Марказий банк 2020 йилда ўзбекистонликлар қанча валюта сотиб олгани бўйича маълумот тақдим этди

Марказий банк 2020 йилда ўзбекистонликлар қанча валюта сотиб олгани бўйича маълумот тақдим этди

2020 йилда ички валюта бозорининг барча сегментларида, хусусан, амалга оширилган операциялар ҳажми ва бозор иштирокчилари сонида ўсиш кузатилди.

Ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 19,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 ва 2019 йилларга нисбатан мос равишда 1,7 ва 1,3 баробарга ўсди, деб хабар бермоқда Марказий банк ахборот хизмати.

Таъкидланишича, 2020 йилда юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2019 йилга (13,7 миллиард АҚШ доллари) нисбатан 12 фоизга ўсиб, 15,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Валюта бозорида чет эл валютасининг асосий қисми (60 фоизи) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 21 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 15 фоизи – хорижий кредитларни сўндириш, 1 фоизи – хорижий инвесторлар даромадлари репатриацияси ва қолган 3 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

Марказий банк ахборотига кўра, 2020 йилда ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектлар сони 16 фоизга кўпайиб, декабр ойида 8,9 мингтани ташкил этди (2019 йилнинг декабр ойи – 7,6 минг).

Жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали 2020 йилда сотилган чет эл валютаси миқдори эса 4,6 миллиард АҚШ долларини (2019 йил – 3,8 млрд АҚШ долл., ўсиш 21 фоиз), сотиб олиш ҳажмлари 4,1 миллиард АҚШ долларини (2019 йил –1,8 млрд АҚШ долл., ўсиш 2,3 баробар) ташкил этди.

Халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткич доирасида шаклланди.

Марказий банк вакилининг маълумотига кўра, пандемия туфайли давлатлар чегарасини босиб ўтишдаги қийинчилик сабаб кўплаб пул оқимлари расмий секторда акс этган. Шу туфайли 2020 йилда халқаро пул ўтказмалар ҳажми 2019 йилдаги рақамлардан катта фарқ қилмади.

Бош регулятор учун 2021 йилда ҳам валюта сиёсатини эркинлаштириш жараёнини давом эттириш муҳим ҳисобланади. Шу йили валюта кредитлари улушини ҳозирги 50 фоиздан 45 фоизга, яъни камида 2 миллиард долларга пасайтириш лозимлиги таъкидланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар