Давлат статистика қўмитаси 2021 йилги маълумотларига кўра, ҳудудлар бўйича аҳолининг шифокорлар билан таъминланганлик даражасининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида кузатилди.
Ўзбекистон бўйича 10 000 аҳолига нисбатан шифокорлар билан таъминланганлик даражаси ўртача 27 нафарни ташкил этади.
Республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори таъминланганлик Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қайд этилди. Наманган, Қашқадарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса аҳолининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси мос равишда 18,2, 17,9, 16,1 ва 15 нафарни ташкил этди.
Ҳудудлар бўйича аҳолининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси
Наманган вилояти туманлар кесимида 2020 йилги соғлиқни сақлаш бўйича кўрсаткичлар таҳлил қилинганда, вилоятда жами фаолият юритган тиббий муассасалари 108 та, шундан 44 та шифохона Наманган шаҳрида жойлашган. Мазкур шифохоналарда беморлар учун 12244 та ўрин ажратилган. Амбулатор-поликлиникалар сони жами 333 та бўлиб, Наманган шаҳрида 89 та ва Норин туманида 14 тани ташкил этади. Наманган вилоятида сўнгги йилларда оналар ўлими сони қисқариб, Республика бўйича энг кам ўлим (4 та) ҳолати қайд этилган ҳудудлардан бирига айланди.
Гўдаклар ўлими кўрсаткичи ҳар 1000 нафар тирик туғилган гўдакка нисбатан 10,6 нафарни ташкил этиб, Республикадаги ўртача кўрсаткичдан юқори ҳисобланади. Вилоятнинг шаҳар ҳудудларида гўдаклар ўлими кўрсаткичи (12,0 нафар) қишлоқ ҳудудларига (7,8 нафар) нисбатан юқори эканлиги қайд этилди. 5 ёшгача болалар ўлими ҳолатлари кўрсаткичи-1000 нафар тирик туғилган болага нисбатан шаҳар ҳудудларида 16,0 ва қишлоқ жойларида 10,8 нафарни ташкил этади.
Республика бўйича кам вазнли болалар улуши жами кўрикдан ўтказилганларга нисбатан 0,9%ни ташкил этса, Наманган вилоятида бу кўрсаткич нисбатан юқори (1,1%) эканлиги кузатилди.
Вилоятда 5 221 нафар шифокор жами 2 810,8 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шифокорлар билан таъминланганликнинг энг юқори даражаси Наманган шаҳри (37,6 нафар) ва энг паст даражаси Наманган тумани (9,1 нафар)да кузатилган.
Шунингдек, Учқўрғон, Поп ва Мингбулоқ туманларида 10 000 нафар аҳолига нисбатан шифокорлар билан таъминланганлик даражаси мос равишда 18,2; 17,1 ва 15,2 нафарни ташкил этади. Шифокорлар билан таъминланганлик даражаси Тўрақўрғон (11,3 нафар), Косонсой(11,1 нафар) ва Уйчи(10,9 нафар) туманларида қайд этилган. Вилоятнинг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси Албаниядаги мазкур кўрсаткичга яқин ҳисобланади.
Туман(шаҳар)лар бўйича аҳолининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси
Аҳолининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси нафақат сифатли тиббий хизматни таъминлайди, балки иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатувчи инсон капиталининг ажралмас бўлаги ҳисобланади.
Тадқиқотлар кўрсатадики, бошқа омиллар ўзгармаганда, аҳолининг ўртача ҳаёт давомийлиги 50 ёшдан 70 ёшгача ортиши иқтисодий ўсиш суръатини йилига 1,4 пунктга ўсишини таъминлайди.
Шоирахон Нурдинова
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Наманган филиали бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш