Лайло Рустамова: Электрон кундаликнинг жорий этилиши билан қоғоз кундаликдан воз кечилмоқда

Лайло Рустамова: Электрон кундаликнинг жорий этилиши билан қоғоз кундаликдан воз кечилмоқда

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова махсус брифинг орқали ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган электрон кундалик масаласидаги қатор саволларга жавоб берди.

«Ўзбекистонда ҳар ким бепул таълим олиш ҳуқуқига эга. Электрон кундалик учун тўлов боланинг бу ҳуқуқини чекламайдими?» деган саволга ХТВ расмийси «Йўқ» дея жавоб берди.

«Йўқ, чекламайди. Сабаби кундалик ёки бошқа ўқув анжомлари мактаб томонидан бепул берилмайди. Ота-оналар ҳар доим ўз фарзандлари учун зарур барча нарсаларни ўзлари харид қилиб келишган.

Электрон кундаликнинг жорий этилиши билан қоғоз кундаликдан воз кечилмоқда. Бунда қоғозли кундаликнинг ўртача баҳоси ҳисоби олиниб, унинг электрон муқобили учун йиллик обуна 9200 сўмга баҳоланмоқда.

Шуларни инобатга олиб, Халқ таълими вазирлиги 2020/2021-ўқув йили бошланишидан олдин электрон кундалик жорий этилаётган мактабларнинг ота-оналарига қоғоз кундалик сотиб олмасликни сўраб мурожаат қилган», – деди Лайло Рустамова.

Унинг айтишича, кундаликнинг электрон талқини ота-онага ва боланинг бошқа яқинларига дарсларни, уй вазифаларни, болаларнинг давоматини уйдан чиқмасдан туриб, ишдан чалғимаган ҳолда ва ҳатто чет элда туриб ҳам назорат қилиш имкониятини беради.

«Ушбу кундалик ёрдамида ота-онада боланинг уй вазифаси, давомати, шарҳлар, баҳолар, мактаб ҳаётидан доимий хабардор бўлиш имконияти мавжуд. Агар уй вазифасини бажариш жараёнида болада савол туғилса, у ўқитувчисига тизим орқали тўғридан-тўғри мурожаат қилиши ҳам мумкин. Ўқитувчи эса, ўз навбатида, ўқувчиларга қўшимча ўқув материалини тақдим этиши, видео дарсига ҳавола юбориши мумкин бўлади», – деди вазирлик расмийси.

Шунингдек, Лайло Рустамова ота-оналарда танлаш ҳуқуқи борлигини таъкидлади.

«Улар ушбу тизим орқали фарзандларининг билим олиш даражасини назорат қилиши ва бу билан унинг сифатини ошириб бориши ёки электрон кундаликдан воз кечган ҳолда боланинг баҳоларини мактабга борганда билиб туришлари мумкин. Ҳеч кимга ҳеч қандай мажбурий талаб йўқ.

Биламизки, ҳеч қандай янгилик осонлик билан қабул қилинмайди. Лекин айтиш жоизки, электрон кундаликнинг афзалликлари жуда кўп. Бу биринчи навбатда ўқитувчининг вақтини тежашдир. Ўқитувчилар эндиликда қоғоз журналини тўлдирадиган вақтини ўзи ва ўқувчилари устида ишлашга сарфлаши мумкин бўлади.

Кўп йиллар давомида электрон журнал ва кундалик қўлланилаётган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ўқитувчилар унинг ёрдами билан ҳар чоракда 20 соатдан ортиқ иш вақтини тежай олади», – деди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Лайло Рустамова.

Шунингдек, вазирлик вакилининг маълум қилишича, Ўзбекистонда бугунги кунга қадар электрон Кундалик тизимида рўйхатдан ўтган мактаблар сони 1557 та бўлиб, шундан 1482 та мактаб қоғоз журнал ва кундаликдан бутунлай воз кечган.

Унинг сўзларига кўра, электрон обуна учун 9200 сўм бўлган тўловни 30 ноябрдан эътиборан амалга ошириш мумкин.

«23 ноябрдан синов муддатининг охирги 7 куни бошланган. Ота-оналарга ўзларининг профилларидан кириш ва барча фарзандларининг кундаликларини кўра олаётганликларини текширишлари тавсия этилади», – деди вазирлик вакили.

Электрон кундалик хорижий компанияники бўлса, бу болаларнинг маълумотларини хавфга қўймайдими? Ушбу саволга Лайло Рустамова қуйидагича жавоб берди.

«Электрон кундалик фойдаланувчилари тўғрисидаги барча маълумотлар «Ўзбектелеком» серверларида сақланади. Бу эса, ўқув жараёнидаги барча иштирокчиларнинг шахсий маълумотлари ишончли ҳимоясини таъминлайди. Бундан ташқари, Kundalik.com TAS-IX ҳудудида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлашда уяли алоқа операторлари орқали фойдаланилганда интернет-трафик сарфланмайди.

Агар электрон кундаликни қўллаш бўйича саволлар юзага келса, уларга жавобларни компаниянинг қўллаб-қувватлаш хизматига +998 (78) 888-82-82 рақами орқали мурожаат қилган ҳолда олиш мумкин», – дейди Лайло Рустамова.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар