Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳаси жорий йилнинг 26 ноябрида парламент қуйи палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган. Унда сиёсий партия фракциялари, депутатлик бирлашмалари лойиҳани такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳаза билдириб, бир қатор таклифларни илгари сурган эди.

Қонун лойиҳасининг мазмуни кенгайтирилди. Энди унинг матни 11 боб ва 44 моддадан иборат. Асосий тушунчаларга аниқликлар киритилди.

Махсус иқтисодий зоналарнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида улар фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурларини молиялаштириш масаласини ҳар бир йил учун Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш дастурларини шакллантиришда назарда тутиш қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилди.

Қонун лойиҳасининг дастлабки кўринишида қўшимча қиймат солиғи махсус иқтисодий зона иштирокчиларига татбиқ этилиши кўзда тутилган эди. Депутатларнинг билдирган эътирозларини инобатга олган ҳолда, эндиликда махсус иқтисодий зона иштирокчиларига қўшимча қиймат солиғидан енгилликлар белгиланди. Ундан ташқари, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари божхона тўловларидан озод қилинади. Бу, депутатлар фикрига кўра, инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

Махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақомига эга бўлиш тартиби ва мазкур жараённи амалга ошириш тартиби ҳақидаги норма алоҳида моддага ўтказилди.

Қонун лойиҳасининг дастлабки вариантида махсус иқтисодий зоналарни ташкил этиш, унинг фаолият муддатларини ўзгартириш ва муддатидан аввал тугатиш таклифини билдириш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий ҳокимликларга берилиши белгиланган эди. Депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида ушбу ваколатлар Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан ҳам амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, қонун лойиҳасидан “Навоий” эркин иқтисодий зонасига бағишланган алоҳида модда чиқарилмоқда. Депутатларнинг тушунтиришича, бунга ушбу ҳудуд учун алоҳида енгилликлар, имтиёзлар белгиланмагани, у алоҳида хусусиятларга эга эмаслиги сабаб бўлди.

“Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилганидан сўнг уни депутатлар иккинчи ўқишда маъқулладилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар