Карантин юмшатилиши билан Ўзбекистон иқтисодиёти қандай тикланаяпти

Карантин юмшатилиши билан Ўзбекистон иқтисодиёти қандай тикланаяпти

Марказий банк базавий ставкани ўзгаришсиз қолдирди, йиллик 15% даражада. Ташкилот қарорни инфляция даражасининг барқарорлашишини кутаётгани билан изоҳлади.

Марказий банк йил охиридаги инфляция башоратини ўзгаришсиз - 11-12,5% даражада сақлади, шу билан биргаликда иккинчи ярим йилликда инфляциянинг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Фаолиятнинг изчил жонланиши, шунингдек умумий таклифнинг талаб билан мувофиқлаштирилиши ҳамда тартибга солинувчи нархларнинг ўзгармаслиги - кутилаётган асосий омиллардир.

Июнь ва июль ойларида йиллик инфляциянинг пасайиш мойиллигини оралиқ кўрсаткичлардан паст даражада ушлаб туриш, йилнинг иккинчи ярмида базавий ставкани пасайтириш учун шароит яратади, дея қайд этди. Шу билан бирга, Марказий банк инфляция омиллари ва таваккалари моҳиятини ўрганишни ва инфляцияни башорат қилиш суръати асосида базавий ставка бўйича қарорлар қабул қилишни давом эттиради.

Шунингдек, Марказий банкда карантинни босқичма-босқич юмшатиш билан бир қаторда иқтисодий кўрсаткичлар қандай тикланаётгани ҳақида гапириб беришди.

Инфляция

Aпрель ойида пандемия таъсиридаги инфляция бозор нархларининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига, дори-дармонлар ва шахсий парваришлаш воситаларига талабнинг кескин ошишига мослашиши туфайли 1,7% ни ташкил этди.

Май ойида нархларнинг умумий даражаси бозорларни янги сабзавот ҳосиллари билан тўлдириш, чеклов чораларини юмшатиш ва иқтисодий фаолиятни босқичма-босқич тиклаш натижасида нисбатан барқарорлашди. Нархлар 0,3%га ўсди ва йиллик инфляция 14%ни ташкил этди, бу оралиқ кўрсаткичдан ошмайди.

Пандемия шароитида аҳоли асосан озиқ-овқат ва дори-дармон сотиб олиб, бошка турдаги маҳсулотларни сотиб олишдан чекланди. Бу истеъмол нархлари индексида, инфляция даражаси ҳамда аҳоли ва бизнеснинг кутилаётган инфляция даражасида акс этди, улар май ойида бироз пасайган, аммо ҳанузгача нисбатан юқори даражада сақланиб турибди.

Карантин чораларининг аста-секин юмшатилишига қарамай, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг истиқболлари тўғрисида ҳали ҳам ноаниқликлар мавжуд: бир томондан, ялпи талаб пасайиш таъсирига эга, бошқа томондан чекланган таклиф кучайтирувчи таъсирга эга.

Бундан ташқари, асосий савдо ҳамкорлари иқтисодиётининг узоқроқ тикланиши, шунингдек, бизнесни янги иқтисодий воқеликларга мослашуви вақти ва даражаси асосий таваккаллар ҳисобланади.

Йилнинг биринчи ярми охирига келиб, апрель ойидаги айирбошлаш курсининг ташқи шароитларга ва пандемияга таъсир қилиши нарх даражасига ҳамда йиллик инфляция суръатининг (14-14,5%) сақланиб қолиши кутилмоқда.

Иқтисодий фаоллик

Aпрель ойида карантин ва жаҳон бозори шароитларининг оғирлашиши сабабли ишбилармонлик фаоллиги сезиларли даражада пасайди. Ишлаб чиқаришнинг қисман тўхтаб қолиши ва аҳоли даромадларининг тушиб кетиши иқтисодиётдаги ялпи талабнинг пасайишига олиб келди.

Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий миқдори сезиларли даражада камайди - апрелда 39,8%га, май ойида 34,7%га (ўтган йилга нисбатан).

Май ойида савдо ва пуллик хизматлар терминаллари орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми апрель ойига нисбатан 25%га ўсиб, 5,2 трлн сўмни ташкил этди.

Шунингдек майда тижорат банкларига товарлар ва хизматларни сотишдан тушган нақд пул тушумлари тиклана бошлади. Aгар апрель ойида банкларга 3,4 трлн сўм келиб тушган бўлса, май ойида бу кўрсаткич 44%га ўсиб, 4,9 трлн сўмни ташкил этди.

Шунга ўхшаш ҳолат Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси савдоларида ҳам кузатилди. Aпрель ойида савдо ҳажми олдинги ойга нисбатан 9,4%га пасайган ва май ойида 39,7%га ўсган.

Бундан ташқари, трансчегаравий ўтказмалар оқими тикланмоқда, бу аҳолининг истеъмол кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиши керак. Шундай қилиб, май ойида апрель билан таққослаганда пул ўтказмалари ҳажми $234 млнга ошди ва $484 млнни ташкил этди.

Май ойи якунлари бўйича саноат соҳасидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми апрель ойидагига нисбатан 27% даражага кўтарилиши кутилмоқда.

Шунингдек, дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ярим йиллик натижаларига кўра, қурилиш соҳасининг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4% ва қишлоқ хўжалигида 3% атрофида бўлиши кутилмоқда.

Пул-кредит шароитлари

Марказий банк беш ой давомида ўртача даражадаги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб турди.

Aпрель ойи натижаларига кўра, кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари март ойига нисбатан 0,7% даражага пасайди ва 24,1%ни ташкил этди, бир йилдан ортиқ муддатли депозитлар бўйича 0,5%га ошди ва 19,3%га тенг бўлди. Бу умумий кредит портфелида юқори фоиз ставкалари ва истеъмол кредитлари улушининг камайиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу тенденция келгуси ойларда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.

Иқтисодиётга кредитлар сарфланмаларининг ўсиши, валюта курсининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда, май ойида апрелга нисбатан тезлашди (2,2%дан 2,8%гача) ва беш ой ичида 14,4% ёки 30 трлн сўмни ташкил этди.

Пандемия таъсири натижасида тижорат банкларининг депозит операцияларига талаби камаймоқда.

Май ойида банклараро пул бозори фаоллашди ва тузилган битимларнинг умумий ҳажми 4,4 трлн сўмни ташкил этди, бу апрель ойига нисбатан 2 трлн сўмга (85%) кўпдир.

Шу билан бирга, 14 кунгача бўлган муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг фоизли йўлагида баъзи ўзгаришлар билан шакллантирилди, узоқ муддатли манбаларга бўлган талабнинг ортиши сабабли 30 кун ва ундан ортиқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлди.

Миллий валютанинг айирбошлаш курси ташқи ва ички омиллар таъсирида апрел ойида 5,8%га қадрсизланди ва май ойида у нисбатан барқарор даражада шаклланди.

Forbes.uz

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар