2022 йил январь-июнь ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 316,3 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 36,4 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.
Жумладан, банк кассаларига нақд пул тушумлари 152,3 трлн. сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 164,0 трлн. сўмни ташкил этди.
1-расм. Нақд пул тушумлари ҳажми ва таркиби динамикаси (2020-2022 йилларнинг январь-июнь ойлари) млрд.сўмда
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида банк кассаларига жами нақд пул тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,0 фоизга ошган бўлса, савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар 25,0 фоизга (14,3 трлн.сўм) ва банк хизматларидан нақд пул тушумлари 53,4 фоизга (17,6 трлн.сўм) ошди. Натижада, жами тушумлар таркибида савдо ва хизматлар соҳасидан тушумлар улуши 2,6 фоизли бандга камайди.
2022 йилнинг 6 ойида савдо ва хизматлар соҳасидан жами тушумлар 114,7 трлн. сўмни ташкил қилиб, шундан, 62,5 фоизи (71,7 трлн.сўм) нақд шаклда, 37,5 фоизи (43 трлн.сўм) терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинди. Ўтган йилнинг шу даврида мос равишда 64 фоизи (57,4 трлн.сўм) нақд шаклда, 36 фоизи (32,2 трлн.сўм) терминаллар орқали банк ҳисобрақамларига кирим қилинган.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлардан) берилган нақд пуллар 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 40,8 фоизга (47,5 трлн.сўм) ошиши кузатилган бўлса, ушбу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 22,2 трлн. сўмга (52,7 %) ҳамда банклар томонидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун 13,6 трлн. сўм (43,7%) ошиши ҳисобига юзага келди.
2-расм. Банклардан нақд пулдаги чиқимлар ҳажми ва уларнинг мақсадлари бўйича таркибий динамикаси (2020-2022 йилларнинг январь-июнь ойлари) млрд.сўмда
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида банк карталарига кирим қилинган маблағлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 80,6 фоизга (102,3 трлн.сўмга) ошиб, 229,2 трлн. сўмни ташкил қилди.
Ушбу маблағларнинг 80,1 трлн.сўми - пенсия, нафақа ва иш хақи тўловлари, 67,9 трлн.сўми - халқаро пул ўтказмалар бўйича ва картадан картага ўтказмалар, 47,1 трлн.сўми - нақд пулда ва омонат ҳисобварақлардан банк карталарига кирим қилинган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
Ушбу даврда банк карталаридаги 64,3 трлн. сўмлик (28,1 фоиз) маблағлар аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.
Шундан, банкоматлар орқали 50,4 трлн. сўмлик ва банк кассалари орқали 13,9 трлн. сўмлик нақд пуллар ечилган.
3-расм. Банк карталарига келиб тушган маблағлар ва уларни нақдлаштириш ҳажмлари динамикаси (2020-2022 йилларнинг январь-июнь ойлари) млрд.сўмда
Банкларга тушган нақд пулларнинг уларга бўлган талаб ўртасидаги фарқ Марказий банк томонидан муомалага қўшимча нақд пулларни чиқариш орқали таъминлаб борилди.
Жумладан, Марказий банк томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 11,8 трлн. сўм нақд пуллар чиқарилди ва 1 июль ҳолатига нақд пулларнинг умумий пул массасидаги улуши 25,6 фоизни ташкил этди.
4-расм. Муомаладаги нақд пулларнинг пул массасидаги улуши динамикаси
Изоҳ қолдириш