2021 йилнинг 10 март куни АҚШ Конгрессининг тадқиқотлар маркази “COVID-19”нинг глобал иқтисодий таъсири” номли 159 саҳифадан иборат маърузасини эълон қилди. Маъруза жорий йилнинг 9 июлида қайта янгиланган ҳолда, омма эътиборига ҳавола қилинди. Унга “Covid-19” пандемиясига жавобан дунёнинг йирик мамлакатлари ва катта иқтисодий салоҳиятга эга бўлган молиявий институтлари томонидан амалга оширилган чора-тадбирларга доир қўшимча манба ва маълумотлар илова қилинган. Мазкур материал дунё мамлакатлари бўйича хронологик тартибда гуруҳланган бўлиб, пандемиянинг дунё мамлакатлари иқтисодиётига таъсирини ўрганиш борасида ҳар томонлама қулай ҳисобланади, дейди техника фанлари доктори, профессор Мухсин Ходжиев
2020 йилнинг 11 мартида “Covid-19” деб ном олган янги вирусли касалликнинг авж олиши бутун дунёда расман “пандемия” сифатида тан олинди. Вирусли инфекция мамлакатлар ўртасида тез тарқалгани ва дунё ҳамжамиятига бирдек таъсир кўрсатгани ҳолда, глобал иқтсиодиётнинг ўзаро боғлиқлик тавсифига эга эканлигини яна бир бор намойиш қилди. 2020 йилнинг март ойи бошида инфекция маркази Хитойдан Европага кўчгани ҳолда, айниқса, Италияга жиддий таъсир кўрсатди.
Аммо 2020 йилнинг апрель ойида инфекция маркази АҚШга кўчди. 2021 йилнинг апрель ойининг ўзидаёқ, Бразилия ва Ҳиндистонда янги касалланиш ўчоқлари пайдо бўлгани ҳолда, мазкур мамлакатларда кунлик касалланиш ва ўлим ҳолатлари рекорд даражага етди.
Биринчи босқичда пандемия оқибатларига қарши иқтисодий чоралар молия бозорларини барқарорлаштириш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган кредитлар оқимини таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати билан боғлиқ бўлди.
Иккинчи босқичда асосий эътибор бюджет чора-тадбирлари орқали иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Учинчи босқичда вакцина яратиш, уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва оммавий эмлашни амалга ошириш давлат сиёсатининг асосий диққат марказида бўлгани ҳолда, мазкур босқич ҳозирги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Барчани воқелар ривожи келгусида қандай тус олиши ҳақидаги савол бирдек ўйлантириши табиий ҳолдир.
2021 йилнинг июль ойи бошида дунё миқёсида 184 миллиондан ошиқроқ киши касалланган бўлса, 4 миллиондан ошиқроқ киши мазкур касалликдан вафот қилганлиги қайд этилган. 2021 йилнинг июль ойи бошига АҚШда 33,6 миллион киши касалланган бўлса, 603 минг киши касалликдан вафот этган. Айни пайтда, дунёнинг 80дан ортиқ мамлакатлари чегараларни ёпишлари, карантин чекловларини жорий қилишлари оқибатида, бутун дунёда қарийб 1,5 миллиардга яқин болалар мактабга қатнаб анъанавий таълим олишдан бебаҳра қолишди.
Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи мамлакатларининг қарийб ярмидан кўп аҳолиси (230 миллион киши) чекловлар ва ўз-ўзини яккалаш шароитида кун кечиришди, шу билан бир қаторда 26 миллион европаликлар короновирус билан касаллангани ҳолда, уларнинг 580 мингдан ортиғи ушбу касалликдан вафот этди.
Пандемия дунё миқёсида иқтисодий ўсиш суръатларига жиддий салбий таъсир кўрсатди. Маълумотларга кўра, короновирус туфайли 2020 йилда дунё иқтисодиётининг ўсиши 4,5 фоиздан 6,0 фоизгача пасайган. Шу билан бир қаторда жаҳон иқтисодиётининг ўсиши 2021 йилда 2,5%дан 5,2%гача ўсиши башорат қилинмоқда.
Иқтисодий ўсишнинг ҳозирги динамикасида жаҳон иқтисодий фаоллигининг қарийб 60 фоизи тўғри келувчи ривожланган иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлар камида 2024 йилгача бўлган муддатда ўз имкониятлари даражасида фаолият кўрсата олмайдилар.
2020 йилнинг биринчи ярми ва йилнинг учинчи чорагида глобал иқтисодий инқироздан сўнг, дунё иқтисодиётида жонланиш ҳолатлари кузатилди. АҚШ ва Европа иқтисодиёти 2020 йилнинг учинчи чорагида тикланиш аломатлари сезила бошлади, хусусан АҚШ иқтисодиётида йиллик ҳисобда 5,0, Евроҳудудда эса учинчи чоракда 12,5% ўсиш кузатилди. 2020 йилнинг 25 ноябрида Япония ҳукумати мамлакат ЯИМи учинчи чоракда 4,7% га ўсганлигини маълум қилди.
2020 йилнинг 24 ноябрида АҚШнинг Доw Jones биржа индекси 2020 йилнинг 14 февралида қайд қилинган максимал қийматдан ошиқроқ қийматни қайд қилди.
Бироқ 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Европа ва АҚШда короновируснинг янги тўлқини авж олиши асносида янги чекловлар жорий қилинди. Бу ўз навбатида 2021 йилнинг камида учинчи чораги якунига қадар иқтисодиётнинг барқарор суръатларда тикланишини шубҳа остига қўяди.
Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб 100 миллиондан 110 миллионгача одам камбағаллик чегарасидан пастда турмуш кўришга мажбур бўладилар. Бундан ташқари, ҳисоб-китобларга кўра, глобал савдо 2020 йилда 9% гача пасайганлигини таъкидлашимиз мумкин. Пандемиянинг иқтисодий оқибатлари 1930 йилларнинг Буюк депрессиясидан бери кузатилмаган юқори ишсизлик даражаси билан тавсифланувчи бандликка, шунингдек, муттасил тарзда ўсиб борувчи қарздорлик даражасига таъсир кўрсатади. Коронавирусга қарши кураш чоралари туфайли иш ўринлари йўқотилишининг энг катта улуши хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг баҳолашларига кўра, 2020 йилда 93 фоиз ишчи ва ходимлар у ёки бу чеклашлар шароитида меҳнат фаолиятини олиб боришга мажбур бўлганлар, бунинг натижасида глобал пандемия туфайли 2020 йилда иш вақтининг салкам 9 фоизи йўқотилган. Короновирус туфайли 2020 йилда 2019 йилга нисбатан йўқотилган иш соатларининг умумий миқдори Европада (14,6%) ва Шимолий ва Жанубий Америкада (13,7%) ни ташкил қилган, бу ўз навбатида мазкур мамлакатлар ва минтақаларда карантин чекловларининг қатъий ва узоқ муддатли амал қилганлиги билан изоҳланади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2019 йилга нисбатан 2020 йилда глобал миқёсда иш ўринларининг йўқотилиши 114 миллион иш ўрнини ташкил қилган. Юқори ишсизлик даражаси туфайли йўқотилган иш соатларининг энг катта улуши Европа (6,0%), Америка (2,7%) ва араб давлатларида (1,7%)га тўғри келган.
Бир қатор иқтисодчилар ва мутахассисларнинг фикрича, пандемия туфайли меҳнат бозорида юзага келган номутаносибликлар ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиёти учун катта салбий таъсир кўрсатади.
Короновирус пандемиясининг жаҳон иқтисодиётига таъсири борасида ХВФ қуйидаги хулосаларни илгари суради:
1)аҳоли жон бошига тўғри келувчи даромад ҳажми бир неча йил давомида ўзининг пандемиядан олдинги даражасидан паст бўлади, бу эса ўз навбатида жорий унумдорлик даражасига салбий таъсир кўрсатади;
2)пандемияга қарши курашиш борасида миллий соғлиқни сақлаш тизимларига қўйиладиган талаблар бошқа касалликларни самарали даволашга салбий таъсир кўрсатади;
3)корхоналарнинг банкротлиги миллий ва глобал даражада унумдорликнинг пасайишига олиб келади;
4)қарз даражасининг ошиши потенциал қарз олиш имкониятлари ва инвестициялар оқимининг чекланишига сабаб бўлади.
ХВЖ башоратларига кўра, пандемия натижасида 2020 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда глобал иқтисодий ишлаб чиқаришнинг йўқотилиши 28 трлн. долларни ташкил этади. Биргина туризм соҳасида 120 миллиондан зиёд иш ўрнини янгидан тиклашнинг имкони бутунлай йўққа чиқади.
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) банкротлик туфайли 40 фоиз банк активлари хавф остида қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Масофадан туриб ишни ташкил қилиш ҳисобига бундай ходимларнинг улуши ривожланган мамлакатларда 20 фоиздан 25 фоизгачани, ривожланаётган мамлакатларда эса 20 фоизгачани ташкил қилади, бу ўз навбатида жамоат транспорти, умумий овқатланиш корхоналари ва чакана савдо шаҳобчаларига талабнинг қисқаришига олиб келиши мумкин.
Электрон тижоратнинг жадал ривожланиши дўкон ва рестораналарда кам ҳақ тўланувчи иш ўринларининг қисқаришига олиб келгани ҳолда, онлайн-савдо ва хизмат кўрсатиш марказларида янги ишчи ўринларига талабнинг ошишига олиб келади.
Қўйилган чекловларнинг меҳнат бозорига таъсири ишчиларни роботототехника билан алмаштиришга ундайди.
“Covid-19” пандемияси билан боғлиқ инқирознинг тезкор ривожланиш тавсифига эга эканлиги бир қатор олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган муаммоларни пайдо қилмоқдаки, бунинг натижасида эҳтимолли йўқотишларни баҳолаш фавқулодда мушкул вазифа ҳисобланади.
Мазкур муаммолар билан боғлиқ бўлган ҳолда пайдо бўлувчи бир қанча саволларга жавоб излаб топиш талаб қилинади, хусусан:
- Covid-19 билан боғлиқ бўлган инқироз қанча давом этади;
- қанча иш ўринлари вақтинчалик чекловларга дуч келади ёки бутунлай ёпилади;
- вируснинг янги штаммлари билан дунё мамлакатларининг яна қанча қисми зарарланади, бунинг натижасида иқтисодий фаоллик қай даражада пасаяди, иқтисодий тикланиш суръатлари қанчалик секинлашади;
- короновирус туфайли салбий иқтисодий самара ўзининг энг паст нуқтасига қачон етади;
- касалликнинг янада авж олиши туфайли келгусида иқтисодий фаоллик қай даражада бўлади;
- инқироздан чиқиш борасида миллий ва глобал даражада пул-кредит ва фискал сиёсатнинг қайси шакл ва усулларидан фойдаланган маъқул;
- инқирознинг бизнесга вақтинчалик ва доимий таъсири қандай бўлади;
- чекловлар шароитида ишлаб чиқаришни қай тарзда ташкил этиш мақбул саналади;
- иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда иқтисодий сиёсат ва соғлиқни сақлаш борасида илгари сурилувчи талаб ва эҳтиёжлар ўртасидаги нисбат қай даражада бўлмоғи лозим?
Тан олиб айтишимиз лозимки, бугунги кунда дунё иқтисодиёти мавҳумлик шароитида ривожланмоқда. Америкалик иқтисодчиларнинг фикрига кўра, пандемия шароитида иқтисодий пасайишнинг асосий омили бу иқтисодий ноаниқлик билан боғлиқдир. Иқтисодиётда давлат томонидан амалга оширилаётган иқтисодий сиёсатнинг қай даражада аниқлигини белгилаш борасида иқтисодий сиёсатнинг ноаниқлик индекси – Economic Policy Uncertainty (EPU) дан фойдаланилади.
Агар 1997 йилдан то 2017 йилгача бўлган давр оралиғида EPU индексини таҳлил қилсак, дунё ялпи ички маҳсулотининг учдан икки қисмини ишлаб чиқарувчи дунёнинг 18 та мамлакатида иқтисодий сиёсатнинг ноаниқлик индекси 150- 300 оралиғида ўзгарганлигини кўришимиз мумкин. Аммо, таҳлилчилар пандемия туфайли иқтисодий сиёсатнинг ноаниқлик индекси кейинги бир ярим йил ичида 450 пунктдан пастга тушмаётганлигини айтишмоқда.
Мана шундай ноаниқлик ҳукм сураётган бир пайтда дунё ҳамжамияти мамлакатлари барқарор иқтисодий тараққиётга эришиш борасида ўз дастур ва режаларини ишлаб чиқиб, ҳаётга изчил жорий қилишга интилмоқдалар.
Бугунги кунда дунё мамлакатлари тажрибасини ўрганиш асосида пандемиядан кейинги даврда мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун қуйидаги йўналишларда ҳатти-ҳаракатларни жамлашимиз лозим, деган хулосага келамиз:
- барча ҳатти-ҳаракатларимизни билимлар асосига қуриш. Бугунги кунда “билимлар иқтисодиёти”га асосланган миллий иқтисодиётларнинг тараққиётнинг чўққисига эришганлиги ҳеч кимга сир эмас.
- мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар пировард натижада аҳоли фаровонлигига, бир сўз билан айтганда инсон капитали сифатини яхшилашга хизмат қилиши лозим;
- бутун дунё мамлакатлари учун экологик хатарлар, ерларнинг чўлланиши, табиий ресурслар миқдорининг кескин камайиб кетиши хавф солаётган бир пайтда “яшил иқтисодиёт” унсурларини ҳаётга изчил жорий қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади;
- ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирда дунё тобора рақамлашиб бормоқда, рақамли технологиялар, рақамли иқтисодиёт кундалик ҳаётимизга янада чуқур кириб келди, шундан келиб чиққан ҳолда, айтишимиз мумкинки, истиқболда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиши рақамли иқтисодиёт унсурларининг қанчалик изчил жорий этилишига боғлиқдир;
- иқтисодий тараққиётга эришиш саноатлаштиришсиз амалга ошиши мушкул эканлигини бугунги ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди, шу боис тараққиётга эришишни истаган мамлакат саноат ишлаб чиқаришини жадал ривожлантиришга ҳар томонлама интилиши лозим;
- иқтисодий тараққиётга эришишнинг яна бир муҳим шарт жадал интеграциялашув ҳисобланади. Бу борада кейинги йилларда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган фаол очиқлик сиёсатини олқишлаш лозим.
Илмий ҳамкорлик, информацион ресурслардан биргаликда фойдаланиш, тинчлик ва барқарорлик йўлида сиёсий ва иқтисодий интилишларни бирлаштириш орқалигина пандемиядан эсон-омон чиқиб олишимиз мумкин-деб ёзади Ҳиндистоннинг “Тандерберд” халқаро менежмент мактаби декани Санджив Хаграм (Sanjeev Khagram).
1972 йилда биолог олимлар Стивен Джеей Гоулд ва Найлз Элдрежлар томонидан узлуксиз мувозанат назарияси илгари сурилган эди. Мазкур назарияга кўра, дунёда тирик организмлар популяцияси тарихан қисқа, аммо мураккаб шароитларда сезиларли даражада эволюцион ўзгаришларга учрайди. Юқорида номлари зикр этилган олимларнинг таъкидлашларича, тирик организмларнинг эволюцияси барқарор ва давомли жараён ҳисобланмайди, аксинча у биологик турлар юқори босим, хусусан инқироз шароитига тушиб қолганида жадаллашади.
Ҳозирги “COVID-19” короновирус инфекцияси пандемияси шароитида инсоният ҳудди шундай мураккаб вазиятни ўз бошидан кечирмоқда. Инсонлар, жамият ва ташкилотлар ушбу инқироз шароитида сезиларли қийинчиликларга дуч келмоқдаларки, бу ҳолат биологик ва рақамли дунё чегараларини бирлаштиргани ҳолда, тўртинчи саноат инқилобини тезлаштиради.
Пандемия бизни XXI аср технологиялари-сунъий интеллект, интернет буюмлар, ижтимоий медиа, рақамли ўқитиш платформалари, вритуал реаллик, учувчисиз учиш аппаратлари ва шу кабиларга қанчалик боғланиб қолганлигимизни ҳис этишга мажбур қилади. Бундан ташқари, бундай мисли кўрилмаган шарт-шароит ва имкониятлар бизни рақамли, биологик ва жисмоний технологияларга кўпроқ таянишга ва бу истиқболли технологияларнинг янги қадриятларни яратиш учун қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида кўпроқ бош қотиришга ундайди.
Тўртинчи саноат инқилоби (Industry 4.0) саноатда ахборот технологияларини оммавий жорий этиш, бизнес-жараёнларни кенг миқёсда автоматлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий қилишга асосланган ишлаб чиқаришга янгича ёндашувни ўз ичига олади. Тўртинчи саноат инқилоби (Industry 4.0) тушунчасини илмий муомалага дастлаб 2016 йил Даос бутунжаҳон иқтисодий форумида немис иқтисодчиси Клаус Шваб олиб кирган. Унинг фикрича аввалги инқилобларда бўлгани каби, тўртинчи саноат инқилоби ҳам ишлаб чиқаришга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб юборади. Сунъий интеллект, роботлаштириш, уч ўлчамли чоп қилиш, интернет буюмлар, булутли технологиялар, виртуал реаллик, big-data, био ва нейротехнологиялар бизнинг кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисимга айланиб боради.
Бугунги кунда дунёда 7 миллиарддан ортиқроқ инсонлар ўз-ўзини чеклаш шароитида кун кечириб келмоқда. Бундан бир неча ой олдин тасаввуримизга сиғдиришимиз қийин бўлган масофадан туриб ишни ташкил қилиш, масофавий ўқитишни йўлга қўйиш бугунги кунда янгилик бўлмай қолди. Ҳозирда дунёда 1,5 млрд. талаба масофавий таҳсил олмоқда. Иқтисодиётнинг турли сектор ва соҳаларида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ва бизнес тузилмалар ўзларининг бизнес моделларини рақамли технологиялар асосида қайта қуришга интилмоқдалар.
Шуни таъкидлаш лозимки, музонатли ҳолатнинг кескин издан чиқиши кузатилувчи тарихий вазиятларда, иқтисодиёт ҳамиша яшаб қолиш учун бор кучи билан интилади. Айнан, мана шундай интилишлар натижасида жамият ҳаётини тубдан ўзгартириб юборишга қодир бўлган янгиликлар ва ихтиролар яратилади. Бугунги даврни олимлар “Антропоцен” деб аташади, чунончи инсоният сайёрамиз экотизимини шакллантириш борасида етакчилик қилувчи куч саналади. Шу сабабли, ўзгаришларни ҳис қилган жамият ҳамиша дунё ҳамжамиятида етакчилик қилиб келади, ўзгаришларни вақтида илғай олмаган ва бундай ўзгаришларга мослаша олмаган жамиятнинг келажаги йўқ.
Мухсин Ходжиев
Гулистон давлат университети ректори,
техника фанлари доктори, профессор
Изоҳ қолдириш