Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида вазирлик ва Буюк Британиянинг “TheCityUK” ташкилоти ўртасида капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солишда Буюк Британия тажрибасини ўрганиш ва маҳаллий бозорга жорий қилиш бўйича ўзаро “Англашув меморандуми” имзолаш тадбири виртуал равишда бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Мазкур меморандумдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон капитал бозорининг изчил ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, молиявий ва капитал бозоридаги профессионал хизматларнинг халқаро стандартларга мос бўлишини таъминлашдан иборатдир.
Хусусан, меморандум доирасида маҳаллий капитал бозори инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, регуляторнинг бозорни тартибга солиш ва назорат қилиш функцияларини такомиллаштириш, жумладан, капитал бозорининг корпоратив бошқарув ва активларни бошқариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий нормаларини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича ишлар амалга оширилади.
Шу билан бирга, меморандум молиявий саводхонлик ошириш, ўқув-тренинглар ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича илғор тажриба алмашишга қаратилган.
“TheCityUK” ташкилоти юқорида келтирилган соҳаларда бошқа халқаро молиявий марказларни ривожланиш бўйича катта тажрибага эга ҳисобланади.
Ушбу мақсадларга эришиш халқаро инвестициялар учун жозибадор ишбилармонлик муҳитини яратишга ҳамда барқарор молиялаштириш, молиявий имкониятлар ва макроиқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.
Тадбир давомида “TheCityUK” ташкилоти бош ижрочи директори Майлз Селик (Miles Сelic) ўз нутқида Ўзбекистон молиявий ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича салоҳиятни шакллантиришда сезиларли ютуқларга эришаётгани, ушбу меморандум Буюк Британия капитал бозоридаги илғор амалиётларни Ўзбекистон капитал бозорига жорий қилишда муҳим ўрин тутиб, Буюк Британия инвесторларининг мамлакатга инвестиция киритиши учун янги имкониятларни яратишини ҳамда молиявий ва капитал бозори соҳасида жаҳон етакчиси сифатида Буюк Британия Ўзбекистонда капитал бозорининг барқарор ривожланиши ва иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков – илғор мамлакатларда капитал бозорининг ҳажми банк секторига нисбатан бир неча баробар катта эканлиги маҳаллий бозорни ривожлантириш ва унга хорижий инвесторларни жалб қилиш учун бизда улкан имкониятлар мавжудлигидан далолат беришини, Молия вазирлиги ўз олдига соҳани ривожлантириш бўйича катта мақсадлар қўйгани ва “TheCityUK” ташкилоти билан ҳамкорлик ушбу мақсадларга эришишимизга ёрдам беришини тадбир ишрокчиларига айтиб ўтди.
Изоҳ қолдириш