Марказий банк молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “Молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда микрокредит ташкилотлари ва ломбардларнинг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида"ги Низомни тасдиқлади.
Низом микрокредит ташкилотлари ва ломбардларга (бундан буён кредит ташкилотлари деб юритилади) истеъмолчиларга тақдим этиладиган молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилиш, шунингдек, қарздорлик юзага келган тақдирда кредит ташкилотларининг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатлари ва истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг минимал талабларини белгилайди.
Ушбу Низом қуйидаги мақсадларда қабул қилинди:
- молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;
- кредит ташкилотларининг молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларидаги адолатсиз амалиётларнинг олдини олиш;
- микромолиялаш бозорининг ахборот шаффофлигини ошириш, шунингдек, молиявий хизматлар истеъмолчиларининг хабардорлигини ошириш.
Мазкур Низом нафақат фуқаролар билан, балки кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан муносабатларни ҳам тартибга солади. Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, тақдим этиладиган хизматлар ва уларнинг шартлари тўғрисидаги ахборотлар кредит ташкилотининг стендларида ва веб-сайтларда жойлаштирилиши лозим.
Кредит ташкилотлари шартномалар лойиҳаларини олдиндан ўрганиб чиқиш учун истеъмолчиларга тақдим этилиши билан тегишли шартномани имзолашдан аввал молиявий хизматлар шартларини ошкор қилишлари шарт.
Қарз олувчилар кредит бўйича ўзлари амалга оширган тўловлар ва мавжуд қарз қолдиғи тўғрисида ахборотлар олиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда, кредит ташкилотлари истеъмолчиларга имзоланган шартноманининг бир нусхасини тақдим этишлари шарт.
Кредит ташкилотлари қарз олувчиларнинг ҳуқуқларини бузадиган ёки уларнинг молиявий мажбуриятларини оширадиган кредит шартномаларини бир томонлама ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас.
Таъкидлаш жоизки, кредит ташкилотлари истеъмолчиларга ўз хизматлари учун нақд ёки нақдсиз шаклда ҳақ тўлаш ҳуқуқини чеклашга ҳақли эмас.
Низом 2020 йил 1 октябрдан кучга киради.
Изоҳ қолдириш