"Тараққиёт стратегияси" маркази ва "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан муҳокама учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасида иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар таклиф қилинган.
Солиқ имтиёзлари
Коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттириш мақсадида қуйидагиларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш таклиф қилинди:
- туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳаларига берилган ер ва мол-мулк солиғини тўлаш бўйича имтиёзларга оид 20 мингта тадбиркорлик субъектининг 2020 йил якунига қадар кечиктирилган 400 миллиард сўмни қайтариши;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969‑сон Фармонида назарда тутилган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилишига чеклов
(2020 йил 31 декабрь ҳолатига мавжуд солиқ қарзга нисбатан);
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ–5978‑сон Фармонида назарда тутилган микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ариза бермасдан туриб солиқ органларини хабардор қилган ҳолда мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича берилган фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тартиби;
- “хуфиёна иқтисодиёт” улушини қисқартириш учун солиқ аудити ўтказишда “таҳлика-таҳлил” тизими босқичма-босқич жорий этилган ҳолда солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторий.
Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни камайтириш
Иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан камбағалликни қисқартириш ва узоқ муддатли барқарор иқтисодий ўсишнинг пойдеворини яратиш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:
а) ишсиз аъзолари бор оилаларга, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
- деҳқончилик билан шуғулланиш учун янги ўзлаштирилган, лалми, фойдаланилмаётган ер майдонларида 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратилиши;
- ажратилган ер майдонлари суғориш тизими (артезиан қудуқлар, томчилатиб суғориш тизими ва бошқалар) ҳамда электр энергияси билан таъминланиши;
- берилган ерларни ўзлаштириш учун (ер ҳайдаш, уруғ кўчат харид қилиш ва бошқалар) субсидия ажратилиши йўлга қўйилади.
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб эҳтиёжманд оилаларга деҳқончилик билан шуғулланиш учун кўмаклашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритади;
б) тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилиши амалиёти йўлга қўйилади.
- Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаш фаолиятига жалб қилишнинг янги механизмлари юзасидан таклиф киритади;
в) 2021 йил 1 мартдан бошлаб заргарлик соҳасида кенг имкониятлар яратиш учун кумушни ишлаб чиқарувчилар томонидан кумушни биржа орқали ундан тайёрланадиган буюмларини ишлаб чиқарувчиларга эркин сотиш тартиби жорий этилади.
- Молия вазирлиги бир ой муддатда кумушнинг ишлаб чиқарувчиларга биржа савдолари орқали сотилиши, биржага қўйиладиган кумуш ҳажмларини шакллантириш ҳамда маҳсулот бошланғич нархини асосли шакллантириш бўйича таклифларини ишлаб чиқиши керак.
Банк соҳаси
Марказий банк бир ой муддатда банклараро валюта бозорини тартибга солишни янада либераллаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи дастурни тасдиқласин ва йил якунига қадар унда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди:
- банклараро валюта бозорини “онлайн” платформага ўтказиш;
- тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш имкониятини яратиш;
- тижорат банкларининг валюта курсини аниқлашдаги ролини ошириш;
- расмий валюта курсини кунлик эълон қилиб бориш.
Транспорт сектори
Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ҳудудларнинг ривожланиши учун муҳим омиллардан бири бўлган ҳудудлараро транспорт алоқасини таъминлаш мақсадида, 2021 йил 1 мартдан бошлаб:
- Давлат бюджетидан субсидиялаш тизимини жорий этиш орқали энг йирик шаҳарлар ва туристик марказларга тезда келиб-кетиш имкониятини берадиган мунтазам авиа қатновларини йўлга қўйилади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларига республика бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа чипта нархининг 30 фоизини қайтариш (cash back) тартибини жорий қилинади.
Энергетика соҳаси
Электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида:
- 2021 йил 1 мартдан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади;
- 2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
- Энергетика вазирлиги “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда биринчи босқичда, 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилади.
Солиқ соҳаси
Давлат солиқ хизматининг фаолиятини “солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида ташкил этиш мақсадида кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари учун молиявий ҳисоботни автоматик тарзда шакллантириб, солиқ органларига юбориш ва мониторинг олиб бориш имконини берувчи электрон тизим 2021 йил 1 июнга қадар жорий этилади.
Белгилансинки, солиқ органлари томонидан мазкур электрон тизимдан фойдаланувчи кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятида солиқ аудити ўтказилмайди.
Божхона сектори
Божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 йил 1 июлдан бошлаб божхона назоратини олиб боришнинг қуйидаги тартиби белгиланади:
- тоифадан ташқари мақомидаги “Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари”ни синов тариқасида босқичма-босқич ташкил этилади;
- божхона расмийлаштируви жараёнларини масофавий бошқариш, инсон аралашувини кескин қисқартирилади;
- чегараларда ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан юк ташувчиларни рўйхатга олиш, ҳужжатларни текшириш, уларга кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундириш жараёнини рақамлаштириш, умумий онлайн назорат амалиёти жорий этилади.
Изоҳ қолдириш