Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбатида Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашдаги муаммолар ва имкониятлар таҳлил қилинган янги ҳисоботнинг хулоса ва тавсиялари тақдим этилди.
Тадбирда мамлакат ҳукумати томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
2021 йил ноябрь ойида Жаҳон банки Ўзбекистонда ёшларнинг ўрта ва олий таълимдан ишга ўтишда дуч келаётган қийинчиликлари, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича ҳукуматнинг амалдаги чора-тадбирлари таҳлилига бағишланган янги ҳисоботини эълон қилди. Шунингдек, тадқиқотда ёшларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида меҳнат бозорини ислоҳ қилиш бўйича тавсиялар берилган. Ҳисоботни ишлаб чиқишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, бошқа давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Жаҳон банки тадқиқотида таъкидланишича, Ўзбекистонда 24 ёшгача бўлган ёшлар сони 15 миллион, 29 ёшгача бўлган ёшлар эса 18 миллион нафарни ташкил қилади. Бу шахслар гуруҳи мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам имконият, ҳам муаммодир. Улар меҳнатга лаёқатли аҳолининг бошқа гуруҳларига қараганда ишга жойлашишда жиддийроқ тўсиқларга дуч келишади, шунингдек, юқори даражадаги иқтисодий фаолсизлик ва меҳнат бозоридан норозиликни намоён этадилар. 16-24 ёшли ёшларнинг 24 фоизини, 16-29 ёшлиларнинг 26,4 фоизини ҳеч қаерда ўқимаётган ва ишламаётган ёшлар ташкил этади.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, ёш респондентлар мамлакатнинг қишлоқ жойларида иш ўринларининг етишмаслиги ва ишчи кучига талабнинг пастлигини бандлик соҳасидаги асосий муаммолар сифатида кўрсатишган. Аксарият ёшлар расмий рўйхатдан ўтказилмасдан ва меҳнат дафтарчасини очмасдан ишга қабул қилинади. Ёшлар иш ҳақи кутилган даражасига нисбатан пастлигидан шикоят қиладилар.
Ижтимоий стереотиплар ва маданий меъёрлар ёш аёлларнинг иқтисодий фаолиятда иштирок этишига, уларнинг бандлик имкониятларига эга бўлишига ва меҳнат учун ҳақ тўлашда гендер тафовут юзага келишига чуқур таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, ёшлар ҳам, иш берувчилар ҳам кўникмаларнинг талаб қилинган профессионал тайёргарлик даражасига сезиларли даражада мос келмаслиги ва кўникмалардаги бўшлиқлар борлигини айтиб, уларнинг ишга қабул қилиш ва ишдан қониқишга таъсир қилишини таъкидлашди. Камдан-кам корхоналар малакалардаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида ўзларининг ёш ходимлари учун ўқиш имкониятларини яратадилар. Олий ўқув юртлари битирувчиларига талаб юқори, бироқ олий таълим олиш имконияти чекланганлигича қолмоқда. Шунингдек, ёш респондентлар талабалар ва иш изловчилар ўзларининг касбий танловларини амалга оширишлари учун меҳнат бозори ҳақидаги маълумотлар ҳар доим ҳам мавжуд эмаслигини таъкидлашди.
“Ёшларни иқтисодиётдаги иштироки даражасини ошириш дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун устувор вазифа ҳисобланади. Меҳнат бозорига биринчи маротаба кириб келаётган 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар узоқ муддатли меҳнат кўникмаларини шакллантирадилар, биринчи доимий меҳнат фаолиятига жойлашадилар. Бу ёш тоифасида Ўзбекистонда бандлик даражаси 30,9 фоизни ташкил этади. Айни пайтда бу кўрсаткич Россия Федерациясида 27 фоиз, Еврозонада эса 32 фоиз даражасига тўғри келади. Ишлаб чиқилган бандлик миллий стратегияси доирасида биз 2030-йилга бориб ёшларнинг касб-ҳунарга ўқитиш билан қамраб олинишини ҳар йили 200 минг кишига етказишни режалаштирмоқдамиз, яратилаётган иш ўринлари эса 300 мингдан ортиқ ёшларни иш билан таъминлашга хизмат қилади”, — деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов давра суҳбатидаги кириш сўзида.
Тадбир давомида Жаҳон банки экспертлари томонидан ҳисобот таҳлили асосида тавсиялар тақдим этилди. Мутасаддилар ушбу тавсияларни ёшларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш ва уларни меҳнат бозорида қўллаб-қувватлашга қаратилган мавжуд дастурлардан хабардорлигини ошириш учун кўриб чиқишлари мумкин бўлади.
Ҳисоботда ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукуматнинг бошқа чора-тадбирлари қаторида қуйидагиларни ҳам амалга ошириш таклиф қилинган:
- иш ҳақи ва ёшларни касбга ўқитишни субсидиялаш каби меҳнат бозоридаги қўллаб-қувватлаш чораларини баҳолаш, ислоҳ қилиш ва кенгайтириш;
- кўникмаларни ривожлантириш ва бошланғич капитал тақдим этиш орқали ёш тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишга кўмак кўсатишни кенгайтириш;
- мактаблар ва касб-ҳунар таълими марказларида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) кўникмаларига устувор аҳамият бериш орқали ёшларда уларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
- секторлар ва ҳудудлар орасида касбий ва меҳнат мобиллигидаги тўсиқларни бартараф этишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
- уюшган (хавфсиз ва самарали) меҳнат миграциясига кўмаклашиш.
Ҳисоботда талабга йўналтирилган ёшларни иш билан таъминлаш дастурлари, жумладан, амалиёт ўташ, касб-ҳунарга ўргатиш ва ёшларга учун иш ҳақини субсидиялаш каби чоралар самарадорлигини ошириш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланган. Шунингдек, касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқув дастурларини меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда янгилаш мақсадида иш берувчилар ва таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тавсия этилади.
"Ўзбекистон аҳолисининг аксарият қисми ёшлардан иборат. Кўпроқ сифатли иш ўринларини яратиш лозим, айниқса, аёллар ва ёшлар учун. Бу мамлакатга аҳоли сонининг ўсишига тайёр бўлиши ва ўзининг улкан мақсадларига – камбағалликни икки баравар камайтириш, шунингдек, 2030-йилга бориб даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш – эришиши учун имконият беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшларига иш қидиришда рақобатбардош бўлишлари учун замонавий бозор иқтисодиётида талаб қилинадиган билим ва кўникмалар, меҳнат бозоридаги муносабатларни тартибга солиш бўйича самарали тизимлардан фойдаланиш имконияти ҳамда ўз-ўзини иш билан таъминлаш учун қулай ишбилармонлик муҳити зарур. Бугун тақдим этилган ҳисобот келажакда ёшларнинг иш билан таъминланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳукумат чора-тадбирларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшади, деб умид қиламан”, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.
Изоҳ қолдириш