Германияда рус тилида чоп этиладиган «Карьера» газетасининг июль сонида пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасига бағишланган мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Нашр Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига асосланиб миллий иқтисодиётнинг ҳозирги ҳолати бўйича муштарийларга ахборот беради. Хусусан, материалда жорий кўрсаткичлар ўтган йилнинг иккинчи чорагидаги натижалар билан таққосланган. Мақолада мамлакатда пандемия даврида истеъмол маҳсулотлари ва дори-дармон импортининг қисқариши, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари, товарлар ва хизматлар экспорти, бюджет даромадлари, ишсизликнинг ўсиши қайд этилган.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда стратегик тармоқларни, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, давлат бюджетининг барқарорлигини сақлаш ва аҳолини дори-дармон билан таъминлаш тикланиш сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади.
Хусусан, Президент фармонларига мувофиқ тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиб, уларга 3,7 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Корхоналарнинг ҳомийлик ва хайрия маблағларини самарали тақсимлашга қаратилган «Саховат ва кўмак» умуммиллий ҳаракати доирасида 101 мингта корхона 361 мингдан ортиқ оилага ижтимоий ёрдам кўрсатди.
Давлатнинг муҳим вазифалари қаторига жамоат тартибини сақлаш ва бозор инфратузилмасини тиклаш, капитал, ишчи кучи, табиий ресурслар таъминотини ташкил қилиш, давлат хизматларини узлуксиз тақдим этиш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини қўллаб-қувватлаш каби соҳалар ҳам киради.
Бугунги кунга қадар мамлакатда аҳоли ва корхоналар учун пандемиянинг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, мақолада жаҳон иқтисодиёти ривожланишидаги ноаниқлик шароитида давлат томонидан воқеалар ривожига прагматик жавоб кўринишида қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши кутилаётгани, таъкидланган.
Изоҳ қолдириш