Нуронийларимиз доимо ёшларга ўрнак бўлиши керак

Нуронийларимиз доимо ёшларга ўрнак бўлиши керак

Айни шу мақсадда яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳалла тузилмасини янгидан ташкил этиш борасидаги Қарори қабул қилинди. Халқона қадриятлар, каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсатиш ва ўзаро оқибатли муносабатлар воситасида фаровон турмушга эришиш – бугун фаолият бошлаган янги тузилманинг асосий тамойили десак, тўғри бўлади.

Жиззах вилоятида маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг ташаббуси билан тизимли тадбирлар ташкил этилмоқда.

Фориш туманидаги Илонли қишлоғида истиқомат қилувчи Қобил бобо Олқоров бу йил 85 ёшни қарши олади. Ўтган асрнинг айни қаҳатчилик йилларида туғилиб, умри таёқ ушлаб, туёқ орқасида ўтган Қобил бобо йигитлик чоғидаёқ чорвадор бўлиб ном чиқарган, элда азизлик мартабасига эришган. 44 ёшида “Меҳнат қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган. Қаричиликнинг нуқси юзу кўзда билинса-да, Қобил бобо бир вақтлар айни қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим олгани, онгли умрини заҳматли меҳнат билан ўтганидан асло армон қилмайди, аксинча, ҳаётий мисоллар воситасида буни ёшларга тушунтириб беришдан асло чарчамайди. Зотан, 10 фарзандни оқ ювиб оқ тараган, 80 дан зиёд невара-эвараларнинг бобоси бўлган Қобил бобонинг ҳаёт ҳақиқати бугунги авлод учун ўрнак, истиқбол қадамларига мустаҳкам замин.

Қобил бобо сингари инсонлар – оилаларимизнинг бебаҳо давлати, юртимизнинг файзи шукуҳи. Нуронийлар тажрибасини ёшлар тарбияси учун боғча ёшиданоқ қўллаш, уларга тўғри йўл кўрсатишимиз керак. Айни мана шу мантиққа асосланган маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизими ёшлар ҳаётининг барча босқичларини қамраб олган.

Ватанни севиш, уни асраб авайлаш – бу энди ўзбекона тарбиянинг асоси. Нуроний отахон-онахонлар ва ёшлар суҳбати Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнлари, Мустақиллигимизнинг илк йилларидаги қийинчиликлар, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамалакатимизда инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида бўлди. Қайд этиш керак, маҳаллалар тараққиёти ва ёшлар тарбиясини зиммасига оладиган катта авлод вакилларининг соғлигига эътибор қаратиш, тетик ва бардам юришларига кўмак бериш алоҳида тиббий-ижтимоий тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Энг муҳими, фикр бир жойдан чиқса, ҳамжиҳат бўлинса, оғирликлар ортда қолади. Ҳудуд тараққиётида барометр бўладиган маҳалла ҳаёти, Жиззах шаҳри Олмазор маҳалласи мисолида айтганда, раис бошчилигида ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика нозири ҳамда хотин-қизлар фаолининг ўзаро ҳамфикр иш олиб боришлари билан белгиланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жойларда амалга оширилган ишлар баробарида фуқарларни ташвишга солаётган ва ечимини кутиб турган масалалар етарли. Мисол учун, Дўстлик туманидаги 63 та кўпқаватли уйларда 888 та, 23 та эски барак уйларда 140 хонадон истиқомат қиладиган “Чинобод” маҳалласи аҳолиси билан мулоқотларда кўпқаватли уйлар атрофидаги инфратузилма объектлари қурилиши ниҳоясига етказилмаганлиги аён бўлди. Қарс икки қўлдан чиқсагина, аҳоли кайфиятидаги боқимандалик, эътиборсизлик кайфияти йўқолсагина, ташаббуслар самарадор бўлади.

Комплекс тадбирлар доирасида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошчилигидаги тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Арнасой туманидаги Чинобод ва Бобур номли, Зарбдордаги Андижон номли қишлоқлар каби марказдан олис ва энг чекка, шароити нисбатан оғир 16 та аҳоли яшаш манзилида ўтказган ўрганишлари давомида фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиниб, аниқланган 200 дан зиёд ижтимоий муаммоларга ечим белгиланди.

Ҳаёт ва турмуш муаммолари ечимига қаратилган ана шундай ишлар Сирдарё вилоятида ҳам татбиқ этилмоқда. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш вазирлиги бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятитдаги ўткир муаммолар аниқланган 20 дан зиёд олис ҳудудларида бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказди. Одамлар кўз ўнгида турмуш учун салбий таъсирга эга ҳолатларни тезда бартараф этишнинг аниқ муддатлари белгиланди. Мисол учун Сардоба туманининг марказдан узоқ “Файзлиобод” маҳалласига элтувчи тузукроқ йўлнинг ўзи йўқ, электр таъмирноти эса лўнда айтганда таъмирталаб, яъни электр таъминоти устунлари алмаштирилиши, юқори кучланиш талаб этиладиган жойлардаги кам қувватли нимстанциялар алмаштирилиши керак. Бу ишлар маҳалла масъуллари ва Президент халқ қаблхоналари назорати остида август ойигача тўлиқ якунланадиган бўлди. Соатлар ўтмасдан ишлаб бошланди, қурилиш материаллари келтирилиб, таъмирлаш ишлари кенг кўламда бошлаб юборилди. Аввал 15 километрга яқин ички йўллар ва яна шунча тротуарлар қуриладиган бўлди. Бир вақтнинг ўзида электр ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам ишлар бошланди.

Ҳа, шарқона тарбия шундай – катта авлод доимо ўрнак бўлиши керак. Ҳар бири ёшлигида ўз касбининг устаси бўлиб, катта тажриба тўплаган бу нуронийларнинг ёшларга айтар сўзи бор.

Бугун ёшлар масаласида давлат ташаббуслари катта имкониятларни тақдим этаётгани бор гап. Нуронийларга эътибор, ёшлр тарбияси ва келажагиг масъуллик, энг муҳими, аҳоли фаровонлиги. Мана шу устувор мақсадлар маҳалла шароитида ёрқин истиқбол учун асос бўлиб хизмат қилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар