Навоий вилоятининг 4 та ҳудуди коронавирус ўчоғига айланди, Шофиркон қизил ҳудудга киритилди

Навоий вилоятининг 4 та ҳудуди коронавирус ўчоғига айланди, Шофиркон қизил ҳудудга киритилди

Сўнгги кунларда республикамизнинг бир қанча ҳудудлари қатори, Навоий вилоятида ҳам аҳоли орасида касалликка чалинаётганлар кўпаймоқда.

Юқори малакали шифокорлар, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирург ҳамда врач-лаборант каби қатор мутахассислардан иборат махсус гуруҳ вилоятга юборилди. Улар маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Айни пайтда вилоятда 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугунги кун ҳолатига кўра, улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар беморга шифокорлар томонидан даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин. Жумладан, биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинчи ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудда карантин қоидаларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.

Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, асосий ўчоқ бўлмиш, Зарафшон шаҳри “қизил” ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, жорий йил 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан жорий йил 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.

Шунингдек, Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани ҳам "қизил" ҳудудга киритилди ва 28 майдан ушбу ҳудудга кириб-чиқиш тўхтатилди.

27 май куни Шофиркон туманида битта оилага мансуб 7 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланганди. Беморлар билан мулоқотда бўлганлардан дастлабки тест намуналари олинмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар