Ўзбекистон 2021 йилги пахта етиштириш ва йиғим-терим мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўзининг Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мониторинги бўйича учинчи томон 2021 йилги ҳисоботи хулосаларига асосланиб маълум қилди.
ХМТ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили пахта йиғим-теримига қарийб икки миллион киши жалб қилинади.
Мамлакатда пахта етиштириш соҳасини ислоҳ қилиш жараёни бошланганидан буён ўтган етти йил мобайнида икки миллионга яқин бола болалар меҳнатидан, ярим миллион катта ёшдагилар мажбурий меҳнатдан озод қилинган.
2021 йилда ХМТ мамлакатда пахта йиғим-терими мониторинги жараёнида қарийб ўн бир минг теримчи билан суҳбат ўтказган. Суҳбат натижаларига кўра, пахта теримига жалб қилинганларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда ишлаган. Тахминан бир фоиз респондентлар эса меҳнатга бевосита ёки билвосита мажбурлаш шаклларига дучор бўлганини қайд этган.
«Маълумотлар шуни кўрсатадики, респондентларнинг 0,47 фоизи маҳалла вакиллари томонидан ижтимоий нафақалар билан боғлиқ бевосита ёки билвосита таҳдидлар ҳақида, 0,12 фоизи эса иш берувчилар томонидан иш ёки иш ҳақини йўқотиш билан боғлиқ бевосита ёки билвосита таҳдидлар ҳақида хабар берган», — дейилади ХМТ хабарида.
Шунингдек, суҳбатда иштирок этган теримчиларнинг аксарияти 2020 йилдан бери терим жараёнида меҳнат шароитлари, хусусан, транспорт, озиқ-овқат, ичимлик суви, гигиена талаблари билан боғлиқ вазият яхшиланганини маълум қилишган. Фақат беш фоиз респондентлар шарт-шароитлар ўтган йилга нисбатан ёмонлашганини қайд этган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳолининг қарийб 12,5 фоизи пахта йиғим-теримида иштирок этган, уларнинг аксарияти — қишлоқ жойлар аҳолиси. Теримчиларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил этади.
«Ҳамкорлигимиз яхши самара берди — сабаби 7 йилдан сўнг, бу йилги ҳисобот ўзбек пахтаси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан ҳоли эканлигини кўрсатмоқда», — дея қайд этган ХМТ бош директори Гай Райдер. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон «қўшимча қиймат занжири бўйича юқори босқичга кўтарилиш мақсадини амалга ошириш» ҳамда тўқимачилик соҳасида миллионлаб иш ўринларини яратиш имкониятига эга.
Ўзбекистон Сенати раиси, Мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш миллий комиссияси раҳбари Танзила Нарбоеванинг таъкидлашича, пахта етиштиришда давлат буюртмаси тизимини бекор қилиш — мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйишда дастлабки қадам бўлган.
ХМТ учинчи томон мониторинги лойиҳасининг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп мамлакатда меҳнат бозори демократлашганидан далолат берувчи ўзгаришлар кузатилаётганлигини қайд этган. У бунга мисол сифатида республикада энг кам иш ҳақи миқдорининг илк марта касаба уюшмалари ва иш берувчилар муҳокамасига тақдим этилганини эътироф этган. Шунингдек, теримчилар билан фермер ва тўқимачилик кластерлари ўртасида норасмий иш ҳақи бўйича олиб борилган музокаралар кўплаб теримчиларнинг энг кам иш ҳақидан анча юқори иш ҳақи билан таъминланишига хизмат қилган.
Лойиҳа доирасида ХМТ билан биргаликда мамлакатда пахта терими жараёнини мониторинг қилиб келаётган мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда «муносиб иш ўринлари яратиш», аҳолини «муносиб иш ҳақи ва яхши меҳнат шароити» билан таъминлашга эътибор қаратиш вақти келди.
Изоҳ қолдириш