Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг февраль ойида республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,9%га ошган.
Жумладан, Жиззах (39,5%), Тошкент (25,7%), Навоий (23,4%), Самарқанд (22,3) ва Андижон (19,4%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (21%) ва Тошкент шаҳрида (26,9%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумлари манбалари кесимида ҚҚС 15%га, даромад солиғи тушумлари 24%га, мол-мулк солиғи 31%га ва ер солиғи 18%га ошди, бу эса ой охиригача ўсишни сақлаб қолди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 22,4%га ошди. Божхона тушумларининг энг кўп ўсиши Сурхондарё (47,3%), Самарқанд (39,0%), Тошкент (25,9%), Фарғона (19,2) ва Жиззах (16,0%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (67,4%) ва Тошкент (45,0%) шаҳрида кузатилди.
Божхона тушумларининг ўсиши асосан товарлар турлари бўйича импорт ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 26%га ошгани, шу жумладан, транспорт ускуналари ва унинг бутловчи қисмлари, техник асбоб-ускуналари, электротехника ва унинг бутловчи қисмлари, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 28 февралга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,1%га ошган. Экспортнинг ўсиши Навоий (129,0%), Андижон (46,9%), Сирдарё (43,9%), Хоразм (38,0%) ва Қашқадарё (10,4%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (3,5%) кузатилди.
Ўзбекистон экспорт ҳажмининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари, саноат товарлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.
Экспортнинг қисқариши Фарғона (24,2%), Бухоро (20,3%), Тошкент (16,2%), Жиззах (12,9%), Самарқанд (7,9%), Сурхондарё (7,4%) ва Наманган (4,4) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (14,9%) қайд этилди.
Экспорт ҳажмининг камайиши Бухоро вилоятида – пахта толасининг ички бозорга йўналтирилиши ва нефт ва нефт маҳсулотлари экспортининг қисқариши, Фарғона, Жиззах ва Наманган вилоятларида – ип-калава экспортининг қисқариши, Тошкент вилоятида – металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспортининг қисқариши, Самарқанд вилоятида – мева-сабзавот маҳсулотлари ва ип-калава экспортини қисқариши, Сурхондарё вилоятида – ип-калава ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини қисқариши, Қорақалпоғистон Республикасида эса – пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда ип-калава экспорти қисқариши билан боғлиқ.
Жорий йилнинг 1 январидан 28 февралигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,3%га ошди.
Кредитлар бериш ҳажми Жиззах (122,6%), Сирдарё (50,7%), Хоразм (45,9%), Қашқадарё (38,5%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (74,9%) сезиларли сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 20,1%га ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Сирдарё (102,0%), Қашқадарё (72,4%), Самарқанд (55,1%) ва Сурхондарё (46,8%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (51,4%) ва Тошкент (6,9%) вилоятларида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, буғдой уни, буғдой, суюлтирилган газ, минерал ўғит, техник чигит, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва маиший материаллар, шакар, қора ва рангли металлар прокати, полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар савдосини кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.
Таҳлил қилинаётган даврда 15 404 та янги хўжалик юритувчи субъект ташкил этилди, уларнинг энг кўпи Самарқанд (1391), Қашқадарё (1346), Фарғона (1340), Тошкент (1167), Хоразм (1059), вилоятлари ва Тошкент (3012) шаҳарида рўйхатга олинган.
Изоҳ қолдириш