"Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғриси"да Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Ҳужжатдаги тадбирлар амалга оширилиши натижасида 45,4 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс замонавий реабилитация ва бошқа воситалар билан таъминланади. Хусусан:
- эшитиш қобилияти заиф бўлган болаларни даволаш мақсадида мактабгача ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги 1 000 нафар бола учун 2021 йилда 2 мингта замонавий эшитиш воситалари харид қилинади;
- сотиб олинадиган 260 та кохлеар имплантларига қўшимча равишда 355 та имплантлар сотиб олинади, улар 5 ёшгача бўлган болаларга жарроҳлик амалиёти орқали ўрнатилади;
- 2021 йилда қўшимча 2 000 нафаргача, 2022 йилдан бошлаб эса ҳар йили 3 минг нафаргача болада туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилади;
- болаларнинг туғма, патологик ва орттирилган мушак-скелет тизимида ўзгаришлар ва деформацияларни даволаш мақсадида:
- ҳар йили 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим тўпламлари сотиб олиниб, уларда сколиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси бўйича жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади;
- бир йилда ўртача 140 нафар бемор болада кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун 150 та махсус пластиналар харид қилинади;
- болалардаги церебрал фалажлик (ДЦП), шунингдек, умуртқа поғонасида патологик синиш бўлган болаларда мустақил юриш қобилиятини қайта тиклаш учун 54 та замонавий экзоскелет ускунаси харид қилинади ва бошқалар;
- ногиронлиги мавжуд шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида 2021–2025 йилларда 11,6 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс электро-пультли ногиронлар кресло-аравачаси билан босқичма-босқич таъминланади;
- ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар соғлиғининг кескин ёмонлашуви, турли даражадаги жароҳатлар ва фавқулодда вазиятларда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион тизими жорий қилинади. Жумладан, махсус функцияларга эга “Ақлли соат” ёрдамида автоматик тарзда дарҳол хабар юбориш йўлга қўйилади. Бунда, 2021 йилда 5 мингтагача ва 2022–2023 йилларда 12 мингта “Ақлли соат” Давлат бюджети ҳисобидан етказиб берилади;
- протез-ортопедия ва зарур воситаларга шаффоф электрон навбат тизимини яратиш, яроқлилик муддатини назорат қилиш, мавжуд эҳтиёжни аниқлаш ва ўз вақтида таъминлашга қаратилган “Ижтимоий хизмат” ихтисослаштирилган электрон платформаси 2022 йил 1 майга қадар йўлга қўйилади.
Изоҳ қолдириш