Бугун, 7 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда аввало, дунёдаги мураккаб вазият, транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжирларидаги узилишлар, энергоресурслар билан боғлиқ муаммолар мамлакатимизга ҳам таъсир қилаётгани таъкидланди. Жаҳон молия бозорларидаги ўзгаришлар таъсирида четдан жалб қилинадиган ресурслар нархи ошаётгани қайд этилди.
Шу боис, Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар бу қийин шароитда имконият излаши, бор салоҳиятни ишлатиши, таклиф ва ташаббус кўрсатиши кераклиги, келгуси йилга ўзига аниқ режа ва масъулият олиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йил 9 ойида саноат 5,3 фоизга ўсди. Лекин 65 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш 1,6 триллион сўмга камайган.
Вазирлар Маҳкамасига ишлаб чиқариш қисқарган тармоқлардаги корхоналарга айланма маблағи, солиғи, транспортига ёрдам бериб, тўла қувватга чиқариш бўйича топшириқ берилди.
Саноат зоналари инфратузилмасига бу йилда 1,2 триллион сўм ажратилди. Лекин, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида маблағларнинг 40 фоизини ҳам ўзлаштирилмаган.
Мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига ҳалигача инфратузилма олиб борилмаган саноат зоналарига шахсан бориб, ишларни охирига етказиш топширилди.
Охирги 6 ойда ҳамкор давлатлар бозорларига маиший техника экспорти – 3 баробар, трансформатор – 3,6 баробар, тиббий буюмлар – 9 баробар, трикотаж мато – 2 баробар ошди.
Агар мис, ПВХ, металл, полипропилен хом ашёларини кўпроқ олиш имконияти яратилса, тадбиркорларимиз экспортни бир неча баробар ошириши мумкин. Лекин масъул вазирликлар бу масалалар билан шуғулланмаётгани танқид қилинди.
Мисол учун, гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун йилига 70 минг тонна полипропиленга талаб бор. Бироқ, биржага 2 баробар кам полипропилен қўйилмоқда. Натижада нарх 30 фоизга ошиб, тоннаси 1 минг 800 долларга кўтарилган. Худди шундай, мебелчиликда ишлатиладиган формалин ички бозорда 260 доллардан сотилаяпти (рақобатчи бозорларга нисбатан 60 долларга қиммат).
Яратилган шароитлар ва маблағ борлигига қарамасдан, масъул вазирликлар ва мутасаддилар бу муаммолар билан шуғулланмаётгани танқид қилинди.
1 декабргача ишлаб чиқарувчи ва трейдерлар билан ишлаб, етишмаётган хом ашёни четдан олиб келиш ҳисобига захира яратиш ва график асосида уни биржага қўйиш топширилди.
Ўзбекистон “GSP+” тизимига қўшилганига бир йилдан ошди. Европа бозорида сотиладиган тайёр маҳсулотлар учун транспорт харажатларига 70 фоизгача субсидия берилмоқда. Лекин, “GSP+”га кирадиган 6 минг 200 та божсиз маҳсулотнинг бор-йўғи 325 тури экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди.
Сабаби - корхоналаримиз йирик етказиб бериш занжирларига қўшила олмаяпти, халқаро сертификати йўқ. Сифати яхши бўлса ҳам, маҳсулотини сота олмаяпти. Шу муносабат билан мутасаддиларга Европага келгуси йилда саноат экспортини 600 та маҳсулотга, экспорт ҳажмини 700 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Тўқимачиликда кейинги йилда ички бозорга қўшимча 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 4,3 миллиард долларга етказиш топширилди. Бунинг учун:
- Европа, Туркия, Миср, Марокашга газлама, трикотаж мато экспортига транспорт харажатлари 2024 йил 1 январгача 70 фоиз қоплаб берилади;
- камида 50 хил турдаги янги текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади;
- янги турдаги тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига 100 миллион доллар, гиламчилик учун 50 миллион доллар йўналтирилади;
- тўқимачилик индустриал зоналари инфратузилмасига 200 миллиард сўм йўналтирилади;
- йил якунига қадар Туркия, Эрон, Бельгиядан технология ва мутахассислар (дизайнер ва технолог) олиб келинади.
Қурилиш материаллари экспортини 2023 йилда 900 миллион долларга етказиш, ички бозор учун 5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга;
- қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун камида 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан “Саноат ипотекаси” дастурини ишлаб чиқиш ва бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар ресурс йўналтириш;
- Нукус шаҳри, Булоқбоши, Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Сариосиё, Ўзбекистон туманларида қурилиш материаллари индустриал зоналарини ташкил этиш;
- Испания, Италия ва Туркиянинг етакчи корхоналари билан музокара ўтказиб, Ангренда чинни идишлар ва сантехника буюмлари ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш;
- келгуси йилда Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион долларлик 10 та лойиҳани ишга тушириш топширилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мебелсозликда келгуси йилда маҳсулот ҳажмини 5 триллион сўмга, экспортни 50 миллион долларга етказиш зарур.
Бухоро, Наманган, Самарқанд, Андижон, Фарғона ва Хоразмда 100 га яқин маҳалла мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашгани, уларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ушбу вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда маҳаллалар атрофида мебель саноат марказларини ташкил қилишга кўрсатма берилди. Шунингдек:
- келгуси йилда 250 та мебелчилик лойиҳасини ишга тушириб, 10 мингта янги иш ўрни яратиш;
- 15 та мебелсозлик саноат зоналари инфратузилмасига 55 миллиард сўм ажратиш;
- мебелсозликка берилган божхона имтиёзлари муддатини 2024 йил 1 январга қадар узайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Йиғилишда заргарликда ҳам имкониятлар жуда кенглиги, мамлакатимизда 300 миллион долларлик ички бозор борлиги таъкидланди.
Бу талабни бемалол ўзимизни маҳаллий заргарлар қондириши мумкин. Шу сабабли уларни қўллаб-қувватлаш учун 1 декабрдан бошлаб:
- олтин ва кумушга кечиктириб тўлаш учун барча банклар ва Экспортни рағбатлантириш агентлиги кафолатлари қабул қилинади;
- кафолат олиш имконияти якка тартибдаги заргарлар учун ҳам яратилади;
- олтин, кумуш ва заргарлик учун зарур бошқа хом ашёларни қайта ишлаш учун вақтинча олиб кириш ва олиб чиқишда лицензия талаби бекор қилинади;
- заргарлар ишлатадиган қимматбаҳо ва безак тошлари божхона тўловларидан озод қилинади;
- 10 минг долларгача бўлган заргарлик буюмларини четга олиб чиқишга рухсат берилади (ҳозир 5 минггача рухсат берилган).
Тегишли вилоятлар ҳокимларига Самарқанд, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида заргарлик савдо ва ишлаб чиқариш мажмуаларини ишга тушириш топширилди.
Президент келгуси йилда экспортни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилиши, бундан буён тармоқларга субсидиялар экспорт ҳажмига қараб бериладиган тизим яратилишини таъкидлади.
Бугунги йиғилишдаги топшириқлар ижроси натижасида ҳудудий саноатни ривожлантиришга қўшимча 300 миллион доллар ва 350 миллиард сўм маблағ ажратилиши қайд этилди.
Айтилган марраларга эришилса, келгуси йилда қўшимча 2 миллиард доллар экспорт ҳажмлари таъминланади.
Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари бундан самарали фойдаланиб, 2023 йилда 8,2 миллиард долларлик ҳудудий саноат маҳсулотлари экспортини таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг ахбороти эшитилди.
Изоҳ қолдириш