Коронавирус пандемиясининг глобал иқтисодиётга ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкор мамлакатларига таъсири

Коронавирус пандемиясининг глобал иқтисодиётга ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкор мамлакатларига таъсири

2019 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида Хитой Халқ Республикасининг Ухань шаҳрида пайдо бўлган коронавирус пандемиясининг жаҳон миқёсида кенг тарқалиши глобал инқирозни вужудга келтирди. Бу жаҳон инқирозларидан турли жиҳатлари билан фарқ қилиб, иқтисодиётга салбий таъсири жуда кучлилигини кўрсатмоқда. Иқтисодий тилда айтадиган бўлсак, бу пандемия ялпи талаб ва ялпи таклифга, макроиқтисодий барқарорликка ташқи “зарба” бўлиб, олдинги иқтисодий инқирозлардан кўлами ва зарари жиҳатидан катта фарқ қилади. Қисқа вақт ичида COVID-19’нинг глобал миқёсда кенг тарқалиши деярли барча давлатлардаги иқтисодий ва ижтимоий вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, вируснинг таъсир кўлами кенгайишда давом этмоқда.

Коронавирус пандемиясигача бўлган даврдаги иқтисодий ривожланиш

Тадқиқотлар натижаси шундан далолат берадики коронавирус пандемияси бошлангунга қадар жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётларда ижобий силжишлар, барқарор ривожланиш аломатлари кузатилган. Охирги йилларда жаҳон иқтисодиётида иқтисодий ўсишнинг суръати ўртача 3 фоиз атрофида бўлса, унинг юқори суръатлари:

  • Хитой;
  • Тожикистон;
  • Арманистон;
  • Ўзбекистонда.

паст суръатлари:

  • АҚШ;
  • Буюк Британия;
  • Россия Федерациясида кузатилган.

Жаҳон иқтисодиётининг ялпи даромади 2019 йилда 84,5 триллион АҚШ долларни, шу жумладан:

  • АҚШ 20,6 триллион доллар (улуши 24,4 фоиз);
  • Хитой Халқ Республикаси 13,1 триллион доллар (улуши 15,6%);
  • Германия 3,9 триллион доллар (4,6%);
  • Буюк Британия 2,8 триллион доллар (3,3%);
  • Россия ва Жанубий Корея 1,5 триллион доллари (1,9%)ни ташкил этилишини 1-расмда кўришимиз мумкин.

Иқтисодий ўсиш суръатлари динамикаси

1-Расм. Жаҳон иқтисодиёти ва Ўзбекистон билан ҳамкор мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш суръатлари динамикаси

Халқаро валюта жамғармасининг (ХВЖ) жорий йил биринчи ярмида коронавирус пандемияси кенгайишининг тўхтатилиши ва иккинчи ярим йилдан бошлаб иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиши бўйича тахминларига асосланган базавий прогнозларига кўра, 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти 3 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Бу шароитда, иқтисодий пасайиш ривожланган давлатларда 6,1 фоизни (шу жумладан, АҚШ – 5,9 фоиз, Еврозона мамлакатлари – 7,5 фоиз) ва ривожланаётган мамлакатларда – 1 фоизни, шунингдек, Россияда – 5,5 фоизни ва Қозоғистонда – 2,5 фоизни ташкил этиши, Ўзбекистонда эса 1,8 фоизлик иқтисодий ўсиш прогноз қилинмоқда.

Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатнинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборат:

биринчидан, юзага келган мураккаб иқтисодий вазият банк ва молия секторидаги қандайдир инқирозли ҳолат натижаси эмас ҳамда фискал ёки монетар сиёсат орқали унинг тўлиқ ечимини таъминлаш имконияти чекланган. Мавжуд вазият, энг биринчи навбатда “инсоний” ёки “инсон соғлиги инқирози” билан боғлиқдир;

иккинчидан, одатда инқирозлар талаб (банк тизимидаги инқироз ва кредитларнинг секинлашуви, ёки давлат қарзининг ошиб кетиши натижасида харажатларнинг қисқариши, даромадларнинг камайиб кетиши) ёки таклифнинг яъни, ишлаб чиқариш ҳажмларининг кескин қисқариши (уруш ва табиий офатлар, қарз инқирозлари ва ҳ.к.) билан боғлиқ омилларнинг бири таъсирида юзага келади. Амалдаги иқтисодий вазиятнинг мураккаблиги, бир пайтнинг ўзида талаб ва таклифнинг қисқариши билан изоҳланади;

учинчидан, коронавирус пандемиясининг тўхтатилиши ва ундан кейинги босқичда чекловларнинг олиб ташланиши ҳамда ушбу касаллик тарқалишининг иккинчи тўлқини билан боғлиқ юқори даражадаги ноаниқликларнинг мавжудлиги:

  • бизнес субъектлари учун ишлаб чиқариш ва инвестицион лойиҳалар бўйича;
  • аҳолининг истеъмол фаоллигига;
  • ҳукуматлар томонидан фискал ва монетар қўллаб қуватлаш;
  • ташқи ва ички қарзларни жалб қилиш;
  • ижтимоий ҳимоя ҳажми ва дастурларини белгилаш борасида аниқ қарорларни қабул қилишда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Шу нуқтаи назардан коронавирус пандемиясининг мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш вазифаси, биринчи навбатда, ушбу касалликнинг аҳоли соғлигига таъсирини минималлаштириш, ушбу борада киритилган чекловларни эҳтиёткорлик билан босқичма-босқич олиб ташлаш ва келгусидаги вазиятни имкон қадар аниқроқ баҳолай олиш орқали инқироздан кейинги иқтисодий тикланиш сиёсатини тўғри шакллантириш ва амалга оширишдан иборат бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Парламентига Мурожаатномаси ҳамда мамлакатимизни 2017 – 2021 йилларда янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларини амалга ошириш Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган жорий йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб аталгани ва Давлат дастурининг қабул қилиниши, барқарор иқтисодий ривожланиш, халқ фаровонлигини оширишда муҳим дастурамал бўлиб хизмат қилади.

Коронавирус пандемиясининг глобал иқтисодиётга ва Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамкор мамлакатларига салбий таъсири

Глобал инқирознинг республикамиз ижтимоий – иқтисодий ривожланишига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз холатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора - тадбирлар тўғрисида” ва “Корновирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб – қувватлашга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида” ги фармонлари қабул қилинди ва амалиётда жорий этилмоқда.

Фармонда кўрсатиб ўтилгандек жаҳон миқёсида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда республикамизда инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш орқали мисли кўрилмаган чоралар кўрилмоқда. Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам мазкур омиллар таъсир қилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу ҳолатнинг салбий таъсирларини юмшатиш бўйича самарали олдини олувчи чоралар кўришни талаб қилади.

Бунда туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби республика иқтисодиётининг жадал ривожланаётган тармоқларини қўллаб -қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Глобаллашув ва интеграциядан, икки ва ундан кўп томонлама иқтисодий алоқалардан инқирозгача кўп наф кўрган мамлакатлар коронавирус пандемиясидан жуда кўп зарар кўрмоқда. Улар коронавирусга чалинганларнинг сони жиҳатидан дунёда пешқадам бўлмоқда.

Жумладан:

  • АҚШ да 2020 йил 20 апрель санасига 1 475 миллиандан ортиқ;
  • Испания 245 минг;
  • Италия 209 минг;
  • Буюк Британия 182 минг;
  • Франция 168 минг;
  • Германия 164 минг;
  • Россияда 134 минг;
  • Туркияда 124 минг ҳолатда коронавирус юқтирганлар қайд этилган.

Иқтисодиётнинг салоҳияти, савдо-сотиқ муносабатлар, мамлакатларнинг очиқлик даражаси, товарлар, инвестиция ва туристлар оқими ўзаро контактларининг ошишига ва пандемиянинг кенг тарқалишига сабаб бўлган.

Таҳлиллар шуни тақозо қилмоқдаки, мамлакатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши билан коронавирусга чалинганларнинг улуши ўртасида ўзаро корреляцион алоқадорлик ( R = 0,75) бор экан. Шунингдек, мамлакатларнинг коронавирус пандемиясидан иқтисодий йўқотишлари ҳам эпидемиядан зарарланиш улушларига боғлиқ.

Аҳоли даромадларидаги йўқотишларни қоплаш учун баъзи мамлакатлар пул тарқатмоқда. Аммо Ўзбекистон Республикаси ҳукумати муқобил қарор қилиб “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати орқали корхона ва жамоат ташкилотлари кам таъминланган оилаларга хайрия тадбирларини ўтказмоқда. Корхоналарнинг "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатида қатнашиши давлат томонидан инқироз йўқотишларини тадбиркорлар зиммасига ташлагани эмас, балки бу ҳаракат айни ялпи талаб тушиб бораётгандаги ҳолатни ўнглашга қаратилган ҳаракатдир. Чунки ялпи таклиф пасайган даврда ялпи таклифни аҳолига пул тарқатиш орқали ошириш инфляцияни оширади ва аҳоли ундан наф кўрмаслиги мумкин.

Корхоналарнинг умумхалқ харакатида қатнашиши уларга наф келтиради:

  • биринчидан,корхона товар ёки хизматларини (олдиндан тўпланган захираларини талаб тушиб кетган даврда сотиш учун реклама харажатларини қилиши керак бўларди;
  • иккинчидан,корхонанинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ харакатидаги иштироки харидорлар, унинг аҳоли ўртасидаги обрўси ва имиджини оширади;
  • учинчидан,умумхалқ ҳаракатида қатнашиш корхоналар ўртасидаги олдинги шаклланган занжирбанд иқтисодий алоқаларни жонлантиради. Бизнес юритиш фаоллашади ва тўртинчидан маркетиинг харажатлари тежалади, чунки улар келгусида жозибадор (consumer loyalty) истеъмолчилар гуруҳини шакллантиради.

Корновирус пандемияси тугагандан сўнг иқтисодий тикланиш ва ривожланиш

Инқироз давом этаётган даврида миллий иқтисодиётнинг биринчи галдаги вазифалари бозор ишончини тиклаш, нобозор секторини, биринчи навбатда рента муносабатлари таъсир ҳудудини қисқартириш ва рақобатчиликни ривожлантиришдан иборат. Миллий иқтисодиётни энергия-хом ашё йўлидан инновацион йўналишга ўтказиш самарадорлиги аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари, ҳокимият ва бизнес ўртасидаги алоқаларнинг ишонч даражаси билан белгиланади.

Шунингдек, корхоналарнинг рақобатбардошлиги ва уларнинг иқтисодий ҳолатига коронавирус пандемиясининг таъсирини юмшатиш мақсадида ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш, трансакцион сарфларни тежаш чора - тадбирлари тавсия этилган.

Молиявий ночор корхоналарга имтиёзли кредит бериш, банкдан олган кредитларини сўндиришга имтиёз яратиш, маҳсулотларнинг энергия ва бошқа хом ашё сиғимини пасайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини локализация дастурларига киритиш, уларнинг маҳсулотига бўлган ички талабни ошириш тадбирлари белгиланган. Ишлаб чиқаришни янги маҳсулотлар ва фаолиятлар билан кенгайтириш ҳисобига диверсификациялашни амалга ошириш, маҳсулотлар ва хизматлар ассортименти ва сифатини ошириш, улардаги қўшимча қиймат сиғимини ошириш, сотиш каналлари ва бозорларини кенгайтириш, бандликни, ўз – ўзининг бандлигини таъминлаш чора –тадбирлари кенг жорий этилмоқда.

Бу ҳолатлар келгусида мамлакатимиз тез фурсатда инқироз таъсиридан чиқган инқирозгача бўлган ҳолатни тиклаб барқарор ривожланиш траекториясига ўтишига хизмат қилади. Шу хусусида яна бир олимлар ўртасидаги инқироздан кейинги ривожланиш сценариялари мунозарали бўлиб турибди.

Айрим олим ва мутахассислар келгусида иқтисодиётларнинг ривожланиши тўғрисида лотинча L- шаклида ( L- shape), U- шаклида ( U –shape) ёки V –шаклида (V-shape) бўлишини прогноз қилишмоқда. Ушбу ҳарфларнинг кўриниши ялпи таклиф эгри чизиғининг шаклини ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда миллий иқтисодиётлар ва жаҳон иқтисодиёти олдинги шаклига кириб ривожланиш босқичига ўтади деганидир.

Ўзбекистон иқтисодиёти 5 ёки 6 ойда иқтисодий йўқотишларни қоплаб бу йилги ЯИМ нинг ўсиш суръати 1,2 – 1,5 фоиз атрофида ва кейинги йили 7,0 - 7,2 фоизга кўтарилади. Жаҳон иқтисодиёти ва ривожланган мамлакатлар (АҚШ, Германия, Туркия, Хитой, Россия) иқтисодиётлари иқтисодиётининг U – шаклда ривожланади, Бошқача қилиб айтганда бу иқтисодиётларга тикланиши ва ривожланиши учун кўпроқ вақт (бир ва бир ярим йил) талаб этилади.

Республикамиз учун коронавирус пандемияси таъсиридаги иқтисодий йўқотишларни қоплаш учун бизнингча бу йил 5 ёки 6 ой талаб этилади ва жорий йилда иқтисодий ўсиш пасайиб 1,2 – 1,4 фоиз атрофида бўлиши ва кейинги йили эса қабул қилинган Инқирозга қарши чора тадбирларнинг маҳсули сифатида ўсиш суръати 7,0 атрофида ва ундан юқори бўлади.

Вазиятнинг кескин ўзгарувчан бўлишини инобатга олиб бугунги кунда кутилаётган макроиқтисодий вазият бўйича нисбатан аниқ прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш мураккаб бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистоннинг "Бир макон-бир йўл" давлатлари билан ҳамкорлиги улкан ва ҳали тўла амалга оширилмаган салоҳиятга эга эканлигини аҳамиятга олиш даркор. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан билдирилган транспорт, инновация ва таълим соҳаларидаги аниқ ташаббуслар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янги даражага кўтара олади ва "Бир макон-бир йўл" доирасида барқарор иқтисодий ўсиш ва ривожланишга тўсиқ бўлиб турган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорликка йўналтиради. Ўзбекистон “Бир макон-бир йўл” лойиҳасини, транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларидаги ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Ҳамкорлик доирасида Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.

"Бир макон-бир йўл"га аъзо мамлакатлар билан сайёҳлик соҳасида фаол ҳамкорлик Ўзбекистон учун катта имкониятларни очади. “Бир макон-бир йўл”нинг 60 мамлакати энг йирик ташқи турист “етказиб берувчилар”дир. Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёдаги сайёҳлар томонидан сарфланган пулларнинг 20 фоизидан кўпроғи Хитой улушига тўғри келади. Улар 2017 йилда туризмга 250,6 миллиард доллар сарфлаган. Экспертларнинг қайд этишича, 2021 йилга келиб жаҳондаги Хитой сайёҳларининг сони 200 миллионга, уларнинг харажатлари 429 миллиард долларга етади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги даврда нафақат инсоният ҳаётига, балки айрим давлатлар ва умуман дунё иқтисодиётига ҳам жиддий хавф туғдирмоқда. Инвесторларнинг ваҳима сабабли акцияларини сотиб юбориши оқибатида дунё бўйлаб етакчи бўлган биржаларда юзага келган инқирозни экспертлар охирги 10 йилликда кузатилмаган, деб баҳолашмоқда.

Мазкур вазият оддий “информацион паника” эмас, балки жаҳон иқтисодиётига жиддий таҳдид эканини дунёдаги етакчи молиявий институтлар, халқаро ташкилотлар ва айрим давлатлар амалга ошираётган ҳаракатлардан ҳам кузатиш мумкин.

Жумладан, АҚШ Федерал Резерв Тизими иқтисодий фаолликни барқарор ҳолатда ушлаб туриш мақсадида, базавий фоиз ставкасини 0,5 фоиз пунктга туширди. Мазкур қарор 2008 йилги инқироз давридан бери биринчи марта бўлаётгани аҳамиятга моликдир. АҚШ молия вазирлиги ҳузурида кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш бўйича махсус комиссия тузилган.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) 2020 йилдаги жаҳон иқтисодий ўсиш суръатлари прогнозини 0,5%га камайтирди. ИҲРТ, савдо урушлари ва сиёсий танглик туфайли ўзи шундоқ ҳам “жар ёқасида”ги дунё иқтисодиётининг ҳозирги кундаги таъминот занжирининг узилиши, ресурсларга бўлган талабнинг сустлашиши, туризмдаги пасайиш тенденцияси ва касаллик сабабли истеъмолчилар ишончининг камайиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.

ИҲРТ ҳисоботига кўра, энг ёмон сценарий (Downside scenario) бўйича, яъни пандемия кўламининг дунё бўйлаб кенгайиши, пандемияга қарши қўлланиладиган чоралар ва ваҳима сабабли, ишлаб чиқаришга жиддий зарар келтириши ва оқибатда иқтисодий рецессияни олиб келиши, глобал иқтисодий ўсиш 1,5% гача пасайиши прогноз қилинган. Ўз навбатида, бу ҳолатнинг таъсири мамлакатлар учун жудаям кучли ва давомли бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда мазкур вазият юзасидан бўлган қисқа муддатли муҳим чораларни кўриш эҳтиёжини туғдирмоқда.

Бунинг учун:

биринчидан, фискал ва пул-кредит сиёсатни қўшимча қўллаб-қувватлаш ва мамлакатдаги таркибий ислоҳотларни кучайтириш лозим.

Мазкур чоралар иқтисодий ўсишни барқарорлигига, истеъмолчилар ва инвесторларнинг ишончини оширишга ва ноаниқликни камайтиришга ёрдам беради;

иккинчидан, корхона ва ташкилотларнинг молиявий аҳволини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар, жумладан солиқ ставкаларини маълум муддатга камайтириш, “солиқ таътиллари”, “солиқ кредитлари”ни тақдим қилиш ва узоқ муддатда қайтариш имкониятини яратиш, ҚҚСни тезкор қайтариш механизмларини жорий этиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Нақд пул оқими билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган корхоналарга, айниқса, кичик ва ўрта корхоналарга ёрдам беришга банклар томонидан имкон берилиши лозим. Зарар кўриши эҳтимоли бўлган ҳудудлар ва тармоқлар учун энергия манбалари нархини пасайтириш чоралари кўрилиши лозим.

Россия рублининг кучсизланиши – сўмнинг алмашув курсини кучайтириши, бу эса, Россия бозорида Ўзбекистон экспорт маҳсулотларининг қимматроқ бўлишига ва маҳаллий экспортёрларнинг даромадлари камайишига, ўз навбатида, бу ҳам Ўзбекистондаги валюта ҳажмини камайишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, Россия иқтисодиётининг сустлашиши оқибатида, Ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатимизга келтираётган 3,4 млрд. долларлик (ЯИМга нисбатан 5,9 фоиз) фойдасининг қисқаришига олиб келиши ҳам мумкин.

Аҳоли умумий даромадлари таркибида трансфертлардан келадиган даромадлар 25,3%ни ташкил этишини ҳисобга олганда, мазкур вазият Ўзбекистонда аҳолининг яшаш даражасига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Бунинг учун, иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва бандликни қўллаб қувватлаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ. Жумладан, кичик тадбиркорликни молиялаштиришни кенгайтириш, берилаётган кредитлар имтиёзли даврини узайтириш лозим.

Барча рухсат берувчи ва бюрократик тартиб-тамойилларга маълум муддат мараторий эълон қилиш, тадбиркорлик фаолиятидаги вужудга келаётган тўсиқ ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, бандликни таъминлаш бўйича кескин чоралар кўриш, қисқа муддатли иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш лозим.

Бугунги кунда айнан бу ҳолатни олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги “Уй-жой шароитларни яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №39 сонли қарорига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида” 2019 йил 20 августдаги ПФ-5785-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларининг уй-жой шароитини яхшилаш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жойлар қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши;

2021 йил ва кейинги йилларда уй-жойлар қуриш параметрларини шакллантиришда уларга уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун кўп квартирали уйлардан хонадонлар киритилиши белгиланганлиги;

Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун ипотека кредитларини ажратиш бўйича:

а) 2020 йил дастурлари ижроси доирасида:

- ипотека кредитлари бўйича имтиёзли давр 1 йил этиб белгиланади;

- ипотека кредитидан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланди;

- ипотека кредитлари фоизларини аннуитет тўловлари формуласи бўйича ҳисоблаш тартиби татбиқ этилади (ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ тўловни ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, бу шундай ҳисоблашни назарда тутадики, ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади);

Мазкур кўриладиган чоралар, ташқи глобал иқтисодий оқибатларни Ўзбекистонга таъсирини камайтириш, иқтисодий вазиятни мувозанатлаштириш учун хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, кўпгина давлатларнинг марказий банклари асосий фоиз ставкаларини тушириши молиявий секторда эмас, балки иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган. Агар 2008 йилдаги тажрибадан келиб чиқсак, ўша пайтдаги ушбу вазият капитал оқимнинг ривожланган давлатлардан ривожланаётган давлатларга (Хитойга) қараб ҳаракатланганлиги кузатилган. Шу сабабдан, Ўзбекистоннинг айни пайтдаги вазиятдан фойдаланиб қолиш имконияти мавжудлигини инобатга олиб, қулай инвестицион муҳитни яратишга катта эътибор қаратиш, инвестицион жозибадорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган Веб-сайтлар рўйхати:

  1. https://.review.uz
  2. https://index.minfin.com.
  3. https://coronavirus-monitor.ru
  4. https://ru.wikipedia.org

и.ф.д.проф.Рахимова Дилфуза Нигматовна

Иминов Акбаржон Одилжон ўғли

Ушбу мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, таҳририят ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар