Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.
Шу билан бирга, охирги икки йилда жаҳон бозорида тўқимачилик маҳсулотига бўлган талаб камайгани қайд этилди. Бундан ташқари, асосий экспорт бозорларимизда валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Шуни ҳисобига ўтган йилда тўқимачилик соҳаси экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлди.
Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди. Яъни, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам бу – тўқимачилик саноати.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди. Юздан зиёд тадбиркор таклиф қилинган йиғилишда ушбу масалалар таҳлил қилиниб, янги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 миллиард долларни ташкил этгани билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди. Яъни, экспортдаги тайёр маҳсулотни асосий қисми нархи паст бўлган трикотаж ҳисобланади.
Мамлакатимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу ўзимизда тайёр маҳсулотни кўпайтириш учун жуда катта имконият. Шунга қарамай, жами ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар улуши кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Биздаги хом ашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.
Сўнгги ойларда тўқимачилик маҳсулотларимиз 3 та янги бозорга чиқди, экспорт географияси 83 та давлатга кенгайди. Бироқ ҳанузгача экспортнинг қарийб 80 фоизи Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келаётгани таъкидланди. Ёки, Европага экспорт ўтган йилга нисбатан камайган.
Европа, Америка ва бошқа ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун корхонадан халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин, экспортчиларимизнинг 12 фоизигина бундай талабларга жавоб беради.
Вилоят ҳокимлари инвестиция бўйича ўринбосарларининг бу борадаги фаолияти сустлиги, экспортчиларга кўмаклашишга эътиборсизлиги танқид қилинди.
Йирик корхоналарнинг маҳаллаларда филиалларини ташкил қилиш амалиётини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Чунки корхона бошқа ҳудудда филиал очса, ортиқча вақт ва харажат қилиб, янгидан стандарт жорий қилиши ёки сертификат олиши шарт эмас.
Ўз фаолиятини йириклаштирган корхоналар билан ишлашда Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Йирик солиқ тўловчилар инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан буён Инспекция фақат йирик стратегик тармоқларга масъул бўлиши таклиф қилинди.
Тўқимачилик корхоналари учун энг катта масалалардан бири бу – хом ашё.
Юртимизда 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш қуввати бор. Кейинги 2 йилда янги лойиҳалар ҳисобига ушбу қувватлар 1,5 миллион тоннага етади. Лекин ҳозирда 1 миллион тоннага яқин тола ишлаб чиқарилмоқда.
Бундай шароитда яккаю-ягона йўл – пахта етиштириш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш шартлиги таъкидланди.
Бундан буён вилоятда қайта ишлашни биринчи ва иккинчи занжири бор тўқимачилик корхонаси пахта хом ашёсини фермердан бозор нархида сотиб олиш имкониятига эга бўлади ва ўз вақтида якуний ҳисоб-китобни амалга оширади.
Бугунги кунда четдан юқори ҳосилдор уруғлик чигит келтириб, 100 минг гектарга экиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Хоразм 8 минг гектарга чигитни тўлиқ экиб бўлди. Андижон экишни яқинда тугатади. Қорақалпоғистон, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида экиш ишлари 10 фоиз, Қашқадарё, Наманган, Фарғонада 30 фоиз, Бухоро, Жиззах ва Сирдарёда 60 фоизга ҳам бормаслиги таъкидланди.
Мутасаддиларга бу борадаги ишларни жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Барча кластерлар фаолияти таҳлил қилиниб, улардаги хомашё ва айланма маблағ билан боғлиқ масалалар ўрганилди.
Чуқур қайта ишлашни жорий қилгани учун аксарият кластерлар яхши ишлаяпти, уларнинг фаолиятида кредитни қайтариш, ишлаб чиқаришнинг пасайиши билан боғлиқ муаммолар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Айрим кластерларга эса бироз кўмак берилса, унумдорлик ва экспорт янада ошади. Мутасаддиларга кластерларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш топширилди.
Кўриб турибсизлар, соҳадаги салоҳиятдан фойдаланилмаса, ишлаб чиқариш ҳам, экспорт ҳам, иш ўринлари ҳам кўпаймайди.
Бу борада ягона тўғри йўлимиз – мавжуд хом ашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий “арзон” бозорлардан – янги, “қиммат” бозорларга кириб бориш,
- деди Президент йиғилишда.
Сўнг давлатимиз раҳбари тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди.
Изоҳ қолдириш