Молия вазирлиги: Жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ошди

Молия вазирлиги: Жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ошди

Қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати

остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19,4 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов ташқи қарз масаласи кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳақида тўхталиб ўтди ва буни ижобий эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Одилбек Исоқов олинаётган ташқи қарзларнинг қаерга, қандай сарфланаётгани жамоатчилик назоратида бўлиши кераклигини таъкидлади.

Хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг I ярим йиллигида давлат ташқи қарзи 1,6 млрд. долларга ёки йил бошига нисбатан 10,5 фоизга ошиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 17,31 млрд. долларга ёки ЯИМга нисбатан 30,3 фоизга етди.

Шундан:

- Ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 11,6 млрд. доллар;

- Ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,7 млрд. доллар.

Давлат ички қарзи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 21,6 трлн. сўмни (2,1 млрд. доллар) ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни ташкил этди.

Шундан:

- Ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 4,3 трлн. сўм (0,4 млрд. доллар);

- Ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 17,3 трлн. сўм (1,7 млрд. доллар).

Расм 1. Ўзбекистон Республикаси Давлат қарзи динамикаси

(млрд. АҚШ доллари)

Маълум қилинишича, давлат қарзининг сўнги йиллардаги ўсиши динамикасига қарамай, халқаро меъёрларга кўра Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи (ЯИМга нисбатан - 34,0 фоиз), шу жумладан давлат ташқи қарзи (ЯИМга нисбатан - 30,3 фоиз) мўътадил даражада сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 69,4 фоизи - доллар, 11,9 фоизи - япон иенаси, 10,7 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,5 фоизи – евро, 3,5 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар