқ ёки ёпиқ обуна орқали чиқарилиши мумкин. Уларнинг асосий фарқи шундаки, очиқ обуна бўлган тақдирда, қимматли қоғозларни жойлаштириш чексиз кўп инвесторлар ўртасида, ёпиқ обуна билан эса - олдиндан маълум бўлган чекланган инвесторлар орасида бўлади.
Шундай қилиб, қарз олувчи компания ўз мақсадларидан келиб чиқиб, потенциал инвесторларни олдиндан танлаши мумкин. Ёпиқ обунани танлаш облигациялар эмитентини оммавий эълон ва реклама кампаниясидан халос қилиши ва шу билан харажатларни камайтириши мумкин. Очиқ ва ёпиқ обуналар учун корпоратив облигацияларни чиқариш жараёни фарқ қилади.
Очиқ обуна орқали облигацияларни чиқариш учун компания 6 асосий босқичдан ўтади:
- Облигацияларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва тасдиқлаш.
- Рисолани тасдиқлаш.
- Облигация чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш ва "Тошкент" РФБ биржа котировкалаш варағига кириш.
- Қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш.
- "Тошкент" РФБда облигацияларни жойлаштириш.
- Облигациялар муваффақиятли жойлаштирилганидан кейин облигацияларни чиқариш натижалари тўғрисида хабар бериш.
Облигацияларни очиқ обуна орқали чиқариш учун қарз олувчига аудиторлик текширувидан ўтган молиявий ҳисобот ва рейтинг баллари керак бўлади. Бундан ташқари, компания сўнгги молиявий йилда рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг ижобий кўрсаткичларини намойиш этиши керак.
Облигацияларни ёпиқ обунаси орқали чиқариш учун қарз олувчи облигациялар чиқариш ва облигациялар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши ва тасдиқлаши керак.
Облигациялар муваффақиятли жойлаштирилганидан сўнг, компания облигациялар чиқариш натижалари тўғрисида хабар беради.
Очиқ обуна бўлганида, корпоратив облигациялар эмитенти инвесторларни жалб қилиш учун реклама кампаниясини бошлайди, ёпиқ обуна билан эса тайёр инвесторларни топиш жуда муаммоли бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тайёр сармоядорлари бўлмаган компаниялар ҳам корпоратив облигацияларни ёпиқ обуна билан чиқариши мумкин. 2001 йилда Ansher Capital инвестиция банки ташаббуси ҳамда бир қатор тижорат банклари, суғурта компаниялари, брокерлик, консалтинг ва инвестиция компаниялари кўмаги билан ташкил этилган Халқаро Эмиссияси Синдикати (ХЭС) облигациялар чиқарадиган компанияни хизмат кўрсатувчи провайдерлар ва потенциал инвесторлар билан бирлаштиришга имкон беради. 2001 йилдан 2008 йилгача бўлган давр ичида ХЭС 28 та корпоратив облигацияларни муваффақиятли жойласйтирди.
2008 йилда молиявий инқироз бошлангач ва кейинчалик Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозоридаги таназзулдан сўнг, ХЭС фаолияти тўхтатилди.
Шунга қарамай, 2020 йил ноябр ойида капитал бозорида қабул қилинган ислоҳотлар натижаси улароқ, маъсулияти чекланган (ва қўшимча) масъулиятли жамиятларга корпоратив облигацияларни чиқаришга яна рухсат берилгач, ХЭС аъзоларининг навбатдаги корпоратив облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришни ташкиллаштириш борасидаги йиғилиши бўлиб ўтди.
15.03.2021 йил ҳолатига кўра "Тошкент" РФБ савдоларида 6 та корпоратив облигациялар мавжуд, шулардан:
4 таси акциядорлик тижорат банки бўлиб, уларнинг облигациялари бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага боғланган.
1 эмитент - МЧЖ шаклидаги девелопер компанияси;
фоиз ставкаси ўзбек сўмининг AҚШ долларига нисбатан девалвация/ревалвация ставкасига боғлиқ;
1 эмитент - йиллик фоиз ставкаси 23 % қилиб белгиланган микрокредит ташкилотидир.
Қўшимча имкониятлар
Халқаро қимматли қоғозлар бозори қарз бозорининг кўплаб воситаларини ўз ичига олади. Ўзбекистон компаниялари учун қўшимча молиялаштириш манбаларини яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қўшимча ва ўзгартишлар киритишни ва қонун ҳужжатларида биржа облигацияси тушунчасини киритиш учун қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Биржада сотиладиган облигациялар - бу қарзлар бозорининг ваколатли рўйхатга олиш органида рўйхатдан ўтишни талаб қилмайдиган қисқа муддатли восита. Биржада сотиладиган облигацияларни рўйхатдан ўтказиш фонд биржасида амалга оширилади. Биржада сотиладиган облигацияларнинг муомала муддати 1 йилгача.
Корпоратив облигацияларни чиқаришни тартибга солувчи асосий қонунлар ва қоидалар қуйидагилардир:
- “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида” ги қонун
- “Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” Қоидалар.
Изоҳ қолдириш