Меҳнат вазири Нозим Ҳусанов ўзбек пахтасига бойкотни тўхтатишни сўради

Меҳнат вазири Нозим Ҳусанов ўзбек пахтасига бойкотни тўхтатишни сўради

Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясига мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб очиқ хат юборди.

Унда таъкидланишича, Ўзбекистондаги айрим тармоқ ва корхоналар коронавирус тарқалиши оқибатларига мослашишига, ҳукумат эса аҳолининг заиф қатламларига ёрдам беришга ҳаракат қилаётганига қарамай мамлакат иқтисодиётини сақлаб қолиш учун қўшимча чоралар зарур.

Нозим Ҳусанов ҳукумат хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон пахтачилик тармоғида ислоҳотларнинг янги босқичини бошлашга тайёрлигини билдирган. Янги ислоҳотлар даврига ўтишда аҳолига зарур ўзгаришларни амалга ошириш учун коалиция томонидан имзоланган Uzbek Cotton Pledge мажбурияти доирасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўраган.

«Шу кунларда коронавирус пандемияси сабаб Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳалари кўрилмаган хавфга дуч келди… Ҳозирданоқ Ўзбекистон меҳнат бозори мисли кўрилмаган босимга дуч келмоқда: Республиканинг 1,5 миллиондан ортиқ фуқароси ишсиз. Мамлакатида амалга оширилаётган кескин изоляция туфайли 150 минг фуқаро мажбуран ишсиз қолди, чет элдан қайтган 140 мингдан ортиқ фуқаро доимий даромадларидан маҳрум бўлди, 200 мингдан ортиқ оила қашшоқлик ёқасида», — деган Нозим Ҳусанов.

«Давлат корхоналари, хусусий сектор ва бутун меҳнат бозори янги шароитларга имкон қадар кўпроқ мослашишга ҳаракат қилмоқда. Аммо миллий иқтисодиётимиз жуда зарур бўлган янги иш ўринларини яратиш учун катта куч сарфлаши керак. Шу боис пахта бойкотини олиб ташлаш ҳақидаги қарорингиз ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин», — деб таъкидлаган у.

«Ўзбекистон тўқимачилик саноати аҳоли бандлигини таъминлашда етакчи тармоқлардан биридир. Фақат ишлаб чиқаришда қарийб 7 000 корхонада 200 мингдан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлганлиги боис бир миллион аҳоли барқарор даромадга эга. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбек пахтасидан бойкот олиб ташланса, тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспорт ҳажми икки баробарга ортиши мумкин. Бу эса халқимиз учун зарур иш ўринларини яратади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни қайта тиклаш коронавирусга қарши глобал курашда муҳим рол ўйнаши мумкин. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилари қисқа вақт ичида вазиятга мослашган ҳолда шахсий ҳимоя воситалари ишлаб чиқаришини ўн баробарга оширди. Ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар бойкотга дуч келмаганида, ўзбек тўқимачилигида тайёрланган ниқоблар, жарроҳлик либослари ва бошқа турдаги шахсий ҳимоя воситалари юзага келаётган глобал вазиятни бартараф этишда мадад бўлиши мумкин эди», — дейилади мурожаатда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар