Шавкат Мирзиёев пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш учун 3 та муҳим шартга амал қилишни таъкидлаб ўтди

Шавкат Мирзиёев пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш учун 3 та муҳим шартга амал қилишни таъкидлаб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирни очар экан, давлатимиз раҳбари пандемияни енгиб ўтиш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

Пандемия даврида дунё бўйлаб коронавирус аниқланган 200 миллион нафар беморнинг 4,2 миллион нафари вафот этди. Мамлакатимизда ҳам июнь ойининг иккинчи ярми ва июль ойидан касалланиш кўрсаткичлари кескин ўсиб, кунлик янги касалланиш ҳолатлари ўртача 750-800 тани, пневмония эса 450-500 тани ташкил этмоқда.

Бугунги кунда 10 мингга яқин бемор шифохонада, 3 минг нафари уй шароитида даволанаётган бўлса, 2,4 минг нафари оғир, 890 нафари ўта оғир аҳволда.

Шундай бўлсада, касалликни даволаш ва уни олдини олиш бўйича етарли тажриба орттирдик. Соғлиқни сақлаш тизими шай ҳолатга келтирилиб, барча зарур воситалар, етарли дори-дармон ва тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди. Ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқлари кескин карантин чекловларисиз фаолиятини давом эттирмоқда.

"Пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтишимиз ва кейинги тўлқинларга йўл қўймаслик учун, халқимиздан 3 та муҳим шартга қатъий амал қилиш талаб этилади.

Биринчидан, вирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар 4 турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келдик. Қайси турдаги вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти
пайдо бўлди.

Шу боис эмлаш тадбирларини кенг жорий этиш мақсадида куни кеча махсус қонунни имзоладим. Ушбу қонун орқали иш берувчиларга соғлиғига кўра қарши кўрсатма бўлмаган, лекин профилактик эмлашни рад этган ходимларини иш жойига киритмаслик ҳуқуқи берилди.

Иккинчидан, шахсий гигиена ва ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилиш, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш – касалликдан энг самарали ҳимоя эканини унутмаслик лозим.

Афсуски, одамларимиз бу талабни унутиб, эсдан чиқариб қўйгани ҳам, айни ҳақиқат. Чекловларга қарамасдан, жойларда кўп кишилик тўйлар, турли хил маросимлар тўхтагани йўқ.

Шу билан бирга, жорий ҳафтадан олийгоҳларга кириш учун тест имтиҳонлари бошланади, бу тадбирларда республика бўйича кунига 100 мингга яқин абитуриент қатнашади. Ушбу тадбирларни ҳам карантин талаблари асосида ташкил этиш зарур.

Учинчидан, касаллик енгил кечаётган ва уй шароитида даволанаётган беморларни ўзбошимчалик билан, пала-партиш дори воситаларини истеъмол қилишини олдини олиш зарур.

Афсуски, беморлар уй шароитида нотўғри даволанишлари натижасида оғир оқибатлар келиб чиқмоқда", - деди Президент.

Соғлиқни сақлаш мутасаддилари олдига уй шароитида даволанаётган беморларни тизимли назоратини ҳамда тўғри даволанишни тарғиб қилиш топшириғи берилди. Бунинг учун, махсус тиббиёт бригадалари сонини камида 2 бараварга ошириш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Бош прокурорга вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари билан биргаликда дорихоналарда коронавирусга қарши қўлланиладиган дори воситалари нархининг асоссиз ошиши ва уларнинг ноқонуний айланмаси бўйича кунлик назорат тадбирларини кучайтириш топширилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар