Машинали “бойвачча”лар нега ташвишга тушишлари керак?

Машинали “бойвачча”лар нега ташвишга тушишлари керак?

Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда, жумладан, автомобиль эгаларидан ундириладиган икки йиғим ҳам жорий этилиши кўзда тутилган. Бу айрим фуқароларимиз томонидан салбий талқин қилинмоқда. Бунинг ҳам балки ўзига хос сабаблари бордир. Лекин мана шу икки йиғимга ва уларнинг нима мақсадларга (автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлашга) сарф қилинишига нисбатан салбий фикр билдирилаётганда, оддий фуқаро сифатида, масаланинг қуйидаги жиҳатларига эътибор беришни ва улардан мантиқий хулосалар чиқарилишини истардим.

Биринчидан, ХХI асрда яшаётганимизга қарамасдан йўлларимизнинг аҳволига бир назар солинг. Уларнинг айримлари, айниқса – маҳаллий йўллар “йиғлайдиган” аҳволда эмасми? Буни ким тузатиши керак? “Йўлларингни тўғрилаб, кафтдек равон қилиб бераман!”,- дейдиган “мард”лар ҳали-ҳамон орамизда йўқ. Бу давлатнинг зиммасига тушаётир. Давлат ниманинг ҳисобидан бу ишларни “қойил” қилиши керак? Ўзга манбалар ҳисобидан “Бир куни оғиримга яраб қолар!”, - деб босиб қўйган маблағлари ҳам – йўқ. Бунинг устига, “олтин тоғ” ҳам мавжуд эмас. Бор бўлганда ҳам “Ётиб еганда – олтин тоғ ҳам чидамас”лигини биламиз;

Иккинчидан, биринчи йиғимда, бор-йўғи, литрига 25 сўмгача қўшилиш кўзда тутилибди. Демак, 40 литр бензин харид қилсак, 1000 сўм қўшимча тўларканмиз. Бу машина минувчи “мард”га оғирлик қиладими? Машинада – тўрт ғилдиракнинг устида – ҳаётимизни хавфга солиб, ҳар дақиқада “учиб” юрамиз-а? Ҳар чорраҳада тўхтаганимизда сохта “тиланчи”ларга ҳам шу суммани бериб кетмаяпмизми? Борингки, “Боши-кўзимиздан – садақа!”, - деб ўшаларга бермайлик-да, бунинг ўрнига, ўша суммани йўлларимизни реконструкция қилиш ва таъмирлашга мўлжалласак, бунинг нимаси ёмон?!

Учинчидан, иккинчи йиғимнинг автомобиль двигатели қувватига қараб ундирилиши ҳам унинг эгаларига ёқмайди, албатта. Лекин бундан, жумладан, нима мақсад кўзланганлигини биласизми? Ўзимизга ёққан машинани харид қилиб, ундан фойдаланмасдан, нималаргадир уни мўлжаллаб қўймаяпмизми? Шуларнинг сони кейинги пайтларда кўпайиб кетмаяптими? Бунинг устига, дастурхонимизда – ейишга ҳеч вақо йўқ. Болалар ҳам – оч-яланғоч. Ўқийдиган китоблари ҳам – йўқ. Лекин олдигинамизда янги-янги машина “савлат солиб” турибди-я! Унинг ёқилғи бакига 1,5 литрли “баклашка”да бензин солишга қурбимиз зўрға етади, холос. Бу манзарага сиз билан биз оддий томошабин бўлиб турармиз. Лекин шундай қилишга давлатнинг – ҳаққи-йўқ. Шунинг учун бу ўринда у ўз қўлидаги ричаглардан фойдаланишга ва бу жараёнларни тартибга солишга мажбур: машина – бу мулк. Ундан фойдаланамизми ёки йўқми, бундан қатъий-назар, унинг солиғини тўлашимиз керак. Бу фақат бизнинг давлатимиздагина ўрнатилган – тартиб эмас. Унга нисбатан “хўроз”лар ҳамма ерда бир хил қичқиради;

Тўртинчидан, машина минишни, кескинроқ айтаётган бўлсам, узр – чидаганга чиқарган. Машина минган одам бошқаларга нисбатан кўпроқ қулайликка эга эканлиги – ҳаммага маълум. Қўшимча қулайликка эга бўлганлар – қўшимча тўлашлари ҳам керак. Бу бозорнинг ёзилмаган қонуни. Унинг тўғри ёки нотўғри эканлигини ҳеч ким муҳокама қилмаслиги ва қулоқни қимирлатмасдан риоя қилиши керак. Ҳаёт объектив реаллиги – шундан иборат;

Бешинчидан, бирор марта хорижда, масалан, Европа мамлакатларида бўлганмисиз? Уларнинг йўлларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушламаганмисиз? Мен шундай аҳволга тушиб, Германия Молия вазирига қуйидагича савол берганман: “Йўлларингиз жуда зўр-а?! Автобусда бемалол ўтириб, суҳбатлашиб, чой-кофе ичиб кетаверасиз! Бунга шу мақсадлар учун ундириладиган солиқларнинг роли катта бўлса керак-а?”. Мана унинг жавоби нимадан иборат бўлди: “Агар йўл учун ундирилган солиқ суммаларининг ҳаммасини йўлга сарфласак, Германиянинг бутун территориясини асфальтлаб чиққан бўлур эдик!” Энди ўзингиз айтинг: йўл учун бундай катта маблағ бўлганда Германиянинг йўллари шундай бўлмасдан, бизники бўлсинми?!

Олтинчидан, Президентимиз фармонида кўзда тутилган 2 та йиғимнинг қўшимча ундирилишидан “ташвиш”га тушаётган машинали “бойвачча” акаларимизнинг ҳам “аҳвол”ини тушунмоқчиман: шунча ўтган йиллар давомида бу мақсадлар учун “яхшигина” тўловлар тўланиб келинди. Лекин йўлларимизнинг аҳволи – ўша-ўша! Бу борада вазиятнинг яхшиланишини истайсизми? Унда, марҳамат, йўл учун тўлаган суммаларингизнинг тақдирига – бефарқ бўлманг! Бир ёқадан бош чиқариб, “Ўтган йили – шунча пул тўлаган эдик. Улар қаёққа кетди? Нима мақсадларга сарф қилинди?”, - деб тегишли мутасаддилардан сўранг. Жавобларидан қониқиш ҳосил қилсангиз, сизни ишонтира олишса – тинчинг! Акс ҳолда, то “ғалаба” қилгунча, бу йўлдан – қайтманг. Муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўли – йўқ;

Еттинчидан, бу фикрларни машинаси йўқ одам билдираяпти деб, асло ўйламанг! Менинг ҳам яхшигина, жуда кўпларни ҳавасини келтирадиган, ўзим эса еру кўкка ишонмайдиган, машинам бор. Уни сўнгги ўн бир йил давомида узлуксиз минмоқдаман. Кўз тегмасину, бирор жойи “қилт” ҳам этмайди. Мотори, негадир, бошқаларникига ўхшаб мой ҳам “емайди”. Авайлаб – ҳайдайман. Шундай бўлса-да, машинамнинг ғилдираги, ҳатто, бирор марта чуқурга тушиб-чиқса, менинг ҳам жоним ачийди. Гоҳида, беихтиёр, “алам” қилиб, “Сенинг ғилдирагинг тушгандан кўра, ўшанга ўзим тушсам яхши эди!”, - деган хаёлларга ҳам бораман. Лекин кун сайин “яхши йўллар”нинг кўпайиб бораётганлигини кўриб, Германиядаги йўлларга ўхшаш йўлларда “қора тулпор”имнинг ҳам шамол тезлигида “шиппиллаб” юришига унча кўп вақт қолмаганлигига ишонаман! Шунинг учун...

Тоҳир МАЛИКОВ
иқтисодий фанлар доктори, профессор

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар