15 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан биргаликда жорий этилаётган ташаббуслардан бири бўлган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселераторининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий, Бош вазир ўринбосари-Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Ҳакимов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти, Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти Бўка тумани ҳокимлиги ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этди.
Акселераторнинг асосий вазифаси давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тез ва самарали ҳал этишдан иборат. Акселератор гуруҳлари ҳар бир 100 кунлик муддат ичида махсус ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида давлат органлари, хусусий сектор ва бошқа манфаатдор томонлар билан ишлайди.
Маросимда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Ҳакимов сўзга чиқиб, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази платформасида Ўзбекистон Ҳукумат Акселератори офисининг бугунги расмий очилиши икки ҳукумат ўртасида узоқ йўл ва муваффақиятли стратегик шериклик самараси эканини, икки мамлакат раҳбарияти ўртасидаги биродарлик муносабатларини акс эттирувчи ҳамкорлик эканини таъкидлади.
"Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселераторининг ташкил этилиши бунга яққол мисолдир", - деди О.Ҳакимов.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг биринчи Ҳукумат Акселератори ишини ташкил этишда БАА раҳбарияти томонидан кўрсатилаётган ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирди.
Сўнгра, БААнинг ҳукумат ишлари бўйича вазири ўринбосари Ҳуда Ал-Ҳашими тадбир иштирокчиларига мурожаат қилди.
"Бугун биз Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази негизида Акселератор гуруҳлари тажриба ўтказиши, прототиплар яратиши ва юқори мақсадларга эришиш мумкин бўлган замонавий макон асосида ташкил этилган Ўзбекистон Ҳукумат Акселераторининг расмий очилишини нишонлаймиз. Ҳукумат Акселератори офисининг очилиши 2019 йилда бошланган икки мамлакат жамоаларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларидир.
Ушбу бутун давр мобайнида БАА ва Ўзбекистонда 260 соатлик машғулотлар ўтказилди, жумладан, методологияни ишлаб чиқиш мақсадида қўшма семинарлар ўтказилди.
Бундан ташқари, биз Акселератор ишга туширилиши давомида Акселератор жамоаларининг мунтазам ҳафталик учрашувларида икки жамоа ўртасида катта фидойилик кўрсатганидан фахрланамиз. Бундан ташқари, бу жараён пандемия даврида ҳам тўхтамади, аммо аста-секин онлайн масофадан фойдаланиш методологиясига ўтди", деди вазир ўринбосари.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳуда Ал-Ҳашими хоним доктор Обид Ҳакимов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат Акселератор жамоасига ва ўзбекистонлик ҳамкорларига самимий миннатдорлик билдириб, бугун "биз Сизнинг жамоангизнинг машаққатли меҳнати ва ушбу ташаббуснинг муваффақиятига бўлган садоқати туфайли бу ердамиз ва ишончим комилки, биз биргаликда ишлашни давом эттирамиз ва ҳар қандай зарур ёрдам беришга тайёрмиз".
Ўзимнинг интервьюмда, аввало, мен сўнгги 3 йил давомида бирга ишлаган ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганлиги учун Президент жаноб Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Тадбир доирасида, Акселератор раҳбарияти биринчи 100 кунликда тўртта йўналиш, яъни қурилишга рухсат бериш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини ишлаб чиқиш ва коммунал тўловлар учун ягона биллинг тизимини яратишни соддалаштириш бўйича эришилган натижалар ҳақида иштирокчиларга маълумот берди.
Бугунги кунга келиб давлат раҳбари ва ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди, қурилиш соҳасида ижобий ўзгаришларга эришилди. Жумладан, қурилиш рухсатномасини олиш муддати 84 кунга қисқартирилди. Акселератор жамоасининг ишлари натижаларига кўра, қурилишга рухсатнома олиш муддати ўртача 30 кунга бартараф этилди. Жумладан, қурилиш рухсатномаларини беришда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамланди. Шу билан бирга, рухсат беришдаги кечикишларни оптималлаштириш ва бартараф этиш бўйича ишлар давом этирилмоқда.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантиришда сезиларли муваффақиятларга эришилди. Тошкент вилоятининг Бўка туманида камбағалликни камайтириш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, Акселератор жамоаси тадбиркорликни ривожлантиришдан манфаатдор ва “Аёллар дафтари” реестрига киритилган 55 нафар аёллар рўйхатини шакллантирди. Касб-ҳунар курслари ташкил этилиб, лойиҳа иштирокчиларига бизнес-режаларни ишлаб чиқиш, ўз корхоналарини рўйхатга олиш ва имтиёзли кредитлар берилишига кўмаклашилди.
Шунингдек, Акселератор томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Таклифлар лойиҳа ҳужжатларини идоралараро келишиш жараёнини соддалаштириш, қурилишнинг бош режалари ва уларни ишлаб чиқишга сарфланадиган вақт ва харажатларини камайтириш имконини беради.
5,5 миллиондан ортиқ коммунал хизматлари истеъмолчиларининг маълумотлари қайта ишланиб, ягона истеъмол идентификатори сифатида фойдаланиладиган жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари (ЖШ ШИР) асосида коммунал хизматлар ўртасида истеъмолчилар маълумотларининг интеграцияси таъминланди.
БАА томони Акселераторнинг натижадорлиги ва Ўзбекистонда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастурини ҳаётга татбиқ этишда эришилган муваффақиятлар бошқа мамлакатларда бундай механизмни жорий этишда кузатилган натижалардан анча юқори эканлигини таъкидлади.
Маросим иштирокчиларига фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолаш, БМТ стандартларига мувофиқ Ўзбекистон энергетика соҳасида статистикани шакллантириш, корхоналар учун рейтинг тизимини жорий каби янги 100 кунлик муддат доирасида Акселератор ишининг асосий йўналишлари тақдим этилди.
Умуман олганда, БАА ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури 25 йўналишни, жумладан, Миллий ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, давлат хизматларини такомиллаштириш, "Doing Business" рейтингида Ўзбекистон позициясини яхшилаш, инновацияларни жорий этиш, солиқ ва божхона маъмурчилигини, эркин иқтисодий зоналарни бошқариш амалиётини такомиллаштириш ҳамда раҳбар кадрларни тайёрлаш ва давлат органлари учун кадрлар захирасини яратиш ва бошқа соҳаларни ўз ичига олади. Ушбу дастур ижроси доирасида Ўзбекистон ва БААда 5 мингдан ортиқ киши иштирок этган 124 та семинар ҳамда 100 га яқин турли қўшма тадбирлар ташкил этилди.
Тадбир якунида Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий оммавий ахборот воситаларига интервью бериб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
"2019 йилда ҳукуматларимиз ўртасида шартнома имзоладик. Бугунги кунда бизда 25 йўналиш ва 160 дан ортиқ ташаббусларга мавжуд ва бу биз дунёдаги бошқа давлатларда ҳар қандай даражада ишлаганда кўрган энг яхши натижадир. Бунга мисол шуки, бугун ҳукуматларимиз ўртасида Ўзбекистон Ҳукумат Акселератори расман ишга туширилди.
Акселератор ишга тушишидан олдин ҳам Тошкентдаги Ўзбекистон Ҳукумат Акселератори жамоаси турли лойиҳалар бўйича айрим ҳукумат жараёнлари ва тартиблари вақтини қисқартирди.
Энг муҳими, Жаноб Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон ривожланиш Стратегияси мавжуд бўлибгина қолмай, унинг натижаси аҳоли фаровонлиги учун хизмат қилмоқда, чекка ҳудудларда самараси сезилмоқда. Шунингдек, биз Бирлашган Араб Амирликларида ҳукумати сифатида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, туризм, экспорт ва бошқа кўплаб соҳаларда юқори натижаларга эришишини гувоҳи бўляпмиз. Бу икки мамлакат ҳукуматлари халқларимиз манфаати йўлида қандай қилиб биргаликда иш олиб бориши мумкинлигининг жуда яхши намунасидир."
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар
Ҳукумат Акселератори
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш