Мисрнинг “Ал-Хабар ал-ёум” газетаси Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида хабар тарқатди

Мисрнинг “Ал-Хабар ал-ёум” газетаси Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида хабар тарқатди

Мисрнинг “Ал-Хабар ал-ёум” («Кун хабари») газетаси ўз ўқувчиларини мунтазам равишда Ўзбекистоннинг миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлари билан таништиришни давом эттирмоқда, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Навбатдаги мақолада Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Кимёвий, биологик, радиологик ва ядро материаллари билан боғлиқ хавфларни юмшатиш бўйича илғор тажриба марказининг Марказий Осиё бўйича минтақавий котибияти, Вирусология институти, Европа Иттифоқи, Бундесвер Микробиология институти (Германия), Халқаро фан ва техника маркази (Қозоғистон), бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек Марказий Осиёдаги ҳамкор давлатларнинг миллий мувофиқлаштирувчилари вакиллари ўртасида ўтказилган видеоконференция ҳақида сўз юритилади.

Онлайн конференция Европа Иттифоқининг «Миллий қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё мамлакатларида биологик ҳимоя ва биологик хавфсизлик бўйича махсус тренинглар ўтказиш» лойиҳаси доирасида ўтказилган.

Томонлар иккита кўчма лобараторияни етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Covid-19 қарши курашиш тажрибасини муҳокама қилди, деб ёзади нашр.

Хабар қилинишича, Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг шерик мамлакатларида коронавирусга қарши кураш учун 700 минг евро миқдорида маблағ ажратган.

Тадбир якунида иштирокчилар ушбу лойиҳани эрта амалга ошириш доирасида фаол ишларни давом эттириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Мазкур газетада нашр этилган навбатдаги материалда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Covid-19 пандемиясининг оқибатларини юмшатиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида «Юксалиш» миллий ҳаракати мутахассислари тайёрлаган маълумотлар келтирилган.

«Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича жорий этилган чора-тадбирларнинг умумий қиймати 2020 йил 9 июль ҳолатига 62,593 миллиард сўмни (6,13 миллиард доллардан кўпроқ) ташкил этган», деб ёзади “Ал-Хабар ал-ёум”.

Фуқароларни иш билан таъминлашни рағбатлантириш, ишчиларнинг иш ҳақи ва даромадларини сақлаш бўйича чора-тадбирлар юқори баҳоланмоқда. Хабар қилинишича, пандемия даврида республикада 374 минг фуқаронинг бандлиги ва доимий даромадлари таъминланди. Бунинг учун, шунингдек, жамоат ишлари фондидан пул маблағлари ва тадбиркорликни ривожлантириш учун субсидиялар ажратилди.

Умуман олганда, мамлакатда ёрдамга муҳтож 583 минг оила аниқланди. «Саҳоват ва кўмак» миллий ҳаракати орқали уларга 307 миллиард сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар