Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи бўйича маълумот берди

Молия вазирлиги Ўзбекистоннинг давлат қарзи бўйича маълумот берди

Молия вазирлиги 2021 йил биринчи ярим йилликда Ўзбекистон давлат қарзи ҳолати ва динамикасига оид маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, биринчи ярим йилликда давлат қарзи йил бошига нисбатан 858,6 млн долларга ёки 3,7 фоизга ошиб, 1 июль ҳолатига жами 24,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38,5 фоизни ташкил этган.

Давлат ташқи қарзи қолдиғи йилнинг биринчи чорагига нисбатан 800 млн долларга кўпайиб, 21,8 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 34,7 фоиз) ташкил этган. Шундан ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи — 15,4 млрд доллар, давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи — 6,4 млрд долларга тенг.

Давлат ички қарзи қолдиғи ҳам биринчи чоракка нисбатан 200 млн долларга ошганлиги кузатилиб, 2,4 млрд долларни (ЯИМга нисбатан 3,8 фоиз) ташкил этган. Шундан давлат қимматли қоғозлари бўйича қарз қолдиғи — 3,17 трлн сўм ҳамда давлат кафолати остида жалб қилинган ва давлат бюджетидан қайтариладиган ички қарз қолдиғи — 2,1 млрд долларга тенг.

Вазирлик биринчи ярим йилликда давлат қарзи қолдиғи 858,6 млн долларга ошишини «Ўзбекистон Республикаси номидан ва давлат кафолати остида инвестиция лойиҳаларини ва давлат бюджети дефицитини молиялаштириш учун ташқи ва ички манбалардан жалб қилинган қарз маблағларининг ўзлаштирилиши, қарз мажбуриятлари бўйича асосий қарзнинг сўндирилиши ҳамда давлат қарзи портфели таркибидаги валюта курсларидаги ўзгаришлар» билан изоҳлаган.

Натижада:

– Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 363,4 млн долларга ошди;

– давлат кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз қолдиғи 319,1 млн долларга ошди;

– давлат томонидан кафолатланган ҳамда давлат бюджетидан қайтариладиган ички мажбуриятлар қолдиғи 250,8 млн долларга ошди;

– Ўзбекистон Республикаси номидан 2 240,9 млрд сўмлик давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиниши ҳамда 3 020,0 млрд сўм миқдоридаги ДҚҚ сўндирилиши натижасида ДҚҚ бўйича қарздорлик қолдиғи 779,1 млрд сўмга камайди;

– давлат ташқи қарзи портфели таркибида 11,7 фоизни ташкил қилувчи валюта — Япония иенаси 2021 йилнинг январь-июнь ойларида АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди.

Давлат қарзи иккинчи чоракда биринчи чоракка нисбатан 1 млрд долларга ошганлигига қарамай, унинг ЯИМга нисбати ҳар икки чорак натижаларига кўра пасайиш тенденциясини намоён қилган.

Хусусан, Давлат статистика қўмитасининг янгиланган маълумотлари асосидаги ҳисоб-китобларга кўра, давлат қарзи қолдиғининг ялпи ички маҳсулотга нисбати 2021 йил бошида 38,9 фоизни, биринчи чорак якунлари бўйича 38,6 фоизни ва биринчи ярим йиллик якунлари бўйича 38,5 фоизни ташкил этди.

Мазкур тенденциянинг шаклланиши, асосан, мамлакатимизда иқтисодий ўсиш суръатларининг ошиб бориши, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларининг қайта кўриб чиқилиши ва бошқа қатор омиллар билан боғлиқлиги қайд этилган. Хусусан, биринчи ярим йилликда давлат қарзи қолдиғининг ўсиш суръати — 3,7 фоизни ташкил этган бўлса, мос даврда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати — 6,2 фоизни (АҚШ долларидаги номинал ўсиш суръати — 11,4 фоизни) ташкил этган.

Давлат қарзини ўзлаштириш йўналишлари

Қайд этилишича, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон номидан ёки давлат кафолати остида янги жалб қилинадиган қарзи ҳажмига йиллик лимитларни қонуний белгилаш амалиёти жорий қилинди. Хусусан, «2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунга мувофиқ 2021 йил учун Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида ички ва ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик янги битимларнинг чекланган соф ҳажми 5,5 млрд АҚШ доллари, шундан Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун — 2,2 млрд АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун — 3,3 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланган.

2021 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон номидан умумий қиймати 972 млн доллар миқдоридаги 8 та ташқи қарз битими имзоланган.

Жумладан:

– бюджетни қўллаб-қувватлаш учун — 330 млн доллар;

– соғлиқни сақлаш, аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация билан таъминлаш, чорвачилик, кимё саноатини ривожлантириш ва бошқа муҳим ижтимоий ва стратегик аҳамият касб этувчи лойиҳаларни молиялаштириш учун — 642,0 млн доллар.

Мазкур маблағлар нуфузли халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли шартлардаги узоқ муддатли (40 йилгача) кредитлари ҳисобидан жалб қилинган.

2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикасининг кафолати тақдим қилинмаган. Январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси номидан умумий қиймати 2,24 трлн сўм миқдорида давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилган.

Давлат ташқи қарзининг тармоқлар кесимида тақсимоти

Биринчи ярим йиллик якунига кўра жами давлат ташқи қарзининг 21,6 фоизи (4,7 млрд доллар) давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 14,1 фоизи (3,1 млрд доллар) электр-энергетика соҳасига, 12,5 фоизи (2,7 млрд доллар) энергетика соҳасига, 11,6 фоизи (2,5 млрд доллар) транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9,2 фоизи (2,0 млрд. Доллар) уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган.

Давлат ташқи қарзи кредиторлар кесимида

Ўзбекистон Республикасининг халқаро молиявий институтлардан жалб қилган ташқи қарз портфели ҳажми 10,2 млрд. долларни ташкил этиб, мазкур кредитлар узоқ муддат ҳамда имтиёзли фоиз ставкаларида тақдим этилган.

Қайд этиш керакки, давлат ташқи қарзининг манбалари диверсификацияси таъминланган бўлиб, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига давлат ташқи қарзининг 45,1 фоизи тўғри келади.

Ўзбекистон Республикасининг асосий кредиторлари Хитой эксимбанки, Хитой давлат тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқа мамлакатларнинг хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келиб, асосан турли инвестицион дастурларни давлат кафолатлари остида молиялаштирилиши учун қарз маблағлари жалб этилган.

Кредиторлар олдидаги қарздорлик бўйича харажатлар давлат корхоналари томонидан инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш натижасида тушган маблағлар ҳисобидан сўндирилиши кўзда тутилган.

Давлат ташқи қарзининг валюта таркиби

Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 70,3 фоизи – АҚШ доллари, 11,7 фоизи - Япония иенаси, 9,2 фоизи – SDR (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,7 фоизи – Евро, 0,9 фоизи – сўм, 3,2 фоизи - бошқа валюталардаги ташқи қарз ҳиссасига тўғри келади.

Давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари 1,1 млрд долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 47% бандга ошган.

Хусусан, давлат ташқи қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 212,5 млн доллар (асосий қарз тўловлари — 131,9 млн доллар, фоиз тўловлари — 80,6 млн доллар) ва ички қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар 551 млн долларни (асосий қарз тўловлари — 472 млн доллар, фоиз тўловлари — 79 млн доллар) ташкил этган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар