Кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилади

Кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Карантин даврида кўпгина ташкилотлар тўлов қобилиятини йўқотиб, банкротлик ёқасига келиб қолиши мумкин. Шу сабабли, корхонага санация қўлланилса, унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги карантин тугаганидан кейин ундирилиши мумкинлиги белгиланди.

Йиғилишда давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизими танқид қилинди.

Унда ҳалигача бюрократизм сақланиб қолган. Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли уларнинг 53 фоизи кўпдан бери сотилмай турибди. Шунингдек, 57 та туман ва шаҳарда сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмаган. Жойларда давлат улуши мавжуд 552 та объект бўш турибди.

Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бундан буён кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилиб, бошқарувга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан бирга ушбу кичик саноат зоналари жойини аниқлаш, инфратузилмасига маблағ ажратиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиш билан шуғулланади. Уларни инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 миллиард сўм ажратилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар