Марказий банк асосий ставкаси 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолди

Марказий банк асосий ставкаси 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолди

Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолганини маълум қилди.

«Ушбу қарор иқтисодиётда бир вақтнинг ўзида инфляцияни оширувчи хатарлар ва пасайтирувчи омилларнинг мавжудлиги шароитида ижобий реал фоиз ставкаларни таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсати жорий йўналишини сақлаб қолиш мақсадида қабул қилинди» дейилади хабарда.

Пандемия шароитида бюджет харажатларининг ортиши ва фискал рағбатлантириш иқтисодий жараёнлар ва фаолликни қўллаб-қувватлашнинг асосий омилларидан бўлди.

Фоиз ставкалари карантин даврига қарамасдан I ярим йиллик якунлари бўйича ижобий иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш учун шароит яратди. Жорий йилнинг июнь-июль ойларида нархларнинг нисбатан секинроқ пасайиши ва инфляция прогнозидан бироз оғиши кузатилди.

Бунда, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кўриб чиқиш масаласи кейинги бошқарув йиғилишларига қолдирилди ва инфляция пасайиш динамикасининг барқарор даражада шаклланишидан келиб чиқилади.

Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини 11-12,5 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақлаб қолди ва Ҳукумат билан биргаликда унга эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

Жорий йилнинг I чорагида йиллик инфляция даражаси мақсадли кўрсаткичлар траекториясидан пастроқ бўлди.

II чоракдан бошлаб инфляция даражаси ўтган чоракка нисбатан бироз кўтарилди ва июнь ойи якунлари бўйича 14,2 фоизни ташкил этди. Жорий йил иккинчи чорагида нархларнинг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларига бўлган юқори талаб ҳамда июнь ойида мева ва сабзавотлар нархининг мавсумий пасайишининг кутилганидан кўра секинроқ бўлиши каби омиллар оширувчи босим кўрсатди.

Иккинчи чоракда базавий инфляция нисбатан юқори ўсиш суръатига эга бўлди ва июнь ойида йиллик 13,8 фоизни ташкил этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар