Masdar билан иккита қуёш электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзоланди

Masdar билан иккита қуёш электр станциясини қуриш бўйича шартномалар имзоланди

12 июль куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси билан ҳамкорликда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қурилиши режалаштирилган иккита қуёш фотоэлектр станцияси учун лойиҳа келишувларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Халқаро Молия корпорацияси (ХМК) техник кўмагида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон тумани ва Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида ҳар бирининг қуввати 220 МВтдан бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станциялари (ҚФЭС) лойиҳалари учун очиқ тендер савдолари ўтказилди.

Masdar компанияси 2021 йилнинг май ойида ушбу тендер ғолиби деб топилди.

Амирлик компаниясининг кучли томонларидан бири бу ҚФЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини 25 йил давомида ўзгармас тарифларда етказиб бериш таклифи бўлди. Шундай қилиб, компания томонидан Жиззах ҚФЭС электр энергиясини ягона электр тармоғига бир кВт. соати учун 1,823 АҚШ центи ва Самарқанд ҚФEС — 1,791 цент тарифида етказиб берилади.

Masdar компанияси ушбу лойиҳаларга 300 миллион АҚШ долларигача инвестиция киритиши, лойиҳалар 2021 йилнинг декабрига қадар молиявий ёпилиши мўлжалланган ҳамда 2022 йилнинг биринчи чорагида қурилиш ишлари бошланиши кутилмоқда.

Қўшимча қилинишича, мазкур электр станциялари 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажмини 8 ГВтга етказиш, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларининг қуввати, Ўзбекистон энергетика соҳаси олдига қўйилган вазифани амалга оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, тахминан 500 000 тонна CО2 эквивалентида йиллик иссиқхона газлари эмиссиясини камайтиришга ёрдам беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар